Binance хакерлик ҳужумига учради: зарар 6,3 млрд долларга баҳоланмоқда
Binance ходимларидан бирининг ноутбуки бузиб кирилгани ортидан платформанинг хизмат тизимига рухсатсиз кирилган ва маблағлар ечиб олинган. Ҳужумдан сўнг биржада депозит ва пул ечиш операциялари вақтинча тўхтатилди. Tether, Circle ва World Liberty Financial компаниялари ҳам 2,3 миллиард доллардан ортиқ шубҳали активларни музлатганини маълум қилди.

Дунёдаги энг йирик криптовалюта биржаси Binance 30 октябрга ўтар кечаси хакерлик ҳужумига учради. Платформа маълум қилишича ҳодисага компания ходимларидан бирининг ноутбуки бузиб кирилгани сабаб бўлган бўлиши мумкин. Таъкидланишича, хакерлик ҳужуми орқали жиноятчилар хизмат контейнерига кириш имкониятини қўлга киритган ва маблағларни рухсатсиз ечиб олишга муваффақ бўлган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, етказилган зарар 6,3 миллиард долларни ташкил этади.
«Binance барча зарарларни қоплайди. Еҳтиёт чораси сифатида жамоамиз хавфсизлик текширувларини ўтказаётган, маблағларни музлатаётган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилаётган бир пайтда барча депозитлар ва маблағларни ечиб олиш операциялари вақтинча тўхтатилди», — дейилади компания баёнотида.
Текширув якунланганидан сўнг Binance ҳодиса бўйича техник ҳисобот ва захиралар ҳақидаги янгиланган маълумотларни эълон қилишни ваъда қилди.
1 октябрь ҳолатига кўра, биржанинг фақат биткоинлардаги захираси 54 миллиард доллардан ошган. Бу 691 мингдан ортиқ биткоинга тенг. Платформада, шунингдек, 500 дан ортиқ криптовалюта савдоси амалга оширилган.
Arkham платформаси маълумотларига кўра, хакерлар томонидан ўғирланган активлар орасида 1,5 миллиард долларлик биткоин, 900 миллион долларлик Ethereum, шунингдек, қарийб 1,4 миллиард долларлик USDT ва USDC стейблкоинлари бор.
Шу билан бирга, хакерлар ўғирланган USDT маблағларининг бир қисмини гаров сифатида ишлатиб, Aave марказлашмаган молиявий хизматидан WETH токенида қарийб 44 миллион доллар қарз олган.
Ҳужумдан сўнг Tether ва Circle криптокомпаниялари вакиллари шубҳали деб топилган активлардан мос равишда 1,57 миллиард доллардан ортиқ ва 800 миллион долларлик маблағ музлатилганини маълум қилди.
АҚШ президенти Дональд Трампнинг оила аъзолари ҳам ҳаммуассислар қаторида бўлган World Liberty Financial криптокомпанияси ҳам 27 миллион доллар маблағ музлатилганини билдирди. Бу ҳақда The Washington Post хабар қилган.
TRM Labs таҳлилий компанияси қайд этишича, Binance’га уюштирилган ҳужум ортида Шимолий Корея туриши мумкин. Хусусан, хакерлик ҳужумини КХДР ҳукумати кўмагида фаолият юритадиган TraderTraitor хакерлар гуруҳи ташкил этган бўлиши эҳтимоли бор.
Компания маълумотларига кўра, жиноятчилар аввалги Шимолий Корея хакерлик ҳужумларига хос бўлган молиялаштириш схемалари ва транзакцияларни тайёрлаш усулларидан фойдаланган. Бунга 2025 йил февраль ойида Bybit криптовалюта биржасига уюштирилган ва 1,5 миллиард доллар зарар етказган ҳужум ҳам киради.
Аввалроқ АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) ҳам Bybit биржасига қилинган ҳужум ортида TraderTraitor гуруҳи турганини билдирган эди.
Шу билан бирга, Binance компанияси мазкур ҳодисага Шимолий Кореянинг алоқадорлигини расман тасдиқламаган.





