platina.uz
Tashkent Content Market — 4–5 fevral 2027, tcm.uz
Жаҳон

Антониу Кошта Европа Иттифоқи етакчиларининг танқидига учради

Энергия нархлари ва Европа Иттифоқининг етти йиллик бюджети бўйича келишмовчиликлар Европа Кенгаши президентининг музокараларни бошқариш услубидан норозиликни кучайтирди.

Антониу Кошта Европа Иттифоқи етакчиларининг танқидига учради
Фото: Politico EU

Европа Кенгаши президенти Антониу Кошта Европа Иттифоқи етакчилари ўртасида келишувга эришиш борасида жиддий танқидларга дуч келди. Пайшанба куни бўлиб ўтган саммитда энергия нархлари ва иттифоқнинг навбатдаги етти йиллик бюджети юзасидан 14 соат давом этган музокаралар сезиларли натижа бермади.

POLITICO нашрига суҳбат берган дипломатларнинг аксарияти Коштани музокараларни самарали бошқара олмаганликда айблади. Уларнинг фикрича, энергетика масаласидаги баҳслар назоратдан чиқиб кетган, натижада муҳокамалар ярим тундан кейин ҳам давом этган.

Энергетика бўйича кескин келишмовчилик

Саммитда асосий тортишувлардан бири Европа Иттифоқининг 2028 йилдан бошлаб биноларни иситиш ва транспорт соҳаларида углерод чиқиндиларига нарх белгилашни назарда тутувчи "ETS2" тизими бўлди.

Германия, Испания, Франция, Португалия, Скандинавия давлатлари ва Нидерландия тизимни қўллаб-қувватлаган бўлса, Италия, Венгрия, Чехия, Словакия ва Польша уни кечиктириш тарафдори бўлди. Бу давлатлар янги тартиб энергия харажатларини ошириши мумкинлигидан хавотир билдирган.

Келишмовчиликлар сабаб Кошта режалаштирилган матбуот анжуманини бекор қилишга ва музокараларни кечки овқатдан кейинга қолдиришга мажбур бўлган.

Айрим дипломатлар уни таклиф этилган тузатишларни ўз вақтида кўриб чиқмаганликда ва музокаралар устидан назоратни йўқотганликда айблади. Ҳатто айрим расмийлар Коштанинг фаолиятини унинг салафи Шарль Мишель билан таққослаб, танқидий баҳо берган.

Бюджет бўйича ҳам норозилик мавжуд

Кoштага нисбатан эътирозлар ЙИ бюджети масаласида ҳам кучайди. У йил охиригача 27 аъзо давлат ўртасида келишувга эришишни мақсад қилган. Бироқ Шимолий Европа мамлакатлари уни жанубий давлатлар манфаатларига кўпроқ ён босаётган бўлиши мумкинлигидан хавотирда.

Бюджет харажатларини қисқартириш тарафдорлари Коштадан қўшимча қисқартиришлар таклиф этишни талаб қилмоқда. Бюджет бўйича навбатдан ташқари саммит 26 ноябрга белгиланган.

Келишувга эришишнинг кечикиши Европа Иттифоқи учун жиддий муаммо туғдириши мумкин. Келаси йилги миллий сайловлар сиёсий келишувларни янада мураккаблаштириши эҳтимоли бор. Айни пайтда иттифоқ Хитой билан иқтисодий рақобат, Россиянинг Украинага қарши уруши ва ЙИ га қарши сиёсий кучларнинг кучайиши каби муаммоларга дуч келмоқда.

Коштани ҳимоя қилаётганлар ҳам бор

Шунга қарамай, барча дипломатлар танқидларга қўшилмайди. Бельгия бош вазири Барт Де Вевер Коштани «салоҳиятли» ва «зийрак» сиёсатчи деб атаб, унинг музокараларда ҳужжатлар матнини қайта-қайта муҳокама қилишдан қочишини ижобий баҳолади.

Бошқа расмийлар эса саммитдаги тартибсизликка Коштадан кўра, келишилган хулосаларни қайта кўриб чиқишга уринган давлатлар сабаб бўлганини таъкидлади. Айрим дипломатлар унинг келишувга эришиш маҳоратини юқори баҳолади.

Коштанинг Европа Иттифоқи етакчилари ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф этиш ва бюджет бўйича келишувга эришиш қобилияти келгуси ҳафталарда синовдан ўтади.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid