Пойтахтдаги хонадонда хорижликлардан ташкил топган жиноий гуруҳ фош этилди
Улар Call марказ ташкил этиб, мижозларнинг мол-мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишга қаратилган фаолият билан шуғулланиб келган. Бундан ташқари, 3 нафар чет эл фуқароси белгиланган тартибда лицензия олмасдан интернет крипто-биржалари орқали такроран крипто-активлар олди-сотдисини амалга ошириб келган.

Тошкентнинг Яккасарой туманидаги хонадонлардан бирида мижозларнинг мол-мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишга қаратилган фаолият билан шуғулланиб келган Call марказ фош этилди.
Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати эълон қилган видеолавҳада хабар берилди.
Айтилишича, хонадонларни ўрганиб юрган ички ишлар ходими бўш хонадоннинг олдидан ўтиб кетаётганида ундан фуқаро чиқиб қолганини кўриб, бўш хонадоннинг тоифасини ўзгартириш мақсадида фуқаро билан суҳбатлашган. У ходимга 1000 доллар пора таклиф қилган. Ички ишлар ходими жиноий гуруҳ аъзоси томонидан таклиф этилган порани олмаган.
Уй холислар иштирокида текширилганда ҳар бир хонада 4-5 нафар фуқаро борлиги, жами 23 нафар фуқаро ноқонуний яшаб келаётгани аниқланган.
Шундан сўнг Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан ташкил этилган тезкор тадбир давомида у ерда 80 та уяли алоқа воситаси, 21 та ноутбук, 6 та Wi-Fi роутери ва 22 та паспорт ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Тезкор тадбир давомида гуруҳнинг крипто-активлар билан боғлиқ фаолияти ҳам фош этилган. Хусусан, 3 нафар чет эл фуқароси белгиланган тартибда лицензия олмасдан интернет крипто-биржалари орқали такроран крипто-активлар олди-сотдисини амалга ошириб келган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 278- 8-моддаси 2-қисми тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Айни вақтда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.





