"Адашиб қолишган": Тошкентда хонадон эшигини тақиллатган номаълум шахслар бўйича маълумот берилди
Уч нафар фуқаро танишининг уйига футбол кўриш мақсадида бориб, хонадонни адаштириб қўйишган ва бегона уйни тақиллатишган.

Ижтимоий тармоқларда номаълум шахслар ўзга хонадонларнинг эшикларини сабабсиз тақиллатиб, фуқароларнинг тинчлигини бузгани ҳақида хабарлар тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ баёнот берди.
Жорий йилнинг 26 октябрь куни тахминан соат 00:30 ларда Юнусобод туманидаги 10-мавзеда жойлашган кўп қаватли уйлардан бирида 2008 йилда туғилган уч нафар фуқаро шу уйда яшовчи таниши — 2008 йилда туғилган А.Ж.ни излаб, бошқа йўлакда жойлашган хонадон эшигининг қўнғироғини бир неча марта босган ва ушбу хонадонда яшовчи фуқаронинг тинчлигини бузган.
Шундан сўнг улар манзилни адаштирганликларини англаб, ҳодиса жойидан кетишган. Шунингдек, мазкур фуқароларда ҳеч қандай ўткир тиғли жисмлар аниқланмаган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Юнусобод тумани ИИО ФМБ томонидан текширув давом этмоқда.





