Эркинжон Турдимов бешта ректорни ишдан олганини рад этди
Вазир ректорларга фақат огоҳлантириш берилганини билдирди.

Таълим ва фан вазири олий таълим муассасаларидаги 5 ректорни лавозимидан олгани ҳақида хабарни рад этди. Эркинжон Турдимов самарқандлик журналист Каримберди Тўрамуродга берган интервьюсида бу ҳақда гапирган.
Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, таълим ва фан вазири Эркинжон Турдимов 6 ноябрь куни ўтказган йиғилишда бир қатор университет ректорлари, хусусан, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори Илҳомжон Тўхтасинов ва Самарқанд давлат чет тиллари институти ректори Баҳодир Ҳолиқовни лавозимидан озод этгани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда тарқалганди. Вазир буни инкор этиб, ректорларга фақат огоҳлантириш берилганини билдирди.
“Аввало, мен ҳали бешта ректор эмас, биттасини ҳам ишдан олмадим. Йиғилишда бешта эмас, тўртта ректорни қаттиқ огоҳлантирдим. Вазирликда махсус ишчи гуруҳ тузилди. Бу масала билан ана шу катта ва нуфузли гуруҳ шуғулланади. Қайси ректор қолиш-қолмаслиги ишчи гуруҳнинг ҳаққоний хулосаси асосида бўлади”, деди Эркинжон Турдимов.
Унинг қайд этишича, мақталган институтнинг (журналист улар қайсилигини очиқламаган) сараланган 10 нафар талабасидан уларнинг билим даражасини аниқловчи стандарт тест олинган. Сараланган, ректорнинг ўзи энг аълочи талабаларим, деб олиб келган 10 талабанинг бирортаси уч баҳо ҳам ололмаган.
Аввалроқ ОАВда бешта ректор ишдан олингани хабар қилинганди.





