Тўққиз ойда Ўзбекистон ИЭСларида қанча электр ишлаб чиқарилгани очиқланди
Мазкур энергия ресурсларини ишлаб чиқариш учун ўтган даврда жами 3,8 млрд кубметр табиий газ ҳамда 645,5 минг тонна кўмир сарфланган.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган жами электр ва иссиқлик энергиясининг салмоқли қисми “Иссиқлик электр станциялари” АЖ электр станциялари ҳамда иссиқлик марказлари зиммасига тўғри келади.
Жамият таркибида қуввати 6,9 ГВт бўлган 8 та электр станцияси, қуввати 2,1 ГВт бўлган 1 та бошқарувдаги электр станцияси, шунингдек, “Тошкент иссиқлик маркази” таркибидаги 9 та иссиқлик маркази фаолият юритмоқда.
2026 йилнинг ўтган 9 ойи давомида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тасарруфидаги корхоналар томонидан 15,2 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, прогноз кўрсаткич 108 фоизга, 5,9 млн Гкал иссиқлик энергияси узатилиб, прогноз кўрсаткич 107 фоизга бажарилди.
Электр энергияси ишлаб чиқариш жараёнида шартли ёқилғининг солиштирма сарфи 272,11 грамм/кВт·соатни ташкил этди. Бу кўрсаткич жорий йил учун белгиланган прогноз кўрсаткичдан 3,46 граммга, 2025 йилнинг мос даврига нисбатан эса 5,79 граммга камдир.
Белгиланган энергия ресурсларини ишлаб чиқариш учун ўтган даврда жами 3,8 млрд кубметр табиий газ ҳамда 645,5 минг тонна кўмир сарфланди.
Бугун Жамият тизимида энергия ресурсларини тежаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу йўналишда тизим корхоналарида энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ва уларни тежаш ишлари ISO 50001 халқаро стандарти талаблари асосида ташкил этилган.
Мазкур стандарт талаблари асосида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзэнергоинспекция билан келишилган ҳолда 2026 йилга мўлжалланган ташкилий-техник чора-тадбирлар режаси тасдиқланган. Унга кўра, жорий йилнинг 9 ойида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш ҳисобига 52,0 млн кубметр табиий газ ва 137,7 млн кВт·соат электр энергияси тежалди.
Бунда табиий газни тежаш бўйича прогноз кўрсаткичи 137,7 фоизга, электр энергиясини тежаш бўйича эса 107 фоизга бажарилди.





