Дунёни қўрқитаётган “чума”: ўлат хавф соляптими?
Ҳали инсоният Covid-19 пандемияси ваҳималарини тўлиқ унутмасдан, 2026 йил октябрида Иркутскдаги Ўлатга қарши кураш институти ходимаси билан боғлиқ воқеа янги эпидемия ҳақидаги хавотирларни кучайтириб юборди. "Ўлат" сўзи кўпчилик тасаввурида ўрта аср шаҳарлари, ҳувиллаб қолган кўчалар ва оммавий ўлим манзараларини уйғотади. Аммо илмий нуқтаи назардан ўлат ўтмишда қолиб кетган касаллик эмас. Унинг қўзғатувчиси табиатда доим инсониятга ҳамроҳ бўлиб келган.

Ҳали инсоният Covid-19 пандемияси ваҳималарини тўлиқ унутмасдан, 2026 йил октябрида Иркутскдаги Ўлатга қарши кураш институти ходимаси билан боғлиқ воқеа янги эпидемия ҳақидаги хавотирларни кучайтириб юборди.
«Ўлат» сўзи кўпчилик тасаввурида ўрта аср шаҳарлари, ҳувиллаб қолган кўчалар ва оммавий ўлим манзараларини уйғотади. Аммо илмий нуқтаи назардан ўлат ўтмишда қолиб кетган касаллик эмас. Унинг қўзғатувчиси табиатда доим инсониятга ҳамроҳ бўлиб келган. XXI асрда ҳам одамларда вақти вақти билан касалланиш ҳолатлари қайд этилади.
Вирус эмас, бактерия
Сиз учун иккита хабаримиз бор: биттаси яхши, биттаси ёмон.
Ёмонидан бошласак, – ўлат касаллиги ҳаво орқали ҳам юқади, тез юқади, касаллик тез ривожланади, бутун организмни ишдан чиқаради ва бошланган заҳоти тез даволанмаса 3 кун ёки 1 ҳафта ичида, 100 фоиз ҳолатда ўлдиради.
Яхши хабар ҳам бор - ўлат чақирувчи микроорганизм – бактерия! Вирусни йўқ қилувчи самарали дорилар йўқ, аммо бактерияга қарши дорилар мавжуд. Агар касаллик юққан заҳоти даволаш бошланса, албатта. Шунингдек, ўлатга қарши вакцина ҳам аллақачон яратилган.
Ўлат касалини Yersinia pestis бактерияси келтириб чиқаради. Унинг табиий муҳити, энг аввало, майда сутэмизувчилар популяцияси ва уларда паразитлик қилувчи бургалардир. Инсон ушбу экологик занжирда асосий эмас, кўпроқ тасодифий хўжайин ҳисобланади.

Одам зарарланган бурга чақиши, инфекция юқтирган ҳайвон ёки унинг тўқималари билан бевосита контакт орқали, ўпка шаклида эса касал одамдан ажраладиган инфекцион респиратор заррачалар билан яқин алоқа натижасида зарарланиши мумкин. Аломатлар одатда 1 кундан 7 кунгача бўлган давр ичида пайдо бўлади.

Энг кўп учрайдиган шакл — бубонли ўлат. Бактерия лимфа тизимига ўтади ва натижада лимфа тугунлари катталашиб, оғриқли шишлар - «бубон»лар пайдо бўлади. Қўзғатувчи қонга тарқалса, септик шакл, ўпкани зарарласа — ўпка ўлати ривожланади. Ўпка шакли эпидемиологик жиҳатдан энг хавфлиси, чунки у яқин алоқада одамдан одамга осон юқиши мумкин.
Антибиотиклар давригача ўлат билан касалланиш аксарият ҳолларда ўлим билан тугар эди. ЖССТ маълумотларига кўра, даволанмаган бубонли ўлатда ўлим даражаси тахминан 30–60 фоизни ташкил этади, даволанмаган септик ва ўпка шакллари эса ўта хавфлидир. Бироқ ҳозир ўлат антибиотиклар билан даволанади; энг муҳим омил — препаратнинг мавжудлигидан ҳам кўра вақтида ташхис қўйиш ва даволашни тез бошлашдир.
Айнан шу жиҳат замонавий вазиятни XIV асрдан тубдан фарқ қилади. Ўрта аср табиби касаллик қўзғатувчисини ҳам, юқиш механизмини ҳам билмаган ва самарали антибактериал воситага эга бўлмаган.
Ўлатнинг минг йиллик тарихи
Археогенетика касаллик ёши ҳақидаги тасаввурларни ўзгартирди. Yersinia pestisнинг қадимий линияларига оид генетик излар одамларда ёзма эпидемия тарихидан анча олдин ҳам учрайди. Демак, инсоннинг ўлат бактериясининг аждод шакллари билан муносабати бир неча минг йиллик тарихга эга.

Yersinia pestis билан замонавий палеогенетика орқали ишончли боғланган биринчи тарихий пандемия 541 йилдаги Юстиниан ўлати билан бошланган ва такрорий тўлқинлар кўринишида тахминан VIII асргача давом этган. Қадимий ДНК бактерия Европа ва Ўрта ер денгизининг катта қисмига тарқалганини тасдиқлайди. Аммо қурбонлар сони ҳақидаги машҳур ўнлаб миллионлик ҳисоб-китоблар илмий баҳс мавзуси бўлиб қолмоқда.


Иккинчи пандемия эса анча машҳурроқ. Унинг биринчи улкан тўлқини — 1346–1353 йиллардаги “Қора ўлим” — Евросиё тарихидаги энг катта демографик фожиалардан бирига айланди. Айрим тадқиқотларда Ғарбий Евросиёнинг баъзи ҳудудларида аҳолининг 60 фоизгача қисми ҳалок бўлган бўлиши мумкинлиги айтилган.


Айтганча, ўлатнинг “қора ўлим” деб аталашига сабаб – бу касалликда майда қон томирлари некрози (нобуд бўлиши) юз беради. Тери геморрагик тошмалар билан қопланади, қон айланиши тўхташи сабабли қўл ва оёқ бармоқлари ҳамда бурун учи гангренаси (қорасон) ривожланади. Тана ва қўл оёқ учлари қорайиб кетади.

Учинчи пандемия ва бактериянинг кашф этилиши
Учинчи пандемия XIX асрда Хитойда, айниқса Юньнань провинциясида шаклланиб, аср охирида денгиз савдоси орқали Ҳиндистон, Жануби-Шарқий Осиё, Африка ва Америкага тарқалди. 1899–1900 йилларга келиб ўлат деярли барча аҳоли яшайдиган қитъаларга етиб борган эди. Айниқса Ҳиндистон катта талафот кўрди.

Бироқ айнан шу давр фаннинг касаллик устидан устунликка эриша бошлаган нуқтаси бўлди. 1894 йил 20 июнда Ҳонконгдаги эпидемия пайтида шифокор ва бактериолог Александр Йерсен ўлат бактериясини ажратиб олди. Кейинчалик у Yersinia pestis деб номланди. Япониялик тадқиқотчи Китасато Сибасабуро ҳам шу вақтда мустақил тадқиқот олиб борган, аммо Йерсеннинг ишлари касалликнинг сабабчи агентини аниқлашда фундаментал аҳамият касб этди. Улар, шунингдек, илк вакцияна яратишга ҳам муваффақ бўлишди.
Кейинги катта ютуқ бургалар ва каламушларнинг инфекция тарқалишидаги ўрни аниқланиши бўлди. Натижада эпидемияга қарши кураш фақат беморни изоляция қилиш билан чекланмаслиги, балки «кемирувчи — бурга — инсон» занжирини ҳам узиш зарурлиги тушунилди.
Даволаш ҳам босқичма-босқич ривожланди. XIX аср охирида ўлатга қарши зардоб ишлатилган. 1930-йилларнинг охирида сульфаниламид препаратлари билан муваффақиятли даволаш ҳолатлари пайдо бўлди. 1947 йилда ўпка ўлатини стрептомицин билан муваффақиятли даволаш ҳолати қайд этилди. Антибиотиклар касаллик прогнозини тубдан ўзгартирди.
Таъкидлаш лозим, улкан пандемиялар устидан ғалабани биргина дори билан тушунтириш мумкин эмас. Бу микробиология, санитария, лаборатория диагностикаси, антибиотиклар, эпидемиологик назорат, турар жой шароитининг яхшиланиши, дайди итларни кемирувчи ва бургаларни назорат қилиш ҳамда соғлиқни сақлаш тизимининг институционал ривожланиши натижасидир.
Дайди итлар муаммоси - нега ўлатни бутунлай йўқ қилиб бўлмайди?
Инсоният чечакни йўқ қила олди, чунки унинг вируси асосан инсон популяциясида сақланар ва самарали вакцина юқиш занжирини узиш имконини берди.
Ўлатда эса вазият бошқача. Yersinia pestis ёввойи ҳайвонлар орасида ёки дайди ит ва мушукларда сақланади. Бактериянинг табиий резервуарлари — кемирувчилар ва уларнинг бургалари — мавжуд экан, табиий экотизимни бузмасдан қўзғатувчини Ер юзидан тўлиқ йўқотиш амалда имконсиз.
Шунинг учун қайси мамлакатда ўлат «йўқ қилинмагани»дан кўра, қаерда табиий ўчоқлар борлиги ва қаерда инсон касалланишлари даврий қайд этилишини сўраш тўғрироқ.
ЖССТнинг энг янги глобал таҳлилига кўра, 2019–2025 йилларда инсон ўлати бўйича тасдиқланган ҳолатлар ҳақида олти мамлакат хабар берган: Конго Демократик Республикаси, Мадагаскар, Кения, Уганда, Хитой ва Мўғулистон. Тасдиқланган ҳолатлар қайд этилган мамлакатларда 3 847 та гумон қилинган ҳолат рўйхатга олинган, 2 646 таси тасдиқланган деб хабар қилинган ва 423 та ўлим қайд этилган. Тасдиқланган ҳолатларнинг 97,7 фоизи Конго ДР ва Мадагаскар ҳиссасига тўғри келади. ЖССТ мамлакатдан ҳолатлар ҳақида хабар келмагани табиий ўчоқ йўқлигини англатмаслигини алоҳида таъкидлайди.
Ўлат АҚШнинг ғарбий қисми табиатида ҳам сақланади. АҚШнинг Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (Centers for Disease Control and Prevention – CDC) маълумотларига кўра, мамлакатда йилига ўртача еттига яқин инсон касаллиги қайд этилади. Марказий Осиё, Мўғулистон, Россиянинг айрим ҳудудлари ва Евросиёнинг бошқа жойларида ҳам табиий ўчоқлар мавжуд.
Ўлат - биологик қурол сифатида
Ўлат инсоният тарихида биологик уруш воситаси сифатида қўлланилган энг биринчи воситалардан биридир.
Тарихдаги илк ҳужжатлаштирилган ҳолат Қримдаги Каффа (ҳозирги Феодосия) шаҳри қамалида, 1346 йилда юз берган. Мўғул қўшинлари ўз лагерларида ўлатдан ўлган аскарларнинг жасадларини манжаниқ (катапульта)лар ёрдамида шаҳар қалъаси ичига улоқтиришган. Шаҳарда эпидемия бошланиб, у ердан қочган генуялик савдогарлар касалликни Европага олиб боришган ва бу машҳур «Қора ўлим» пандемиясининг бошланишига туртки бўлган, деган қарашлар мавжуд.
Иккинчи жаҳон уруши даврида тирик инсонлар устида шафқатсиз тажрибалар ўтказиш учун ташкил этилган Япон армиясининг махсус «731-отряди» (генерал Сиро Исии раҳбарлигида) босиб олинган Хитой ҳудудида фаолият юритган.
Япон ҳарбийлари лабораторияларда миллионлаб ўлат билан зарарланган бургаларни кўпайтиришган. Сўнг уларни махсус сопол (керамика) бомбаларга жойлаштиришган. Сопол бомбалар ҳавода портлаганда бургалар нобуд бўлмай, ерга соғлом етиб бориши ва ҳудудга тарқалиши таъминланган.
Шунингдек, 1940-1942 йилларда япон самолётлари Хитойнинг Нинбо, Чандэ ва бошқа шаҳарлари устидан ўлат билан зарарланган гуруч, буғдой ва тирик бургаларни осмондан сочган. Бунинг оқибатида сунъий ўлат эпидемиялари келиб чиқиб, юз минглаб тинч аҳоли ҳалок бўлган.
Россия: касаллик кам, табиий ўчоқлар эса сақланган
Россияда инсон ўлати охирги ўн йилликларда фавқулодда кам учрайди. Иркутскдаги ҳозирги вазиятгача бўлган даврда сўнгги тасдиқланган ҳолат 2016 йилда Олтой Республикасининг Қўш-Оғоч туманида қайд этилган. Ўн ёшли бола суғур ўлигини ушлаганидан кейин бубонли ўлат билан касалланган. У ўз вақтида шифохонага ётқизилиб, даволанган. Бу табиий ўчоқда профилактик эмлаш ва эпизоотологик мониторинг кейин ҳам давом этган.
Россияда тарихан махсус ўлатга қарши муассасалар тармоғи шаклланган. Саратовдаги «Микроб» Россия илмий-тадқиқот ўлатга қарши институти, Иркутск, Ставрополь, Ростов-Дон ва бошқа ҳудудлардаги махсус муассасалар шулар жумласидандир. Уларнинг вазифаси фақат ўлат билан чекланмайди: ўта хавфли инфекциялар мониторинги, диагностика, эпидемиологик тадқиқотлар ва фавқулодда ҳолатларга тайёргарлик ҳам шу тизимга киради.
Жаҳон миқёсида энг таниқли ихтисослаштирилган марказлардан бири — Мадагаскар Пастер институти бўлиб, унинг Ўлат бўлими миллий ҳолатларни лабораторияда тасдиқлайди, Y. pestisнинг антибиотикларга сезгирлигини кузатади ва 1998 йилдан буён ЖССТнинг ўлат бўйича ҳамкорлик маркази ҳисобланади.
Қозоғистонда бу вазифалар санитария-эпидемиологик назорат тизими ва М. Айкимбаев номидаги Ўта хавфли инфекциялар миллий илмий маркази томонидан бажарилади. Қирғизистонда санитария-эпидемиология тизими ва ўлатга қарши ихтисослаштирилган бўлинмалар муҳим роль ўйнайди.
Ўзбекистонда эса Республика ўлат профилактикаси маркази мавжуд. Санэпидқўмита тизимидаги илмий ишлар мамлакатнинг табиий ўлат ўчоқларида Y. pestis эпизоотик жараёнларини ўрганишга ҳам бағишланган.
Иркутскдаги ваҳима
2026 йил 6 октябрь ҳолатига кўра Иркутск вилоятида ўлат эпидемияси расман тасдиқланмаган. Иркутск ўлатга қарши илмий-тадқиқот институтининг 28 ёшли ходимаси оғир касалликдан кейин вафот этган. Россия санитария органлари унинг ташхисини «этиологияси аниқланмаган пневмония» деб кўрсатмоқда.
Шунга қарамай, жавоб чоралари кенг кўламли бўлди. Тахминан 197–200 нафар контакт шахс тиббий кузатув ёки изоляцияга олинди, Шелехов туман шифохонасида карантин чекловлари жорий қилинди, Роспотребнадзор раҳбари Анна Попова ҳудудга борди. ЖССТ умумий аҳоли учун хавфни паст деб баҳолаган, бироқ қўшимча маълумотларни кузатишда давом этмоқда. Ижтимоий тармоқларда «икки киши ўлатдан ўлди» деган хабар тарқалган. Бир нечта Иркутск шифохоналарида чекловлар критилгани айтилмоқда.
Марказий Осиё ва Ўзбекистон: ваҳима эмас, оқилона эҳтиёткорлик
Қозоғистон вазият мониторингини расман кучайтирди. 5 октябрда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги давлат чегарасида санитария-карантин назорати амалга оширилаётгани ва Россияда 197 контакт шахс тиббий назоратда экани ҳақида хабар берди. Ўша вақтда уларда касаллик белгилари йўқ эди ва лаборатория натижалари манфий бўлган.
Ўзбекистонда ҳам чегара санитария назорати инфратузилмаси мавжуд. Санэпидқўмита маълумотларига кўра, 2026 йилда республика бўйича чегара ўтиш пунктлари, халқаро аэропортлар ва темир йўл кесишмаларида 55 та санитария-карантин пункти ишлаган. Йилнинг биринчи олти ойида 10,6 миллиондан ортиқ йўловчи тиббий-санитария назоратидан ўтказилган. Бу тизим фақат ўлат эмас, турли ўта хавфли инфекцияларнинг кириб келишини назорат қилишга мўлжалланган.
Бундай тайёргарлик асосли. Лекин чегарада ҳарорат ўлчашни ягона ҳимоя чораси деб бўлмайди. Инкубация давридаги одамда ҳали иситма бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун тезкор эпидемиологик ахборот алмашинуви, шифокорларни огоҳлантириш, диагностикага тайёрлик ва тасдиқланган беморнинг ҳақиқий яқин контактларини аниқлаш муҳимроқ.
COVID-19 сценарийси такрорланиши мумкинми?
Энг эҳтимолий жавоб — табиий шароитдаги ўлатнинг пандемик потенциали SARS-CoV-2 никидан анча паст. Бу дегани, “ўлат енгил касаллик” дегани эмас албатта. Масалан, ўз вақтида даволанмаган ўпка ўлати ўта хавфли. Лекин унинг эпидемиологияси бошқача. Инсон кўпинча табиий ўчоқдан зарарланади, одамдан одамга самарали юқиш эса, асосан, ўпка шаклида ва бемор билан яқин контактда содир бўлади. Бундан ташқари, қўзғатувчи бир асрдан ортиқ вақтдан бери маълум, лаборатория диагностикаси ва самарали антибиотиклар мавжуд.
COVID-19 пандемиясининг бошида эса вазият тескари эди: янги респиратор вирус одамлар орасида самарали тарқалаётган, айрим юқтирганларда оғир аломатлар пайдо бўлмасидан ҳам бошқаларга юқиши мумкин эди ва дастлаб махсус вакцина мавжуд эмасди. Бироқ ўлатга қарши вакцина ҳамда самарали даволаш протоколлари мавжуд.
Бироқ хотиржамлик ҳам хавфли. Агар ўпка ўлати кеч аниқланса, контактлар топилмаса, бемор инфекция назорати чораларисиз тиббий муассасага тушса ёки давлат эпидемиологик маълумотни кечиктирса, кичик ўчоқ жиддий муаммога айланиши мумкин.
Антибиотикларга чидамлилик узоқ муддатли яна бир хавф ҳисобланади. Y. pestisда кенг тарқалган резистентлик ҳозирча одатий эмас, аммо бундай изолятлар илмий адабиётларда қайд этилган. Шу сабабли референс лабораториялар бактерия бор-йўқлигинигина эмас, унинг дори воситаларига сезгирлигини ҳам кузатиб боради. Айниқса айрим беморлар шифокор тавсия қилмаса ҳам ўзбилармонлик билан, турли антибиотиклар билан даволаниб, организмини антибиотикларга ўргатиб қўйган бўлса, ўлат ҳолатида даволаш кутилган самара бермаслиги мумкин.
Ҳозир нима қилиш керак?
COVID-19 тажрибаси эпидемиялар фақат микроорганизм хусусиятлари туфайли эмас, балки ижтимоий ишонч инқирози туфайли ҳам катта муаммога айланишини кўрсатди.
Ўта хавфли инфекцияга асосли гумон бўлганда тезкор текширув ўтказиш ва хавотирни далиллар билан бартараф этиш тўғри ёндашувдир. Агар ташхис бирор вақт тасдиқланса, айнан контактларни эрта аниқлаш ва профилактика юқиш занжирини биринчи босқичдаёқ тўхтатиш имконини беради.
Ўлатнинг маданиятдаги изи: «Декамерон»дан - компьютер ўйинларидаги ўлат табибигача
Инсониятнинг коллектив хотирасига ўлатчалик чуқур сингиб кетган касалликлар жуда кам. У нафақат оммавий қабрлар, демографик таназзул ва иқтисодий ўзгаришларни, балки бутун бир маданий образлар тизимини ҳам қолдирди. Ўлим, изоляция, кўринмас хавфдан қўрқиш, эпидемиядан яшириниш истаги ва шу билан бирга одатий ҳаётни давом эттиришга интилиш — буларнинг барчаси адабиёт, рассомлик, театр, кино ва компьютер ўйинларида қайта-қайта намоён бўлади.
Ўлат табиби тимсоли
Бугунги кунда ўлатнинг энг таниқли визуал рамзларидан бири — узун халат, кенг қиррали шляпа ва катта қуш тумшуғига ўхшаш ниқоб кийган инсон образидир. Бу қиёфа XIV асрдаги «Қора ўлим» билан шу қадар қаттиқ боғланиб кетганки, фильмлар, мультфильмлар ва ўйинларда у эпидемия, тиббиёт ва ўлим рамзи сифатида деярли дарҳол танилади. Бироқ тарихий нуқтаи назардан бу ерда муҳим парадокс мавжуд: машҳур узун тумшуқли ниқоб 1347–1353 йиллардаги «Қора ўлим» даври шифокорларининг ишончли тарихий атрибути эмас.

Сақланиб қолган «ўлат ниқоблари» тарихи бўйича тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бундай либоснинг ишончли тасвирлари фақат XVII аср ўрталарида, яъни «Қора ўлим»дан тахминан уч аср кейин, асосан Италия ва Жанубий Францияда пайдо бўлади. XIV асрдаги ўрта аср Европа табиблари бундай тумшуқли ниқобларни оммавий тарзда ишлатганини тасдиқловчи ишончли далиллар йўқ.

Ўлат табиби либосининг яратилиши анъанавий равишда француз шифокори Шарль де Лорм номи билан боғланади. У қироллик саройида хизмат қилган.
Бироқ замонавий тиббиёт тарихчилари бу машҳур версияга эҳтиёткорлик билан қарайди. 2024 йилги тадқиқотга кўра, бизга таниш бўлган образ турли XVII аср тасвирлари, гравюралар ва кейинги талқинлар таъсирида аста-секин шаклланган бўлиши мумкин. Шунинг учун де Лорм айнан бугунги кунда тасвирланадиган либосни якка ўзи ихтиро қилган, деб ишонч билан айтиш қийин.
Ниқобнинг «тумшуғи» ўша даврда ҳукмрон бўлган “миазмалар назарияси” билан изоҳланган. Микробиология пайдо бўлишидан олдин эпидемик касалликлар «бузилган» ёки ёмон ҳидли ҳаво орқали тарқалади, деб ҳисобланган. Шу боис ниқобнинг узун тумшуқ қисмига хушбўй ўсимликлар, зираворлар ёки бошқа хушбўй моддалар жойлаштирилган.
Бундай ҳимоя усули касаллик сабаби ҳақидаги нотўғри тасаввурга асосланган эди: ўша давр табиблари на Yersinia pestis бактериясини, на уни тарқатишда бургаларнинг ролини билган. Шунга қарамай, ёпиқ кийим, қўлқоп ва костюмнинг бошқа элементлари тасодифан бўлса-да, зарарланган материал билан айрим турдаги контактларни камайтирган бўлиши мумкин. Яъни тиббий назария нотўғри эди, аммо айрим физик тўсиқлар маълум даражада ҳимоя бериши эҳтимолдан холи эмас.
Вақт ўтиши билан ўлат табиби фақат тарихий персонаж бўлиб қолмади. Қуш тумшуғи, думалоқ ойнали кўзлари ва деярли ғайриинсоний силуэти уни бир вақтнинг ўзида табиб ва ўлим хабарчисига ўхшаган маданий архетипга айлантирди.

Кингстон Соғлиқни сақлаш тарихи музейи таъкидлаганидек, бу образ кино, комикслар, компьютер ўйинлари ва карнавал маданиятида кенг тарқалган. Машҳур готик RPG — Darkest Dungeon ўйинида, масалан, Plague Doctor алоҳида ўйин персонажи ва синфи сифатида мавжуд; ишлаб чиқувчилар уни асосий қаҳрамонлар қаторига киритган.

«Декамерон»: ҳикоялар «Қора ўлим»дан руҳий паноҳ сифатида
Бевосита «Қора ўлим» даврига анча яқин бўлган асар — италиялик Жованни Боккаччонинг «Декамерон» риманидир. У Европа ўрта асрлари ва илк Уйғониш даври адабиётининг энг муҳим ёдгорликларидан бири ҳисобланади.

1348 йилда эпидемия Флоренцияга етиб келди. Айнан ўлат Боккаччо асари учун сюжет рамкаси вазифасини бажаради. «Декамерон» бошида муаллиф ўлат қамраб олган шаҳарнинг адабиётдаги энг машҳур тасвирларидан бирини яратади: оммавий ўлим одатий ижтимоий алоқаларни парчалайди, дафн маросимлари ўзгаради, одамлар эса ўлимнинг доимий яқинлиги билан юзма-юз қолади. Метрополитен музейи ушбу муқаддимани «Қора ўлим» ҳақидаги классик маданий гувоҳликлардан бири сифатида баҳолайди.
Асарнинг сюжет қурилиши бир вақтнинг ўзида ҳам содда, ҳам жуда кучли. Етти нафар ёш аёл ва уч нафар ёш эркак ўлатдан азият чекаётган Флоренцияни тарк этиб, шаҳар ташқарисидаги қасрга паноҳ топади. Улар ҳаётни маълум тартибда сақлаб қолиш ва қўрқувга таслим бўлмаслик учун бир-бирига ҳикоя айтиб беришга келишиб олади.
Ўн кун давомида улар юзта новелла сўзлаб беришади. Асар номи ҳам шундан келиб чиққан: «Декамерон» сўзи мазмунан «ўн кун» билан боғлиқ.
Энг қизиғи, ҳикояларнинг аксарияти касаллик ҳақида эмас. Улар муҳаббат, инсон зеҳни, тасодиф, пул, дин, алдаш, садоқат ва ижтимоий қоидалар ҳақида. Боккаччода ўлатнинг маданий таъсири айнан шу ерда яққол намоён бўлади.
Пушкин: ўлимга қарши зиёфат
Рус шоири ва адиби Александр Сергеевич Пушкин қаламига мансуб “Ўлат давридаги зиёфат” (“Пир во время чумы”) асари ҳам алоҳида эътиборга молик.

Асарнинг яратилиш тарихи ўзи ҳам рамзий аҳамиятга эга. 1830 йил кузида Пушкин Россиядаги вабо (холера) эпидемияси сабаб жорий этилган карантин чекловлари туфайли Болдинода қолиб кетган. Бу давр кейинчалик машҳур «Болдино кузи» номи билан тарихга кирди. Айнан шу пайтда шоир «Кичик трагедиялар» устида ишлаган ва улар қаторида шу асарни ҳам яратган.
Асар учун асос сифатида шотланд ёзувчиси Жон Вильсоннинг «Ўлат шаҳри» драматик поэмасидан бир парча хизмат қилган. У Буюк Лондон ўлати — 1665 йилдаги эпидемияга бағишланган эди. Бироқ Пушкин ушбу эпизодни шунчалик жиддий қайта ишладики, кичик саҳна рус адабиётининг мустақил асарига айланди.
Сюжет ниҳоятда ихчам. Шаҳарда эпидемия авж олган, атрофда одамлар ўлмоқда, бир гуруҳ эркак ва аёллар эса зиёфат уюштиради. Уларга Вальсингам бошчилик қилади. Ўлим муҳитида иштирокчилар қўрқувга мусиқа, май ва намойишкорона хушчақчақликни қарши қўйишга ҳаракат қилади. Пайдо бўлган руҳоний уларни беҳурматлик ва гуноҳкорона хурсандчиликда айблайди, ҳалок бўлган яқинларини эсга солади.
Эдгар Аллан По: қочиб бўлмайдиган ўлим
Эдгар Аллан По ўлатга оид «Қизил ўлим ниқоби» (The Masque of the Red Death) асарини ёзган. Ҳикоя илк бор 1842 йил май ойида Американинг *Graham's Magazine журналида The Mask of the Red Death: A Fantasy номи билан чоп этилган. 1845 йилги қайта нашрда По Masque шаклини ишлатган, бу эса бир вақтнинг ўзида ҳам ниқоб, ҳам сарой маскаради маъносини кучайтиради.

Эдгар Аллан По тарихий ўлатни тиббий маънода тасвирламайди. Унинг «Қизил ўлими» — хаёлий эпидемик касаллик ва, энг аввало, адабий рамз. Сюжетга кўра, ҳукмдор Просперо касаллик мамлакатни вайрон қилаётган пайтда тахминан минг нафар яқин кишиси билан мустаҳкам аббатликка қамалиб олади. Улар ташқи дунёдан ўзларини жисмонан узишга уринади ва (меҳмонлар турли ниқобларда келиб рақс тушадиган) ҳашаматли маскарад уюштиради. Бироқ меҳмонлар орасида «Қизил ўлим»ни ифодаловчи сирли шахс пайдо бўлади. Просперонинг тақдирдан қочишга қаратилган барча уринишлари бесамар бўлиб чиқади.
Хулоса ва прогноз
Ўлат Ўрта асрлардан қайтаётган касаллик эмас — у табиатда ҳеч қачон тўлиқ йўқолиб кетмаган. Илгари бактерияга улкан пандемиялар келтириб чиқариш имконини берган ижтимоий ва санитар шароитлар кескин ўзгарди, аммо унинг табиий резервуарлари сақланиб қолди. Шунинг учун келгуси йиллар ва ўн йилликларда дунёда айрим касалланишлар ва локал ўчоқлар, айниқса Африка, Осиё ва Америкада кузатилиши мумкин. Иқлим ва экологик ўзгаришлар кемирувчилар ҳамда бургалар сони ва географиясига таъсир қилиши мумкин, халқаро қатновлар эса давлатлар ўртасида яхши эпидемиологик ахборот алмашинувини талаб қилади. Лекин табиий ўчоқларнинг мавжудлиги глобал пандемия муқаррарлигини англатмайди.
Иркутск воқеаси, энг аввало, текширилиши лозим бўлган эпидемиологик сигналдир, тасдиқланган ўлат эпидемияси эмас. Зеро, қора ўлимдан кейинги етти аср мобайнида инсоният катта устунликка эришди: душманнинг кимлигини таниймиз. У қаерда сақланиши, қандай юқиши ва қандай даволаниши маълум. Бугунги ўлат ўта хавфли инфекция бўлсада, ҳозирги самарали тиббиёт шароитида бутун дунёга таҳдид солиш қудратига эга эмас.
Абулфайз Сайидасқаров





