"Заправка"ларда маиший газ баллонларини тўлдирганлик учун жавобгарлик белгиланди
Бундай ҳолатлар БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Ёнғин хавфсизлиги талабларини бузганлик учун қатор жавобгарлик чоралари белгиланди.

Қонун (1186-сон, 02.11.2026 й.) билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, объектларни қуриш учун ер участкаларини ажратиш, лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва қурилиши тугалланган объектни фойдаланишга қабул қилиш тартиб-таомилларини амалга оширишда:
- ваколатли орган ҳамда хулоса берувчиларнинг зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни бажаришига ўз мансаб ваколатларидан фойдаланиб, қонунга хилоф равишда аралашиш:
- БҲМнинг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Суюлтирилган углеводород газини истеъмолчиларга автомобилларга газ қуйиш шохобчалари томонидан маиший газ баллонларида бериш:
- БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Бозорлар, савдо комплекслари ва савдо-кўнгилочар марказлари мулкдорларининг учинчи шахслар ҳаёти ва (ёки) соғлиғига ёнғин юзага келиши натижасида зарар етказганлик учун ўзининг фуқаролик жавобгарлигини, шунингдек ушбу объектларни ёнғиндан мажбурий суғурта қилиш бўйича мажбуриятини бажармаслиги:
- мансабдор шахсларга БҲМнинг 50 бараваридан 75 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ёнғин аудитини ўтказишга оид қонунчиликда белгиланган талаблар ва шартларни бузиш:
- фуқароларга БҲМнинг 15 баравари, мансабдор шахсларга эса 30 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.





