Тошкентнинг тўртта туманида ҳокимлар алмашди
Аввал Янгиҳаёт тумани ҳокими бўлган Ҳаёт Иноғомов Чилонзор тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди. Яккасарой туманига раҳбарлик қилган Нилуфар Аллабергенова эса Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари лавозимига тайинланди.

Тошкентнинг тўртта туманида ҳокимлар алмашди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги хабар берди.
Иноғомов Ҳаёт Илясович Чилонзор тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди.
Ҳаёт Иноғомов 1986 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти олий. 2006 йилда Тошкент автомобил йўллари институтини, 2008 йилда эса мазкур институт магистратурасини тамомлаган. Меҳнат фаолияти давомида транспорт ва йўл инфратузилмаси ҳамда давлат бошқаруви тизимида қатор масъул лавозимларда фаолият юритган. 2020 йилдан Янгиҳаёт тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган.
Темиров Лазизбек Пўлатович Янгиҳаёт тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди. Лазизбек Темиров 1989 йил Фарғона вилояти Фарғона туманида туғилган. Маълумоти олий. 2012 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2021 йилда эса мазкур университет магистратурасини тамомлаган.
Меҳнат фаолияти давомида иқтисодиёт ва давлат бошқаруви тизимида қатор масъул лавозимларда ишлаган. 2024 йилдан Яшнобод тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — туман иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритган.
Абдулхаков Абдулазиз Ахатович Яшнобод тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди. Абдулазиз Абдулкахов 1980 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти олий. 2006 йилда Тошкент давлат техника университетини тамомлаган. Меҳнат фаолияти давомида ҳокимлик тизимида қурилиш, архитектура ва коммунал хўжалик соҳаларида қатор масъул лавозимларда ишлаган. 2018–2025 йилларда — Мирзо Улуғбек тумани ҳокимининг қурилиш, инфратузилма ва ободонлаштириш йўналишлари бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритган. 2025 йилдан Тошкент шаҳар “UET Construction” МЧЖ ижтимоий объектларни қуриш департаменти директори лавозимида фаолият юритган.
Нилуфар Аллабергенова Яккасарой ҳокими лавозимидан озод этилди. У туманни 2023 йилнинг октябридан буён бошқариб келаётганди ва пойтахт туманлари ҳокими лавозимидаги илк аёл бўлган. Унинг ўрнига Сергели тумани ҳокими ўринбосари сифатида ишлаган Акмал Жумабоев тайинлангани айтилмоқда.

Нилуфар Аллабергенова эса Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари лавозимига тайинланди.





