Ёқилғи-энергетика соҳасида инвесторлар кенгаши тузилади
Кенгашга Президент Администрацияси Раҳбари Саида Мирзиёева бошчилик қилади. Кенгаш ер ажратишдан объект ишга тушгунига қадар сармоядорлар дуч келадиган масалаларга тезкор ечим топиш билан шуғулланади.

Энергетика лойиҳалари катта сармоя ва мураккаб инфратузилмани талаб қилади. Ер ажратиш, тармоққа уланиш ёки техник шарт олишдаги биргина кечикиш ҳам бутун лойиҳага таъсир қилади.
“ACWA”, “Vision Invest”, “DataVolt”, “Voltalia” ва “EDF” каби компаниялар бу масалаларни доимий мулоқот орқали ҳал қилишни таклиф этди.
Буни ҳисобга олиб, Президентимиз Ёқилғи-энергетика соҳасида инвесторлар кенгашини ташкил этишга қарор қилганини таъкидлади. Кенгашга Президент Администрацияси Раҳбари Саида Мирзиёева бошчилик қилади.
Кенгаш ер ажратишдан объект ишга тушгунига қадар сармоядорлар дуч келадиган масалаларга тезкор ечим топиш билан шуғулланади.
– Биз энергетикага иқтисодиётнинг шунчаки бир тармоғи сифатида қарамаяпмиз. Бу – ўз келажагимиз ва фаровонлигимизнинг мустаҳкам таянчи. Бизга қуруқ сармоя эмас, қалбан боғланган ўзаро ишонч ва чин шериклик керак. Бугунги мулоқотимизнинг бош мазмуни ҳам шунда.
Ҳар бир янги лойиҳа ҳудудларимиздаги чинакам ўзгариш, одамларимизнинг ўз ҳаёти, ўз иши ва ўз тараққиёти учун мустаҳкам замин дегани. Шу боис, ҳамкорлигимиздаги бош тамойил битта: сизнинг инвестициянгиз мамлакатимиз тараққиётига қанчалик нур олиб кирса, юртимиздаги юксалиш сизнинг ўз муваффақиятингизга шунчалик кенг йўл очади.
Чин маънодаги шериклик бу – ўзаро ишонч, ўзаро масъулият ва ўзаро манфаатдир,– деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари инвесторларнинг асосли таклифларини эшитиш, муаммоларини ҳал қилиш ва янги ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Шундан сўнг сармоядорлар билан бевосита мулоқот қилинди.





