Ўмонда Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди
Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид “Ал-Аълам” саройида учрашув ўтказдилар.

Масқат шаҳридаги “Ал-Аълам” саройида давлат ташрифи билан Ўмон Султонлигига келган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Саройга яқинлашганда, давлатимиз раҳбари ва Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид ўтирган автомобилни отлиқ фахрий қоровул кутиб олди ва кузатиб келди.
Олий мартабали меҳмон шарафига тўплардан 21 маротаба тантанали ўқ узилди. Сарой олдидаги майдонда фахрий қоровул саф тортди.

Давлат раҳбарлари шоҳсупага кўтарилдилар. Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янгради.
Етакчилар икки мамлакат расмий делегациялари аъзоларини қутладилар.
Тантанали маросимдан сўнг саройда олий даражадаги учрашув бошланди.
Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид “Ал-Аълам” саройида учрашув ўтказдилар.

Ўмон Султони давлатимиз раҳбарини самимий қутлаб, мазкур ташриф икки мамлакат халқлари манфаатларига хизмат қилишини таъкидлади.
Президентимиз юксак эҳтиром ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик изҳор этиб, ташриф ўзаро муносабатларни янада юқори босқичга олиб чиқиш йўлида муҳим қадам бўлишига ишонч билдирди.
Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги муносабатлар кейинги йилларда фаол ривожланиб, сиёсий мулоқот мустаҳкамланаётгани, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар изчил кенгайиб бораётгани қайд этилди.





