platina.uz
Tashkent Content Market — 4–5 fevral 2027, tcm.uz
Жаҳон

Ўзбекистонлик эркак АҚШда 12 млн долларлик ўғирликда айбланди

Ўғирланган дея кўрилаётган юклар орасида қаттиқ дисклар, стерео-ускуналар, кийим-кечак, электроника, компьютер ускуналари, озиқ-овқат маҳсулотлари, никотин маҳсулотлари ва бошқа қимматбаҳо буюмлар бор. 

Ўзбекистонлик эркак АҚШда 12 млн долларлик ўғирликда айбланди

Ўзбекистонлик эркак АҚШда 12 млн долларлик юкни ўғирлаганликда айбланди.

Мазкур айблов бўйича иш кеча, 21 октябрь куни АҚШнинг Брижпорт федерал судида кўриб чиқилди. Судда эркак айбига иқрор бўлмади. Бу ҳақда қатор хорижий нашрлар хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 22 сентябрь куни Нью-Хейвендаги федерал катта судьялар ҳайъати 33 ёшли Нурсултон Ҳайдаровга нисбатан айблов хулосасини чиқарган. Агар у айбли деб топилса, 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Коннектикут округи бўйича АҚШ прокурорининг ҳисоботида Ҳайдаров иштирок этганликда гумонланаётган жиноий тил бириктириш тафсилотлари баён қилинган.

Суд ҳужжатлари ва баёнотлари Миллий хавфсизлик бўйича тезкор гуруҳ Калифорния ва бошқа штатлардаги жойлардан содир этилган бир қатор юк ўғриликларини суриштираётганини кўрсатади.

Терговчиларнинг билдиришича, 2025 йилнинг сентябрь ойидан бери Ҳайдаров ва унинг шериклари бир нечта автотранспорт ташувчи компанияларни сотиб олган ёки бошқача тарзда назорат остига олган.

Шундан сўнг, улар ушбу корхоналарнинг АҚШ Транспорт вазирлиги рақамлари (USDOT), автотранспорт ташувчисининг идентификация рақамлари (MC), электрон почта ҳисоблари ва эгаларининг шахсий маълумотларини ўзлаштириб олган.

Прокурорлар ушбу шахсларни аввалги бизнес эгалари номидан иш кўрганликда ва штатлараро юк ташиш бўйича шартномаларни қўлга киритиш учун мавжуд корхоналарнинг обрўси ҳамда ишончидан фойдаланганликда айбламоқда. Штатлараро юк ташиш бўйича юк брокери билан шартнома тузилгандан сўнг, ҳайдовчи юкни тарқатиш марказидан олиб кетган.

Шунга қарамай, ҳисоботда қайд этилишича, кўплаб юклар ҳеч қачон манзилга етказилмаган ва ўғирланган деб хабар қилинган. Баъзи ҳолларда жиноятчиликда гумонланаётган шахслар ўғирланган товарларни қайтариш эвазига ҳатто товон пули ҳам талаб қилган.

Айблов хулосасига кўра, Ҳайдаров АҚШда қонуний доимий яшовчи (Green Card эгаси) мақомига ҳамда Нью-Жерси штатининг ҳақиқий тижорат ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган.

Ушбу юклар орасида қаттиқ дисклар (hard drive), стерео-ускуналар, кийим-кечак, электроника, компьютер ускуналари, озиқ-овқат маҳсулотлари, никотин маҳсулотлари ва бошқа қимматбаҳо буюмлар бўлган. Юқорида таъкидланганидек, ҳисоботда айнан Ҳайдаров иштирок этгани айтилган ўғриликлардан етказилган зарарнинг тахминий қиймати 12 миллион доллардан ортиқни ташкил этади.

Ҳайдаров 1 июнь куни Онтариода (Калифорния штати) федерал жиноий шикоят асосида ҳибсга олинган. У ҳибсга олинганидан бери ушлаб турилган ва кеча, 21 октябрь куни судда ҳозир бўлиш учун Брижпортга олиб борилган.

Прокурорлар Ҳайдаровнинг айби судда тўлиқ исботланмагунча у айбсиз деб ҳисобланишини билдирган.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid