Марҳаматдаги қўшиб ёзиш ортидан корхона раҳбари жазога тортилди
Ҳозирда 837 нафар фуқаронинг электрон меҳнат дафтарчадаги ноқонуний маълумотлари ўчирилиши таъминланган.

Андижон вилояти Марҳамат туманидаги "Марҳамат агропилла" МЧЖ орқали 837 нафар фуқаро сохта ишга жойлаштирилгани ва бунинг оқибатида айрим фуқаролар Ижтимоий реестрдан чиқарилгани хабар берилганди.
Бандлик вазирлиги ҳолат юзасидан изоҳ берди.
Мазкур ҳолат 2025 йил май–октябрь ойларида содир бўлган бўлиб, Марҳамат туман прокуратурасининг 2026 йил 12 майдаги талабномаси асосида ўрганилган.
Ўрганиш давомида корхонада амалда ишламаган, меҳнат шартномалари тузилмаган 837 нафар фуқаро ҳақидаги маълумотлар корхона раҳбари А. Ахмедовнинг электрон калити орқали Ягона миллий меҳнат тизимига киритилгани аниқланган.
Амалдаги тартибга кўра, ходимларни ишга қабул қилиш ва улар ҳақидаги маълумотларни тизимга киритиш иш берувчининг ваколатига киради.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши судда кўриб чиқилиб, корхона раҳбари А. Ахмедов айбдор деб топилган ва унга 1 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Ҳозирда 837 нафар фуқаронинг электрон меҳнат дафтарчадаги ноқонуний маълумотлари ўчирилиши таъминланган.





