platina.uz
Tashkent Content Market — 4–5 fevral 2027, tcm.uz
Жамият

"Йўл қўйиб бўлмас ҳолат": Урбанизация қўмитаси уй қурилишига пул бериб, алданганлар бўйича муносабат билдирди

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ҳозирда эскроу ҳисобварақлари тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда.

"Йўл қўйиб бўлмас ҳолат": Урбанизация қўмитаси уй қурилишига пул бериб, алданганлар бўйича муносабат билдирди

Сўнгги кунларда айрим қурилиш компаниялари фаолияти, уй-жойни топшириш муддатларининг бузилиши, харидорларга маблағларнинг қайтарилмаслиги, шунингдек, бир қатор қурувчи компаниялар раҳбариятига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиши билан боғлиқ вазиятлар кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлмоқда.

Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ушбу ҳолатлар юзасидан муносабат билдирди.

Қўмита уй-жой сотиб олиш учун маблағ киритган фуқароларнинг ваъда қилинган хонадонлар ва пулларини қайтариб олиш имкониятисиз қолишини йўл қўйиб бўлмас ҳолат деб ҳисоблашини билдирган.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ҳозирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётган “Кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан эскроу ҳисобварақлари тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Ушбу механизм харидорлар маблағларини махсус банк ҳисобварақларига жойлаштириш ва уларни қурувчиларга фақат белгиланган шартлар бажарилгандан кейингина ўтказишни назарда тутади. Бу фирибгарлик ҳамда фуқаролар маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш хавфини сезиларли даражада камайтириш имконини беради.

Эскроу механизми, шунингдек, қурилишнинг узлуксизлигини таъминлашни, жумладан, лойиҳани амалга оширишда жиддий муаммолар юзага келганда бошқа қурувчини тезкор жалб қилиш имкониятини ҳам назарда тутади. Бу қурувчи ўз мажбуриятларини бажара олмаган тақдирда ҳам қурилишнинг якунланишини таъминлайди.

"Миллий қўмита харидорлар маблағларини ишончли ҳимоя қилиш, қурувчилар томонидан мажбуриятларнинг сўзсиз бажарилиши ҳамда бозорнинг виждонли иштирокчилари учун шаффоф ва тенг шароитлар яратиш уй-жой қурилишининг асоси бўлиши лозим, деб ҳисоблайди", дейилади хабарда.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid