Андижондаги аянчли ЙТҲда 3 киши ҳалок бўлди, 4 киши шифохонага ётқизилди
Тупроқ ортилган «HOWO» русумли юк машинасининг тормоз тизимида носозлик юзага келган. Оқибатда ҳайдовчи транспорт воситаси бошқарувини йўқотган ва бир неча машина билан тўқнашган.

Андижон вилояти Булоқбоши туманида юк машинаси иштирокида оғир йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.
Оқибатда уч киши воқеа жойида ҳалок бўлди, яна тўрт киши шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар қилди.
Ҳодиса 2026 йил 10 октябр куни соат 09:40 ларда туманнинг «Нефтчилар» маҳалласидаги Кончилар кўчасида содир бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, «Нефтчилар — Кулла» йўналишида ҳаракатланаётган, 1978 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги тупроқ ортилган «HOWO» русумли юк машинасининг тормоз тизимида носозлик юзага келган. Оқибатда ҳайдовчи транспорт воситаси бошқарувини йўқотган.
Юк машинаси қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётган «Cobalt», «Nexia», «BYD Song Plus» ва «Nexia-2» русумли автомобиллар, шунингдек, йўлнинг ўнг томонида тўхтаб турган «Nexia-3», «Damas» ва «Matiz» билан тўқнашган. Ҳодиса оқибатида кўча бўйидаги дўконларга ҳам зарар етган.
ЙТҲ натижасида уч нафар фуқаро воқеа жойида вафот этган. «HOWO» юк машинаси ҳайдовчиси ва яна уч киши турли тан жароҳатлари билан туман шифохонасига ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Булоқбоши тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





