Барча тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қамраб оладиган ягона электрон реестр шакллантирилади
У 16 та ахборот базаси билан интеграция қилиниб, мутахассиснинг таълими, малакаси ва касбий фаолиятига оид маълумотларни бир жойда жамлаш имконини беради.

Президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш, уларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда узлуксиз касбий таълим тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини трансформация қилиш, бирламчи тиббий ёрдам сифатини ошириш, замонавий клиникалар ва диагностика имкониятларини кенгайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур ўзгаришлар тиббиёт ва фармацевтика соҳаси учун кадрлар тайёрлашни ҳам замон талаблари асосида қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.
Шу боис, тиббий таълимни назарий билим беришдан компетенция ва амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтириш, таълим дастурларини халқаро стандартларга мослаштириш, мутахассиснинг билим ва малакасини холис баҳолаш ҳамда унинг бутун меҳнат фаолияти давомида касбий ривожланиб боришини таъминлайдиган яхлит тизим яратиш мақсад қилинган.
Тақдимотда, аввало, тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чоралари кўриб чиқилди. Таклифлар Кембриж, Пенсильвания ва Гарвард университетлари тавсиялари асосида, халқаро ва маҳаллий мутахассислар иштирокида ишлаб чиқилган.
Эндиликда тиббиёт олийгоҳларига қабул параметрлари ҳудудлар ва тиббиёт муассасаларининг реал эҳтиёжи, кадрлар етишмовчилиги асосида шакллантирилади. Давлат буюртмаси йўналишлар кесимида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.
2027/2028 ўқув йилидан “Даволаш иши” йўналиши ўрнига 6 йиллик “Умумий тиббиёт” бакалавриат дастурини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Беш йиллик таълимдан кейин талабалар бир йил тўлиқ амалий тайёргарликдан ўтади. Дастурни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар оилавий шифокор сифатида ишлаш имкониятига эга бўлади.
Оилавий тиббиёт бўйича кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади. Резидентларнинг оилавий поликлиникаларда бир вақтнинг ўзида ўқиши ва амалиёт ўташи йўлга қўйилади. Тор соҳа мутахассисларини тайёрлаш эса босқичма-босқич резидентурага ўтказилиб, магистратура асосан илмий-педагогик кадрлар тайёрлашга йўналтирилади.
Ўрта тиббиёт кадрларини тайёрлашда ҳам янгича ёндашувлар жорий этилади. Олий маълумотли ҳамшираларнинг ташхис, даволаш ва профилактика жараёнларида шифокорга яқин кўмакчи сифатидаги ўрни оширилади.
Фармацевтика таълими ишлаб чиқариш билан янада яқин боғланади. Корхоналар эҳтиёжи асосида дуал таълим кенгайтирилиб, амалий машғулотлар улушини ошириш, талабаларни дори воситаларини ишлаб чиқишдан тортиб, сифат назорати ва стандартлаштиришгача бўлган жараёнларга жалб қилиш белгиланмоқда.
Тақдимотнинг кейинги қисми тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини жорий этишга бағишланди.
Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мутахассисларнинг билим ва амалий тайёргарлигини мустақил баҳолаш тизими жорий этилади.
Барча тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қамраб оладиган ягона электрон реестр шакллантирилади. У 16 та ахборот базаси билан интеграция қилиниб, мутахассиснинг таълими, малакаси ва касбий фаолиятига оид маълумотларни бир жойда жамлаш имконини беради.
Давлат рўйхатидан ўтишни 2027 йилдан ихтиёрий, 2030 йилдан эса мажбурий тартибда жорий этиш таклиф қилинмоқда. Кейинчалик давлат рўйхатидан ўтмаган мутахассис тиббий ёки фармацевтик фаолият билан шуғуллана олмайди.
Баҳолаш босқичма-босқич – фундаментал ва клиник фанлар, кейин эса мутахассислик бўйича амалга оширилади. Бунинг учун ягона тест ва топшириқлар банки, замонавий симуляцион базалар ташкил этилади. Имтиҳондан ўта олмаган мутахассисларга қайта топшириш имконияти берилади.
Янги тизимга ихтиёрий равишда эртароқ кирган ходимларни рағбатлантириш ҳам назарда тутилган. Имтиҳондан муваффақиятли ўтиб, давлат рўйхатига киритилган олий маълумотли шифокор ва фармацевтика ходимларига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 бараваригача, ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимларига 2,5 бараваригача устама тўлаш таклиф этилди.
Давлат рўйхатидан ўтказиш ва мутахассислар малакасини баҳолаш ишларини ташкил этиш учун алоҳида марказ фаолияти йўлга қўйилади.
Тақдимотда тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг узлуксиз касбий таълим тизимини такомиллаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Замонавий тиббиётда диагностика ва даволаш усуллари, дори воситалари ва технологиялар тез янгиланиб бораётгани боис, мутахассисларнинг билим ва амалий кўникмаларини мунтазам ошириб бориш муҳимлиги таъкидланди.
Шу мақсадда барча тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қамраб оладиган янги узлуксиз касбий таълим тизими жорий этилади. Таълим провайдерлари ва дастурлари аккредитациядан ўтказилиб, жараёнлар рақамлаштирилади.
Тизим кредит-модуль тамойилига асосланади. Олий маълумотли тиббиёт ва фармацевтика ходимлари ҳар йили камида 50 кредит, ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари эса 28 кредит тўплаши белгиланмоқда. Ушбу кредитлар давлат рўйхатидан ўтиш ва касбий малакани тасдиқлашда ҳисобга олинади.
Мутахассисга таълим провайдери, дастур ва ўқиш шаклини мустақил танлаш ҳуқуқи берилади. Анъанавий ва масофавий таълим, онлайн курслар, иш жойида малака ошириш, семинар ва тренинглар каби турли шакллардан фойдаланиш мумкин бўлади.
Халқаро аккредитациядан ўтган хорижий дастур ва тадбирларда олинган кредитларни Ўзбекистонда тан олиш механизми ҳам жорий этилади.
Узлуксиз касбий ривожланиш марказини ташкил этиб, унга таълим сифати, провайдерлар ва дастурлар аккредитацияси, замонавий стандартларни жорий этиш вазифаларини юклаш таклиф қилинди.
Касбий таълим дастурларида аҳоли орасида энг кўп учрайдиган ва ўлим хавфи юқори бўлган касалликларга устувор эътибор қаратилади. Кардиология, шошилинч тиббий ёрдам ва онкология йўналишларида етакчи хорижий ҳамкорлар билан замонавий дастурлар ишлаб чиқилади.
Президентимиз тиббий таълим, мустақил баҳолаш, давлат рўйхатидан ўтказиш ва узлуксиз касбий ривожланишни ўзаро боғланган ягона тизим сифатида шакллантириш муҳимлигини таъкидлади.
Мутасаддиларга янги тартибларни босқичма-босқич жорий этиш, халқаро стандартларни кенг татбиқ қилиш ҳамда амалга оширилаётган ўзгаришлар, энг аввало, тиббий хизмат сифати ва беморлар хавфсизлигини оширишга хизмат қилишини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.
