Тошкент халқаро аэропорти яқинида сунъий кўл қурилиши бошланди
Кўл атрофидаги 5 гектар майдонда сайр, югуриш ва велосипед йўлакчалари, болалар майдончалари, ўриндиқлар ва барбекю зоналари барпо этилади. Ишлар йил охиригача якунланиши режалаштирилган.

Сергели туманининг Қумариқ маҳалласидаги 17 минг квадрат метр (1,7 гектар) майдонда фавворали сунъий кўл қуриш бошланди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги хабар берди.
Бу пойтахтнинг барча туманларида 12 та сунъий сув ҳавзасини ташкил этиш лойиҳасининг бир қисмидир.
"Сув ҳавзаси чангни камайтириш, ҳавони намлантириш ва атроф-муҳитда янада қулай микроиқлимни шакллантиришга хизмат қилиши кутилмоқда. Бу ерда аҳоли дам олиши, сайр қилиши ва спорт билан шуғулланиши мумкин бўлади", — дейилади хабарда.
Кўл атрофидаги 5 гектар майдонда сайр, югуриш ва велосипед йўлакчалари, болалар майдончалари, ўриндиқлар ва барбекю зоналари барпо этилади. Ҳозирда конструкцияни арматуралаш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, кўлни сақлаб турувчи ҳимоя деворни шакллантириш ишлари олиб борилмоқда.
Геология хулосалари ҳудуд сунъий кўл барпо этиш талабларига мувофиқ келишини тасдиқлаган. Геология хулосалари ҳудуд сунъий кўл барпо этиш талабларига мувофиқ келишини тасдиқлаган. Ноябрга қадар кўл атрофида узунлиги қарийб 800 метр бўлган девор қуришни якунлаш ва бўлажак кўл ўзанидан тупроқни олиб чиқиш режалаштирилган
Ҳозирга қадар асосий ишларнинг 30 фоиздан ортиғи бажарилган. Уларни йил охиригача якунлаш режалаштирилмоқда.





