Истанбул аэропортида ҳушидан кетган ўзбекистонлик бўйича маълумот берилди
Туркияга ишлаш мақсадида борган 19 ёшли Ўзбекистон фуқароси А.С. соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабабли меҳнат фаолиятини давом эттира олмаган ва Ўзбекистонга қайтишга қарор қилган.

Туркияда соғлиғи ёмонлашиб, Ўзбекистонга қайтиш учун Истанбул аэропортига келганида ҳушини йўқотган 19 ёшли Ўзбекистон фуқароси даволаниб, мамлакатга қайтарилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.
Қайд этилишича, Туркияга ишлаш мақсадида борган 19 ёшли Ўзбекистон фуқароси А.С. соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабабли меҳнат фаолиятини давом эттира олмаган ва Ўзбекистонга қайтишга қарор қилган. Шу мақсадда авиачипта харид қилиб, Истанбул аэропортига келган А.С.нинг соғлиғи кескин ёмонлашиб, ҳушини йўқотган.
Фуқаро шошилинч равишда Истанбул шаҳрининг Башакшеҳир туманида жойлашган Çam ve Sakura шаҳар шифохонасига етказилиб, зарур тиббий муолажаларни олган. Даволаниш жараёнида юзага келган тиббий харажатларнинг бир қисми Туркияда фаолият юритаётган фаол ва саховатпеша ҳамюртларнинг кўмагида қопланган.
Билдирилишича, Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда Миграция агентлиги томонидан Ўзбекистон фуқаросининг ҳолати назоратга олиниб, унинг Ватанга қайтишини ташкил этиш бўйича зарур амалий чоралар кўрилган.
Шу тариқа 19 ёшли А.С. тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида Ўзбекистонга қайтарилган.





