Марказий Осиё халқаро таълим форуми иш бошлади
Президент матбуот котиби Шерзод Асадов тадбирда иштирок этиб, Ўзбекистон раҳбарининг тадбир иштирокчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида “Марказий Осиё — таълим, фан ва инновацияларнинг янги макони” мавзусидаги Марказий Осиё халқаро таълим форуми ўз ишини бошлади.

Форумнинг расмий очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Коммуникациялар департаменти раҳбари — Президент матбуот котиби Шерзод Асадов иштирок этиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбир иштирокчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
“Қарийб 85 миллион аҳоли истиқомат қилаётган минтақамизнинг бебаҳо бойлиги бу – билимга чанқоқ, катта орзу-интилишлари билан яшаётган ёш авлодимиздир. Ана шу улкан демографик салоҳиятни қудратли интеллектуал кучга айлантиришда энг самарали йўл – сифатли, замонавий таълим ва тарбиядир.
Яқинда алоҳида Фармон қабул қилиб, мактабгача ва мактаб таълими, касбий ва олий таълим ҳамда илм-фан бошқарувини ягона тизимга бирлаштирдик. Шу тариқа бошланғич билим ва тарбия олишдан етук мутахассис ва олим бўлиб шаклланиш давригача бўлган маърифий босқичларнинг узвий боғлиқлигини таъминлашни мақсад қилганмиз.
Бизнинг бу соҳадаги стратегик мақсадимиз – Марказий Осиёни ўзаро ишонч ва дўстлик диёрига, илм-маърифат, юксак технологиялар ва инновациялар бирлашган умумий интеллектуал маконга айлантиришдир”.
Анжуманда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғиз, Тожикистон ва Туркманистон мамлакатларининг таълим вазирлари, шунингдек, қатор давлатларнинг таълимга масъул вакиллари, хорижий етакчи университетлар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ва экспертлар иштирок этмоқда.


Форум доирасида таълим тизимининг долзарб масалалари, олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари, илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, инновацион ишланмаларни қўллаб-қувватлаш ва халқаро академик алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинади.





