platina.uz
Иқтисод

Ўзбекистонда "яшил" энергия ишлаб чиқариш ҳажми 23 млрд киловатт-соатга етказилади

Президент қатнашаётган маросимда жами 11 миллиард долларлик қувватлар ва инфратузилма объектлари ишга туширилади. 

Ўзбекистонда "яшил" энергия ишлаб чиқариш ҳажми 23 млрд киловатт-соатга етказилади

Халқаро конгресс марказида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида тантанали маросим бошланди. Унда янги энергетика қувватлари ишга туширилади ҳамда навбатдагиларининг қурилиши бошланади.

Маросимда қарийб 11 миллиард долларлик 42 та янги қувват ва инфратузилма объектлари ишга туширилади, яна 21 та янги лойиҳа қурилишига старт берилади.

Хусусан, ҳудудларимизда жами 3 минг 500 мегаваттли 16 та қуёш, шамол, иссиқлик ва гидро станция фойдаланишга топширилади. Улар тўлиқ қувватда ишлай бошлагач, йилига 15 миллиард киловатт-соат электр генерация бўлади. Натижада келгуси йилда “яшил” энергия ишлаб чиқариш ҳажмини 23 миллиард киловатт-соатга етказилади.

“Эътибор беринг, бу – Ўзбекистон аҳолисининг йиллик электр энергия истеъмоли тўлиқ қопланади, деганидир”, – деди Президентимиз.

Энг муҳими, “тоза” энергия ҳисобига табиий газ сарфи салкам 7 миллиард куб метрга камаяди. Атмосферага 11 миллион тонна зарарли моддалар чиқишининг олди олинади.

1 минг 245 мегаваттли 10 та энергия сақлаш тизими ҳам ишга туширилмоқда. Бу энергия энг кўп истеъмол қилинадиган тиғиз вақтларда қўшимча 1,5 миллиард киловатт-соат электр энергиясини тармоққа узатиш имконини беради.

Фойдаланишга топширилаётган 11 та йирик подстанция ва 420 километр юқори кучланишли тармоқлар тизимнинг барқарор ишлашига хизмат қилади.

“Албатта, биз эришган натижаларимиз билан тўхтаб қолмаймиз. Келгуси 5 йилда 150 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар ҳисобидан минглаб саноат ва инфратузилма объектларини ишга тушириб, юқори даромадли иш ўринларини яратамиз”, – деди Президент.

Аҳолига қулай шарт-шароит яратиш учун “Янги Ўзбекистон” массивлари ва бошқа ҳудудларда 800 мингдан ортиқ хонадонли, энергия тежамкор кўп қаватли уй-жойлар барпо этилади.

IT, сунъий интеллект ва “буюмлар интернети” каби янги йўналишлардаги компанияларга жозибадор муҳит яратиш учун замонавий супер компютер кластери ва дата-марказлар сони кўпайтирилади.

Айни пайтда Саудиянинг “Дата-волт” компанияси 3 миллиард долларлик инвестиция ҳисобига 500 мегаваттли дата-марказ қуриш бўйича ишларни бошлаган. Бундай кенг кўламли ишлар электр энергиясига бўлган талаб ва эҳтиёжни камида 1,5 баробарга оширади.

Шу боис, давлатимиз раҳбари яқин келажакдаги режаларга қисқача тўхталиб ўтди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid