“Рақобат эмас, ҳамкорлик” — Марказий Осиё халқаро таълим форумининг асосий ғояси
Тадбир доирасида хорижий меҳмонларга “Study in Uzbekistan” платформаси ҳам тақдим этилади. Ушбу ташаббус Ўзбекистоннинг таълим хизматлари экспортини ошириш ва хорижий талабалар сонини кўпайтиришга қаратилган.

Ўзбекистонда ўтказилаётган Марказий Осиё халқаро таълим форумида 45 та давлатдан 300 дан ортиқ ташкилот раҳбарлари ва экспертлар, шунингдек, мамлакатимиз олий таълим соҳасидан 200 дан ортиқ ректор иштирок этмоқда.
Форумда таълим сифатини ошириш, академик мобилликни ривожлантириш, сунъий интеллектни таълим жараёнига интеграция қилиш, киберхавфсизлик ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинмоқда.
“Форумдан асосий кўзланган мақсад — ўзаро тажриба алмашиш, талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг академик мобиллигини ошириш, қўшма лойиҳаларни кўпайтириш ҳамда таълим соҳасида минтақавий интеграцияни ривожлантиришдан иборат. Бугун асосий эътибор рақобатга эмас, балки таълим кооперациясига қаратилмоқда”, — деди таълим ва илм-фан вазири ўринбосари Санжар Мирзалиев.
Қайд этилишича, тадбир доирасида хорижий меҳмонларга “Study in Uzbekistan” платформаси ҳам тақдим этилади. Ушбу ташаббус Ўзбекистоннинг таълим хизматлари экспортини ошириш ва хорижий талабалар сонини кўпайтиришга қаратилган.
Шунингдек, форумда академик ҳалоллик, талабаларнинг ижодий салоҳияти ва бандлигини таъминлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилмоқда. Тадбир якунида олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик келишувларини муҳокама қилиш ва қўшма баёнот имзолаш режалаштирилган.





