CPHI 2026: МБФИТИ Миланда халқаро фармацевтик ҳамкорлик марказида
Миллий биофармацевтика илмий-тадқиқот институти Италиянинг Милан шаҳрида ўтказилаётган CPHI Milan 2026 халқаро кўргазмасида ўз стенди билан иштирок этмоқда.

Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Миллий биофармацевтика илмий-тадқиқот институти халқаро кўзгазмада иштирок этмоқда.
Кўргазма доирасида институт вакиллари хорижий ташкилотлар билан мулоқотлар ўтказиб, дори воситаларини ишлаб чиқиш, клиник тадқиқотлар, фармацевтик хомашё таъминоти ва илмий ишланмаларни тижоратлаштириш йўналишларида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди.
Тунисдаги фармацевтика ташкилотлари билан ўрнатилган алоқалар саратонга қарши генерик препаратларни тадқиқ этиш ва ишлаб чиқариш тажрибасини ўрганиш, келгусида қўшма илмий-технологик лойиҳаларни шакллантириш учун имконият яратади.

Германиядаги фармацевтик хомашё таъминотига ихтисослашган ташкилот билан ҳамкорлик фаол фармацевтик ингредиентлар, фитокимёвий бирикмалар ва доривор ўсимликлар асосидаги материаллардан илмий тадқиқотларда фойдаланиш имкониятларини кенгайтириши мумкин.
Ҳиндистондаги фармацевтика компаниялари билан ўрнатилган алоқалар хомашё ва тайёр дори воситалари таъминоти, маҳсулотларни рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатлар тайёрлаш ҳамда экспорт имкониятларини ўрганиш учун аҳамиятлидир.
Буюк Британиядаги клиник тадқиқотлар ташкилоти билан мулоқот клиник синовларни режалаштириш ва ташкил этиш, тадқиқот маълумотларини бошқариш, биостатистик таҳлил ҳамда сифатни таъминлаш бўйича тажриба алмашишга замин яратди.
Мисрдаги инновацион даволаш воситаларини бозорга олиб чиқишга ихтисослашган компания билан алоқалар кам учрайдиган касалликларни даволашга мўлжалланган препаратларни лицензиялаш ва биотехнологик ишланмаларни тижоратлаштириш имкониятларини ўрганишга хизмат қилиши мумкин.

Канададаги фармацевтик консалтинг ташкилоти билан ўрнатилган алоқа илмий лойиҳаларга маслаҳат кўмагини жалб этиш ва халқаро тажриба алмашиш учун имконият яратади. Суриядаги тиббий ва фармацевтик маҳсулотлар таъминоти билан шуғулланувчи компания билан эса тиббий ускуналар, сарфлов материаллари таъминоти ва ташқи бозорларга чиқиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари мавжуд.
Мазкур мулоқотлар институтнинг халқаро ҳамкорлар доирасини кенгайтириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва ишланмаларни амалиётга татбиқ этишга қаратилган қўшма лойиҳаларни шакллантириш учун асос бўлиб хизмат қилади.





