platina.uz
Иқтисод

Қатор субъектларга 8 млрд сўмдан ортиқ қонунбузилиш ҳолатлари бўйича чора кўрилди

“Ўзбеккўмир” АЖ томонидан биржа савдоларида манипуляция ҳаракатлари натижасида 4,3 млрд. сўмдан зиёд маҳсулотлар реализация қилинган. 

Қатор субъектларга 8 млрд сўмдан ортиқ қонунбузилиш ҳолатлари бўйича чора кўрилди

Рақобат қўмитаси томонидан 6 та субъектга юқори ликвидли маҳсулотларни биржа савдоларига қўйишда 8 млрд сўмдан ортиқ қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан тегишли таъсир чораси қўлланилди.

Қўмита томонидан олиб борилган ўрганиш ва таҳлилларда Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 170-сонли қарори талаблари бузилган ҳолатлари аниқланган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан ўрнатилган тартибда иш қўзғатилиб, тегишли қарор ва кўрсатмалар бериб борилмоқда.

Ҳудудлар кесимида олиб борилган ўрганишлардан:

Қашқадарё вилояти

“Косон ёғ комбинат” МЧЖ 7 та ҳолатда биржага қўйилиши лозим бўлган ўсимлик ёғи, пахта шелуха ва пахта шроти маҳсулотларини тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотиб, 91 млн сўмдан ортиқ даромад олгани аниқланди.

Махсус комиссия томонидан корхонага нисбатан иш қўзғатилиб, қонунбузилиш ҳолатларига келгусида йўл қўймаслик бўйича тегишли кўрсатма берилди ҳамда асоссиз олинган даромад қайта ҳисоб-китоб қилинди.

Наманган вилояти

“Pop sement” МЧЖ 2026 йил 1-чорагида ишлаб чиқарилган цемент маҳсулотининг камида 50 фоизини биржа орқали сотиш талабига риоя қилмасдан, 4,3 минг тонна 2,4 млрд сўмдан ортиқ цементни тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотгани аниқланди.

Махсус комиссия томонидан корхонага нисбатан иш қўзғатилиб, белгиланган тартибда молиявий жарима қўлланилди, шунингдек қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.

Самарқанд вилояти

“Ҳумо Агро Платинум” МЧЖ ва “Зомин Ишонч” МЧЖ томонидан Жамғарма орқали биржадан харид қилинган буғдойни қайта ишлашдан олинган ун маҳсулотлари белгиланган муддат ва ҳажмларда биржа савдоларига қўйилмагани аниқланди.

Махсус комиссия томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси ва ВМнинг 170-сонли қарори талаблари бузилиши юзасидан мазкур субъектларга нисбатан ишлар қўзғатилиб, натижаси бўйича белгиланган тартибда қонуний таъсир чоралари қўлланилди.

Сурхондарё вилояти

“SURXONDARYODONMAHSULOTLARI” АЖ Жамғармадан биржа орқали сотиб олинган 485 тонна 3-синф буғдойдан ишлаб чиқарилиши лозим бўлган 364 тонна унни биржага қўймагани, шунингдек 375 тонна 1-сорт унни тўғридан-тўғри экспорт шартномаси асосида 1,2 млрд сўмдан ортиқ қийматда сотгани аниқланди.

Махсус комиссия томонидан корхонага нисбатан қарор қабул қилиниб, молиявий жаримани ихтиёрий тўлаш, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ҳамда келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.

Тошкент шаҳри

“Shavkat Business Agro” МЧЖ, “Export Gold Agro” МЧЖ ва “Flour Asia” МЧЖлар томонидан Жамғармадан биржа орқали харид қилинган буғдойни қайта ишлашдан олинган маҳсулотларни биржага қўймасдан буғдойни тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотиш ҳолатлари юзасидан қонунбузилиш аломатлари аниқланди.

Мазкур субъектларга нисбатан иш қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш якуни бўйича Махсус комиссия томонидан қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

Тошкент вилояти

Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилган мониторинг давомида “Ўзбеккўмир” АЖ томонидан 2026 йил апрель ойи давомида биржа савдоларига қўйилган кўмир маҳсулоти тасдиқланган графикда назарда тутилган муддатлар ва ҳажмларда қўйилмагани, режа-жадвал бузилгани манипуляция ҳаракатлари натижасида 4.3 млрд. сўмдан зиёд маҳсулотлар реализация қилинганлиги аниқланди.

Ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан “Ўзбеккўмир” АЖга қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан тегишли кўрсатма берилди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid