Президент Европа давлатларининг миграция имкониятларидан фойдаланилмаётганини танқид қилди
Масалан, Буюк Британияда 33 минг ишчи кучига эҳтиёж бор. Бироқ ҳозиргача ушбу мамлакатга асосан қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишларга фуқаролар юборилмоқда. Давлат раҳбари бу масалада элчи, ҳоким ва техникумларнинг ўрни сезилмаётганини қайд этди.

Европа Иттифоқи илк бор Марказий Осиёдан мутахассисларни жалб этиш масаласини миграция стратегиясига киритди. Президент бу имкониятлардан фойдаланишда элчи, ҳоким ва техникумларнинг ўрни сезилмаётганини қайд этди.
Масалан, Буюк Британияда 33 минг ишчи кучига эҳтиёж бор. Бироқ ҳозиргача ушбу мамлакатга асосан қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишларга фуқаролар юборилмоқда. Тиббиёт, логистика ва саноат соҳаларида иш берувчилар билан аниқ келишувлар йўқлиги, “Ёшлар мобиллиги” дастурида иштирок этиш масаласи ҳал этилмагани кўрсатиб ўтилди. Италия билан ҳам меҳнат миграцияси имкониятларини кенгайтириш бўйича келишув бор, лекин бу имконият ишга солинмаяпти.
Президентимиз чет тилларини билиш хорижда юқори даромадли иш топишнинг асосий шартларидан бири эканига эътибор қаратди. Мамлакатимизда инглиз тилини пухта ўрганиб, сертификат олган 200 мингга яқин ёш бор. Шу билан бирга, АҚШ, Канада, Австралия, Янги Зеландия, Швеция ва Данияда уларнинг ишлаши учун йўл очиш бўйича ишлар етарли эмас.
Германиядан жорий йилнинг ўзида 45 минг мутахассисга буюртма келиб тушган, аммо атиги 2 минг киши ишга жойлашган. Асосий сабаб – немис тилини биладиган кадрлар етишмаслиги. Шу боис, касбга ўқитиш билан тил тайёргарлигини бирга олиб бориш зарур.
Германиянинг “Globogate” компанияси билан ҳамкорликда республикадаги 20 та тиббиёт техникумида йилига 1,5 минг ҳамшира тайёрланмоқда. Қаршидаги Илғор касбий маҳорат техникумида германиялик ўқитувчилар ёшларга немис тили ва касб ўргатмоқда.
Президентимиз хорижлик иш берувчиларнинг буюртмаларини техникумлардаги таълим билан боғлаш, ёшларни ишга жойлашиш учун зарур тил ва амалий кўникмаларга мақсадли тайёрлаш муҳимлигини таъкидлади.
Андижонда тадбиркор бўш турган техникумни таъмирлаб, Германиядан ўқитувчи жалб қилган ҳолда йилига 1,5 минг мутахассис тайёрлаяпти. Президентимиз бундай тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам кенгайтириш, ҳар бир вилоятдаги 2-3 та техникумда касб билан бирга немис тилини ўргатиш зарурлигини таъкидлади.
Германиянинг “Telk” компанияси “Intil” халқаро ўқув марказида 100 нафар немис тили ўқитувчисини тайёрлашни бошлади. Келаси йил бошидан уларни ҳудудлардаги техникумларга жалб қилиш вазифаси қўйилди.





