ИИВ аҳолига кўмир ва газ етказиб беришни назорат қилади
Маълум қилинишича, сўнгги бир ойда кўмирни ноқонуний сақлаш ва сотиш билан боғлиқ 16 та ҳолат аниқланиб, 333,5 тонна кўмир мусодара қилинган ва аҳолига етказилган. Шунингдек, суюлтирилган газ билан боғлиқ 374 та қонунбузарлик аниқланган.

Ўзбекистонда куз-қиш мавсумида аҳолига газ ва кўмирнинг ўз вақтида ва тўлиқ етказиб берилиши, шунингдек, уларнинг талон-торож қилинишига йўл қўймаслик устидан назорат кучайтирилади. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов иштирокида ўтказилган йиғилишда суюлтирилган газ баллонларини белгиланган график асосида етказиш, аҳолидан асоссиз тўлов талаб қилиш ва маҳсулотни меъёрдан кам бериш ҳолатларининг олдини олиш бўйича топшириқлар берилди.
Маълум қилинишича, сўнгги бир ойда кўмирни ноқонуний сақлаш ва сотиш билан боғлиқ 16 та ҳолат аниқланиб, 333,5 тонна кўмир мусодара қилинган ва аҳолига етказилган.
Шунингдек, суюлтирилган газ билан боғлиқ 374 та қонунбузарлик аниқланиб, 9 139 та газ баллони ва қарийб 93 тонна суюлтирилган газ ноқонуний муомаладан олинган.
Ўтган бир ой давомида амалга оширилган ишлар натижасида аниқланган коррупциявий ҳолатларга эътибор қаратилди.
Жумладан, кўмир маҳсулотини ноқонуний сақлаш ва ўтказиш билан боғлиқ жами 16 та ҳолатлар аниқланиб, жами 333 тонна 540 кг кўмир маҳсулотлари ноқонуний муомаладан мусодара қилиниб, аҳолига эҳтиёжлари учун етказилди.
Шунингдек, суюлтирилган газни ноқонуний сақлаш, ўтказиш билан боғлиқ жами 374 та ҳолат аниқланиб, ноқонуний муомаладан жами 9 139 дона газ баллонлари ҳамда 92 тн 936 кг суюлтирилган газ мусодара қилиниб, аҳоли истеъмоли учун қайтариш чоралари кўрилди.
Масалан, ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида жорий йилнинг октябрь ойида Самарқанд вилоятида “Пастдарғомтумангаз” газ таъминоти корхонаси ходимлари олдиндан жиноий тил бириктириб, аҳоли истеъмоли учун ажратилган углеводород гази тўлдирилган маиший газ баллонларини махсус транспорт воситалари ёрдамида талон-тарож қилаётганликлари аниқланиб, қиймати 32 млн сўмлик жами 3 тонна 100 кг углеводород газ маҳсулотлари мусодара қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан “Пастдарғомтумангаз” газ таъминоти корхонаси ходимларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда ҳолатнинг бошқа тафсилотлари аниқланмоқда.
Масъулларга газ тўлдириш шохобчалари, омборлар ва тақсимлаш базаларида назоратни кучайтириш, энергетика ресурсларини ташиш ва тарқатишда талон-торожликнинг олдини олиш вазифаси юклатилди.





