"Вазият ўрганилмоқда": ИИВ SafeRoad бўйича баёнот берди
Ҳолат юзасидан ДХХ ҳузуридаги “Киберхавфсизлик маркази” давлат муассасаси ҳамда “AUTODOC” МЧЖ масъуллари томонидан ҳамкорликда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги SafeRoad иши бўйича расмий баёнот берди.
Ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг шахсга доир маълумотлари тарқалганлиги, жумладан, “AUTODOC” масъулияти чекланган жамияти томонидан ишлаб чиқилган ва операторлиги амалга ошириладиган “SAFE Service” (аввалги “Safe Road”) платформасига алоқадор маълумотлар ошкор бўлганлиги ҳақида хабарлар эълон қилинмоқда.
Мазкур хабарларнинг ҳаққонийлигини аниқлаш, тарқатилаётган маълумотларнинг келиб чиқиш манбалари ва уларнинг тарқалиш ҳолатларини ўрганиш, шунингдек, SAFE Service платформаси ҳамда бошқа тегишли ахборот тизимлари ва электрон платформаларда шахсга доир маълумотларнинг чиқиб кетиши билан боғлиқ ҳолатлар мавжуд ёки мавжуд эмаслиги текширилмоқда.
Жумладан, ҳолат юзасидан Давлат хавфсизлик хизмати ҳузуридаги “Киберхавфсизлик маркази” давлат муассасаси, Ички ишлар вазирлиги ҳамда “AUTODOC” МЧЖ масъуллари томонидан ҳамкорликда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Ўрганишлар якунлари бўйича аниқланган ҳолатлар, агар ахборот тасдиқланмаса, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва манбалари юзасидан қўшимча расмий ахборот тақдим этилади.
Аввалроқ SafeRoad фойдаланувчиларининг шахсий маълумотлари тарқалганини инкор этганди.





