Пойтахтда чиқинди тўлови қимматлашиши мумкин
Қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш тарифлари аҳоли ва юридик шахслар учун 33,3 фоизга қимматлашиши кутиляпти.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгаши комиссияси 25 ноябр куни 2027 йил учун маиший чиқиндилар билан боғлиқ хизматлар тарифлари лойиҳасини маъқуллади.
Унга кўра, қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш тарифлари аҳоли ва юридик шахслар учун 33,3 фоизга қимматлашиши мумкин.
Амалдаги тариф – аҳоли хонадонлари учун киши бошига ойига 7500 сўм (ҚҚС билан 8400 сўм). Лойиҳада кўрсатилган янгиланган тариф 10 000 сўм (ҚҚС билан 11 200 сўм)ни ташкил этади.
Лойиҳага кўра, бюджет ташкилотлари, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун қуйидаги тарифлар (ҚҚСсиз) таклиф этилмоқда:
-қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш — 1 куб метр учун 119 минг 969 сўм (амалдаги ҚҚСсиз нарх — 89 минг 977 сўм);
-суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш — 1 тонна учун 251 минг 744 сўм (188 минг 808 сўм);
-қаттиқ маиший чиқиндиларни Бектемир, Яккасарой ва Юнусобод туманларидаги чиқиндини қайта юклаш станцияларидан «Оҳангарон» полигонига ташиш — 1 тонна учун 104 минг 676 сўм (78 минг 507 сўм);
-чиқиндиларни қайта юклаш станцияларида қабул қилиш — 1 тонна учун 155 минг 281 сўм (116 минг 461 сўм);
-«Оҳангарон» полигонида қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилиш ва утилизация қилиш — 1 тонна учун 79 минг 199 сўм (59 минг 399 сўм);
-«Оҳангарон» полигонида қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилиш ва кўмиш — 1 тонна учун 1 млн 148 минг 146 сўм (861 минг 112 сўм).





