Тошкент шаҳри атмосфера ҳавосида кескин ифлосланиш кузатилди
Узоқ давом этган қуруқ об-ҳаво шароитида тупроқ ва йўл юзаларидаги чангнинг ҳавога кўтарилиши учун қулай шароит юзага келган, дейилади расмий хабарда. Кечки ва тунги вақтда кузатилган ҳарорат инверсияси ва ҳаво алмашинувининг сустлиги заррачаларнинг атмосферанинг ер юзасига яқин қатламида тўпланишига шароит яратган.

2026 йил 18 сентябрь куни кечки соатларда Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосида PM2.5 ва, айниқса, PM10 заррачалари миқдорининг қисқа муддатли кескин ортиши кузатилди.
Махсус комиссия маълумотига кўра, автоматик мониторинг станциялари заррачалар концентрацияси 18:00 дан кейин кўтарила бошлаганлигини ва 20:00 дан сўнг сезиларли кучайганлигини қайд этган.
Ифлосланишнинг энг юқори даражаси эса 21:00–23:00 оралиғида кузатилган. Хусусан, соат 22:00 да шаҳар бўйича PM2.5 концентрацияси ўртача 74,5 мкг/м³, PM10 эса 243,6 мкг/м³ ни ташкил этди. Пойтахтнинг айрим қисмларида автоматик мониторинг станциялари PM10 миқдори 555,3 мкг/м³ гача етганини кўрсатди. PM10 нинг PM2.5 га нисбатан сезиларли юқори бўлиши ушбу даврда ҳавода йирик чанг заррачалари ортганини кўрсатди.
Вазиятни жойида ўрганиш мақсадида 19 сентябрьга ўтар кечаси Экологик мониторинг миллий маркази Ўзгидромет мутахассислари билан биргаликда Мирзо Улуғбек туманининг учта ҳудудида кўчма ускуналар ёрдамида атмосфера ҳавоси сифатини ўлчашди. Натижада соат 02:15 да Феруза мавзесида PM2.5 – 65 мкг/м³, PM10 – 77 мкг/м³, умумий чанг – 90 мкг/м³; соат 02:25 да Касаба кўчасида PM2.5 – 55 мкг/м³, PM10 – 63 мкг/м³, умумий чанг – 70 мкг/м³; соат 03:01 да Паркент кўчасида эса PM2.5 – 61 мкг/м³, PM10 – 65 мкг/м³, умумий чанг – 70 мкг/м³ миқдорида қайд этилди.
Шунингдек, жойига чиқиб ўтказилган ўлчовларда азот диоксиди, углерод моноксиди, аммиак, фтор водороди, фенол ва формальдегид каби газсимон ифлослантирувчи моддалар кузатилди. Таҳлил натижаларига кўра, ўлчанган ифлослантирувчи моддаларнинг максимал бир марталик концентрациялари белгиланган меъёрлардан ошмаган. Таҳлилларга кўра, мазкур ҳолатга бир нечта омиллар бир вақтда таъсир қилган. Узоқ давом этган қуруқ об-ҳаво шароитида тупроқ ва йўл юзаларидаги чангнинг ҳавога кўтарилиши учун қулай шароит юзага келган. Кечки ва тунги вақтда кузатилган ҳарорат инверсияси ва ҳаво алмашинувининг сустлиги заррачаларнинг атмосферанинг ер юзасига яқин қатламида тўпланишига шароит яратган.
Шу билан бирга, CAMS модели маълумотларида Ўзбекистоннинг ғирбий ва шимоли-ғирбий ҳудудларида PM10 миқдори юқори бўлган чанг массалари кузатилган. HYSPLIT модели асосидаги ҳисоб-китоблар Тошкентга турли баландликларда шимол, шимоли-шарқ, ғирб ва шимоли-ғирб йўналишларидан ҳаво оқимлари кириб келганини кўрсатди. 23:00 дан кейин атмосфера ҳавосидаги PM2.5 ва PM10 миқдори аста-секин пасая бошлаган. Автоматик мониторинг маълумотларига кўра, 19 сентябрь соат 04:00 га келиб шаҳар бўйича PM2.5 ва PM10 кўрсаткичлари мос равишда 22,4 ва 61,9 мкг/м³ гача камайган.
Хулоса қилиб айтганда, 18 сентябрь кечки ва 19 сентябрь тунги соатларда Тошкент шаҳрида кузатилган ҳолат қисқа муддатли чанг эпизоди хусусиятига эга бўлган. Қуруқ об-ҳаво, маҳаллий чангнинг кўтарилиши, ҳарорат инверсияси ва суст ҳаво алмашинуви унинг шаклланишига қулай шароит яратган. 23:00 дан кейин автоматик станцияларда концентрацияларнинг пасайиши ҳамда 02:15–03:01 оралиғидаги жойига чиқиб ўтказилган ўлчовлар чанг эпизоди аста-секин сусайиб борганини кўрсатади.
Прогнозларга кўра, 19 сентябрь соат 21:00 дан 20 сентябрь соат 04:00 гача Тошкент шаҳрида ҳаво сифати вақтинча ёмонлашиб, AQI 101-150 – “сезгир гуруҳлар учун зарарли” даражага етиши мумкин. Тонгги соатларда ифлосланган ҳаво массаси жануби-ғирбга силжиб, соат 08:00-09:00 га келиб ҳаво сифати “ўртача” даражага қайтиши кутилмоқда.
Ҳозирда атмосфера ҳавоси сифати Махсус комиссия томонидан доимий мониторинг қилинмоқда.
