platina.uz
Tashkent Content Market — 4–5 fevral 2027, tcm.uz
Жамият

Ўзбекистон бўйлаб суюлтирилган газни талон-торож қилаётганлар аниқланди

Пастдарғом туманида бир гуруҳ шахслар газ тарқатиш шохобчаси мансабдорлари билан тил бириктирган ва суюлтирилган газни "заправка"га сотишган. 

Ўзбекистон бўйлаб суюлтирилган газни талон-торож қилаётганлар аниқланди

Табиий газ тармоқларига уланмаган аҳоли учун ажратилган суюлтирилган газни талон-торож қилинишига йўл қўймаслик мақсадида ДХХ, ИИВ, БП, ФВВ, “Ўзэнергоинспекция” ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ҳамкорлигида республика бўйлаб рейд тадбирлари ўтказилмоқда.

Жумладан, Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида бир гуруҳ шахслар газ тарқатиш шохобчаси мансабдорлари билан тил бириктирган ҳолда, ўзларига тегишли нотурар бинода 6 тонна ҳажмли цистерна ўрнатиб, аҳолига тарқатиш учун мўлжалланган суюлтирилган газ тўлдирилган баллонларни компрессор орқали ушбу цистернага бўшатиб, сўнгра уни ўзларига қарашли автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида ноқонуний сотиш билан шуғулланишган.

Текширув давомида ушбу манзилда қиймати 32,2 млн сўмлик 3,1 тонна суюлтирилган газ аниқланиб, ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштирилди.

Таъкидлаш лозим, 3,1 тонна суюлтирилган газ ўртача 150 та хонадоннинг 45 кунлик эҳтиёжини қоплайди.

Бундан ташқари, мазкур шахслар томонидан электр энергиясига ноқонуний уланиш орқали давлат манфаатларига 1 млрд сўмлик зарар етказилганлиги фош бўлди.

Ҳозирда аниқланган ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бошқа ҳолатда эса Қўшработ туманида яшовчи, 1993 й.т. фуқаронинг уйида 130 кг суюлтирилган газ билан тўлдирилган 35 та газ баллони ноқонуний сақланаётгани маълум бўлди.

Рейд тадбирлари Қорақалпоғистон Республикасида ҳам фаол тарзда амалга оширилаётган бўлиб, биргина Амударё тумангаз бўлими ишчиси ва 1969 й.т. фуқаронинг яшаш хонадонларида жами 23 та газ баллони борлиги аниқланди.

Хоразм вилояти Боғот тумангаз бўлимининг 3 нафар чилангари эса ўз танишларининг яшаш хонадонларида жами 300 кг суюлтирилган газ билан тўлдирилган 25 та газ баллонни қиммат нархларда сотиш учун сақлаб келишган.

Андижон вилоятида ўтказилган тадбирлар давомида 980 кг суюлтирилган газ тўлдирилган 243 та газ баллони қиммат нархда сотиш мақсадида ноқонуний сақланаётгани маълум бўлди.

Жумладан, Улуғнор тумангаз бўлими чилангарининг уйидан аҳоли учун мўлжалланган 17 та газ баллони, Шаҳрихон тумангаз бўлими чилангарининг хонадонидан эса 13 та газ баллони олинди.

Жиззах вилоятида кузатилган ҳолатда Янгиобод тумангаз таъминоти бўлими ҳайдовчиси ўзига таниш бўлган 2 нафар фуқаронинг яшаш хонадонларида жами 720 кг суюлтирилган газ тўлдирилган 57 та газ баллонни ноқонуний сақлаётганлиги ҳужжатлаштирилди.

Навоий вилояти Нурота тумангаз чилангари ва ҳайдовчиси эса ўзаро тил бириктириб, “Ҳудудгаз Навоий” ГТФ балансида бўлган ва суюлтирилган газ билан тўлдирилган 2 дона газ баллонни харидорга 280 минг сўмга сотаётган вақтларида ушланди.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid