Таиланд визасини олиш тартиби эълон қилинди
Ариза тўлдирилгандан сўнг, ариза берувчи 40 АҚШ доллари миқдоридаги визавий йиғимни нақд пул шаклида Таиланднинг Россия Федерациясидаги (Москва шаҳри) элчихонасида тўлаши лозим. Тўловни учинчи шахслар, жумладан, турагентлар орқали амалга оширишга ҳам рухсат этилади.

Таиланд визасини олиш тартиби эълон қилинди.
Таиланд ҳукумати қарорига мувофиқ, 2026 йил 15 сентябрдан бошлаб, Таиландга, жумладан, туристик мақсадларда ташриф буюришни режалаштираётган Ўзбекистон фуқаролари мамлакатга боришдан олдин Таиланд электрон визасини расмийлаштиришлари лозим.
Таиланд электрон визаси мамлакат ҳукуматининг расмий веб-сайти – www.thaievisa.go.th орқали онлайн тарзда ариза тўлдириш йўли билан расмийлаштирилади.
Ариза тўлдирилгандан сўнг, ариза берувчи 40 АҚШ доллари миқдоридаги визавий йиғимни нақд пул шаклида Таиланднинг Россия Федерациясидаги (Москва шаҳри) Элчихонасида тўлаши лозим. Тўловни учинчи шахслар, жумладан, турагентлар орқали амалга оширишга ҳам рухсат этилади.
Шу билан бирга, визани расмийлаштириш бўйича аризани кўриб чиқиш жараёни визавий йиғим тўланганидан кейингина бошланади.
Таиланд Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, аризани кўриб чиқиш муддати 10 кундан ошмаслиги белгиланган. Бироқ амалда визани тасдиқлаш тўғрисидаги хабар тўлов амалга оширилганидан кейин ўртача 15 кун ичида электрон почта манзилига юборилмоқда.
Шунингдек, айрим ҳолатларда электрон виза расмийлаштириш веб-сайтида техник носозликлар кузатилиши мумкин. Жумладан, ариза ҳолати сайтда муваффақиятли кўриб чиқилган деб кўрсатилгани ҳолда, визани тасдиқловчи ҳужжат ариза берувчининг электрон почта манзилига келиб тушмаслиги ҳолатлари ҳам қайд этилган.
Электрон визани расмийлаштириш босқичлари:
1.Шахсий аккаунт яратиш;
2.Электрон анкета тўлдириш;
3.Қўшимча ҳужжатларни юклаш;
4.Аризани кўриб чиқишни кутиш;
5.40 АҚШ доллари миқдоридаги визавий йиғимни тўлаш;
6.Виза тасдиғини ариза берувчининг электрон почта манзилига олиш.





