Тошкентда ҳаво сифати сабаб ҳимоя ниқобидан фойдаланиш тавсия этилди
Ҳарорат пасайиши, шамолнинг кучсизлиги ва ҳаво массаларининг шаҳар атрофида тўпланиши ифлослантирувчи моддалар тарқалишини чеклаган.

Тошкентда ҳаво сифати ёмонлашиши сабаб ҳимоя ниқобидан фойдаланиш ва очиқ ҳавода узоқ қолмаслик тавсия этилди.
27 октябрдан 28 октябрга ўтар кечаси пойтахтда ҳаво сифати халқаро AQI индекси бўйича "ноқулай", айрим кузатув нуқталарида "жуда ноқулай" даражада бўлгани маълум қилинди.
Юнусобод, Олмазор, Янгиҳаёт, Сергели ва Яшнобод туманларида ўтказилган тунги ўлчовларнинг барчасида PM2,5 заррачалари миқдори "жуда ноқулай" тоифага мос келган.

Ҳарорат пасайиши, шамолнинг кучсизлиги ва ҳаво массаларининг шаҳар атрофида тўпланиши ифлослантирувчи моддалар тарқалишини чеклаган.
28 октябрь кундузи ва кечқурун ҳам ҳаво сифати халқаро AQI бўйича "ноқулай" даражада бўлиши кутилмоқда.
Айниқса, болалар, кексалар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар, юрак-қон томир ҳамда нафас йўли касалликлари борларга кечқурун ва тунда имкони борича ташқарига чиқмаслик, деразаларни ёпиқ тутиш тавсия этилган. Ташқарига чиққанда ҳимоя ниқобидан фойдаланиш ва очиқ ҳавода узоқ қолмаслик сўралган.





