"Бизда ишдан кетилмайди, лавозим ўзгаради" — Шоҳруҳ Ғиёсов матбуот котиблигидан олинганига изоҳ берди
"Бизда раҳбарларнинг вазифаси ҳар 5 йил муддатда ўзгаради, аслида. Иншааллоҳ, биз ҳам кўтарилиб кетармиз. Қаерга хизматга жўнатишса, ўша ерда ишлаймиз", — деди собиқ ИИВ матбуот котиби қисқа суҳбатда.

Аввалроқ Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов лавозимидан олингани хабар қилинган эди. Мазкур хабар тарқалгандан сўнг, ижтимоий тармоқларда унинг ишдан кетиши билан боғлиқ бир қанча тахминлар айтилди.
Жумладан, блогер Жаҳонгир Латипов билан сал аввал Ички ишлар вазирлигидан тайёрланган кўрсатув ҳам сабаб қилиб кўрсатилди. Шундан сўнг Латипов собиқ матбуот котибига қўнғироқ қилиб, ундан ишдан кетиш сабаби ва бунга ўзи тайёрлаган репортажнинг алоқаси бор-йўқлигини сўради. Икки томонлама телефон суҳбати блогер томонидан эълон қилинди.
Шоҳруҳ Ғиёсов блогернинг саволини кулги билан қарши олди ва тарқалган тахминларни рад этди.
"Сизнинг кўрсатувингиз "плюс" бўлса бўлдики, "минус" бўлмади. Ўша лавҳангиздан сўнг бир нечта ходимлар, аксинча, кўтарилиб кетди.
Бизда ишдан олинмайди, лавозим ўзгаради. Бизда раҳбарларнинг вазифаси ҳар 5 йил муддатда ўзгаради, аслида. Иншааллоҳ, биз ҳам кўтарилиб кетармиз. Қаерга хизматга жўнатишса, ўша ерда ишлаймиз", — деган собиқ ИИВ матбуот котиби.
Маълумот учун, Шоҳруҳ Ғиёсов 2019 йил 10 октябрда Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи — ички ишлар вазирининг матбуот котиби этиб тайинланганди.
Ғиёсов ички ишлар органларидаги фаолиятини 1996 йилдан бошлаб, шу кунга қадар турли лавозимларда хизмат қилиб келган. Мазкур лавозимга тайинлангунга қадар ИИВ Халқаро ҳамкорлик бошқармасига раҳбарлик қилган. Юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга.





