Фарғонада 100 дан ошиқ болаларнинг заҳарланишида айбдор деб топилганларга ҳукм ўқилди
Уларга ахлоқ тузатиш ишлари ва озодликни чеклаш билан боғлиқ жазо тайинланган ва суд залида қамоқдан озод қилинган. Фарғона вилояти судлари мазкур ҳукмга изоҳ берди.

Фарғонада 100 нафардан ортиқ боланинг оммавий заҳарланишига сабабчи бўлган Garden catering trade МЧЖ мансабдорларига ҳукм ўқилди. Уларга ахлоқ тузатиш ишлари ва озодликни чеклаш билан боғлиқ жазо тайинланиб, суд залида қамоқдан озод қилинди.
Фарғонада болаларнинг оммавий заҳарланиши бўйича суд ҳукмига расмий изоҳ берилди.
Жиноят ишлари бўйича Фурқат туман судида Фарғона вилоятида 100 нафардан ортиқ боланинг оммавий заҳарланишига оид жиноят иши тарафларнинг иштирокида мазмунан кўриб чиқилди.
Жумладан, 2026 йил 21 сентябрдаги ҳукм билан Garden catering trade МЧЖ раҳбари, технологи, директори ва ҳисобчиси ўз қилмишлари учун айбли деб топилган ва уларга қонунда белгиланган санкция доирасида тегишли жазолар тайинланган.
Судланувчилар тадбиркорлик субъекти ҳисобланиши, қонунда тадбиркорлик субъектларига нисбатан муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси тайинланмаслигини инобатга олган ҳолда суд томонидан судланувчиларга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси тайинланмаган.
Жазо тайинлашда судланувчиларнинг қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги, жабрланувчиларга етказилган зарарнинг тўлиқ қопланганлиги, шунингдек, жабрланувчиларнинг қонуний вакиллари томонидан даъволар мавжуд эмаслиги билдирилганлиги инобатга олинган.
Айни пайтда ушбу ҳукм устидан шикоят келиб тушмаган. Шу билан бирга, биринчи инстанция судининг ҳукмидан норози бўлган тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Фарғона вилоят судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш, шунингдек, протест келтириш ҳуқуқига эга эканлиги маълум қилинади, дейилади хабарда.





