Европа Иттифоқи Россиядан ўлат бўйича шаффоф маълумотлар беришни сўради
Иркутск вилоятидаги Вабога қарши институти ходими ўлат бактериясидан вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалганди. АҚШ ҳам Россиядаги фуқароларини мазкур воқеа сабаб огоҳлантирди.

Европа Комиссияси Россияни Сибир лабораториясидаги ҳодиса бўйича ишончли эпидемиологик ва микробиологик маълумотларни ўз ичига олган шаффоф ҳисоботларни тақдим этишга чақирди, деб хабар беради DW.
Бу ҳақда Европа Комиссиясининг расмий вакили чоршанба, 7 октябрь куни Брюсселда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.
Европа Комиссияси Москвани Иркутск вабога қарши институти ходими Даря Шипилованинг тўсатдан вафоти ва Россияда пневмоник вабо тарқалиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлардан сўнг "Сибир лабораториясидаги ҳодиса бўйича тезкор шаффоф ҳисоботларни тақдим этишга" чақирди.
Эслатиб ўтамиз, илгари Россиянинг Иркутск вилоятидаги Вабога қарши институт ходими ўлат бактерияси гумонидан вафот этгани ҳақида хабар беришган эди. Марҳум диагностика мақсадида биоматериал тўплаш пайтида лабораторияда хавфли бактерия бўлган синов найчасини тасодифан синдириб қўйган деб тахмин қилинган.
Иркутск вилоятида 28 ёшли аёлнинг ўлими сабаби номаълум этиологияли пневмония деб таърифланган.
Санэпидқўмита раиси ўринбосари Нурмат Отабеков Ўзбекистондаги ўлат ҳақидаги хавотирларга ойдинлик киритганди. Айтилишича, Ўзбекистонда ўлат ва бошқа ўта хавфли юқумли касалликларнинг четдан кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган зарур чора-тадбирлар тизими яратилган.





