Тиббиётга ажратилаётган маблағлар 49 триллион сўмга етди
Келгуси йилдан тиббиёт ва фармацевтика ходимларини халқаро стандартларга мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказиш тизими йўлга қўйилади. 2027–2028 ўқув йилидан бошлаб тиббиёт мутахассисларини тайёрлаш тўлиқ резидентура дастурлари орқали амалга оширилади.

Президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт ва фармацевтика ходимларини табриклади.
Кейинги йилларда соҳага ажратилаётган маблағлар ҳажми 7 баробар кўпайтирилиб, жорий йилда 49 триллион сўмга етказилди. Тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳияти мустаҳкамланиб, уларнинг фаолиятига энг замонавий диагностика ва даволаш технологиялари, инновацион ёндашувлар кенг татбиқ қилинмоқда.
Жойларда бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш бўйича янги модель босқичма-босқич жорий этилмоқда.
Инфаркт ва инсультга қарши курашиш, онкологик ва гематологик касалликларни эрта босқичда аниқлаш, паллиатив ёрдамни ривожлантириш борасида илк бор ўз миллий тизими барпо этилгани ҳам диққатга сазовордир.
Поликлиника ва шифохоналар, хусусий клиника ва дорихоналарни ягона рақамли тизимга бирлаштирилгани, DMED электрон ахборот тармоғи орқали 38 миллиондан зиёд аҳолининг тиббий картаси яратилгани, “Электрон поликлиника”, “Электрон шифохона”, “Электрон рецепт” тармоқлари йўлга қўйилаётгани хизмат кўрсатиш сифати ва самарасини тубдан оширмоқда. Энди, сунъий интеллектни шифокор ва ҳамшираларга хизмат қиладиган кўмакчига айлантириб, бу тизим имкониятларини янада кучайтириш назарда тутилган.
Таълим ва илм-фан ривожига қаратилаётган эътибор туфайли 2017 йилдан буён тиббиёт олийгоҳларига қабул квотаси 4,5 карра кўпайди. Уларнинг 40 та таълим дастури халқаро аккредитациядан ўтказилди. Илгари бу олийгоҳларга 4 та давлатдан талабалар келиб ўқиган бўлса, ҳозир бу рақам 41 тага етди, чет эллик талабалар сони эса 15 минг нафардан ошди.
Келгуси йилдан тиббиёт ва фармацевтика ходимларини халқаро стандартларга мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказиш тизими йўлга қўйилади. 2027–2028 ўқув йилидан бошлаб тиббиёт мутахассисларини тайёрлаш тўлиқ резидентура дастурлари орқали амалга оширилади.
Хусусий тиббиёт тармоғи жадал ривожланиб, соҳада соғлом рақобат, танлаш имконияти пайдо бўлмоқда. Буни юртимиздаги хусусий клиникалар сони сўнгги ўн йилда 3 минг 500 тадан 9 мингдан зиёдга ошгани, уларга рухсат этилган ихтисослаштирилган тиббий хизматлар тури 50 тадан 213 тага етгани мисолида яққол кўриш мумкин.
Фармацевтика саноатида ишлаб чиқариш, экспорт ва инвестициялар ҳажми кенгаймоқда. Маҳаллий корхоналарда 6 минг 800 дан ортиқ турдаги дори воситалари тайёрланмоқда. Фармацевтика маҳсулотлари 50 дан зиёд мамлакатга экспорт қилинмоқда.
Мамлакатимизда ўртача умр кўриш давомийлиги 73,8 ёшдан 75,4 ёшга етгани биз учун энг муҳим кўрсаткичдир. Олдимизда ушбу рақамни 78 ёшга етказиш, касалликларнинг олдини олиш, эрта ташхис қўйиш ва самарали даволаш соҳасидаги ишларимизни янги босқичга кўтариш бўйича катта вазифалар турибди.
"Яқинда соҳа вакиллари билан бўлган учрашувда ана шу масалалар ҳақида, тиббиёт ва фармацевтика ходимларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш тўғрисида батафсил гаплашиб олдик. Бундай долзарб вазифаларни ҳал этишда сизлар янада юксак самара билан меҳнат қилиб, соҳани жадал ривожлантиришга бундан буён ҳам муносиб ҳисса қўшасиз, деб ишонаман", дея таъкидланади Президент хабарида.





