Рейдларда 3 мингдан зиёд ноқонуний ишлатилаётган газ баллонлари аниқланди
Жорий йилнинг 19-21 октябрь кунлари республика бўйича 120 дан ортиқ ҳолат фош этилиб, шундан 39 та ҳолатда газ идоралари ходимларининг бевосита алоқадорликлари аниқланди.

Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда “Ўзэнергоинспекция” ходимлари томонидан жойларда рейд тадбирлари ўтказилмоқда.
Жорий йилнинг 19-21 октябрь кунлари республика бўйича 120 дан ортиқ ҳолат фош этилиб, шундан 39 та ҳолатда газ идоралари ходимларининг бевосита алоқадорликлари аниқланди. Тадбирлар давомида ноқонуний муомалада бўлган 3 мингдан зиёд газ баллонлари ва уларда сақланаётган 13636 кг суюлтирилган газ маҳсулоти ашёвий далил сифатида олинди.
Хусусан, Жиззах вилоятида жами 9 та ҳолатда 239 та газ баллон сотиш мақсадида ноқонуний сақлаб келинаётганлиги фош бўлди.
Жумладан, муқаддам Зомин тумангаз таъминот бўлимида юқори лавозимлардан бирида ишлаган шахс ўзининг қариндошига тегишли хонадонда 152 та газ баллонни яширинча сақлаб келган.
Қўшни Сирдарё вилоятида ҳам шу каби ҳолатлар аниқланиб, биргина Ховос тумангаз бўлими мансабдорларидан бирининг уйидан ҳеч бир ҳужжатларсиз сақланаётган 30 дона газ баллони олинди.
Самарқанд вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Ургут тумангаз тўлдириш шохобчаси қоровули газ билан тўлдирилган 3 дона баллонни 2,5 млн сўмга сотаётган вақтида қўлга олинди.
Вилоятнинг Пастдарғом туманида яшовчи, 1972 й.т. фуқаронинг хонадони кўздан кечирилганда эса, ушбу манзилда газ билан тўлдирилган 22 та баллон борлиги маълум бўлди. Аниқланишича, у газ баллонларни тумангаз бўлими ҳайдовчисидан 70 минг сўмдан сотиб олиб, фуқароларга 100 минг сўмдан сотиш билан шуғулланган.
Фарғона вилоятида ҳам ҳамкорликдаги рейд тадбирлари ўтказилиб, Қўштепа тумангаз бўлими муҳандиси ҳамда чилангари аҳоли учун мўлжалланган 8 та газ баллонларини ўз яшаш хонадонларида ноқонуний сотиш мақсадида сақлаб келаётганликлари фош этилди.
Мамлакатимизнинг жанубий минтақаси ҳисобланган Сурхондарё вилоятида ўтказилган рейд тадбирларида ноқонуний сақловда бўлган жами 65 та газ баллон тегишли тартибда ҳужжатлаштирилди.
Жумладан, Бандихон туманида яшовчи 39 ёшли фуқаро тумангаз бўлими ҳайдовчисидан 70 минг сўмдан сотиб олган 32 та газ баллонни истеъмолчиларга қиммат нархларда сотиб, мўмай даромад топмоқчи бўлган.
Навоий вилоятининг Хатирчи тумангаз бўлими ҳайдовчисининг уйидан ҳам жами 26 та газ баллони процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Бу каби ноқонуний ҳолатлар Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Наманган ва бошқа вилоятларида ҳам аниқланди.
Таъкидлаш лозим, ушбу йўналишдаги рейд тадбирлари Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа мутассадди идоралар ҳамкорлигида мунтазам равишда ўтказиб борилади ҳамда қонунбузарларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади





