platina.uz
Жамият

Хусусий секторнинг тиббиётдаги улуши 30 фоизга етказилади

Нодавлат тиббиёт ташкилотларига давлат тиббий суғуртаси ҳамда лицензия доирасида барча йўналишларда беморларга бюджет маблағлари ҳисобидан тиббий хизмат кўрсатишга рухсат берилади. 

Хусусий секторнинг тиббиётдаги улуши 30 фоизга етказилади

Президентнинг "Тиббиёт соҳасида хусусий секторни қўшимча қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони эълон қилинди.

Унга кўра, тиббиёт соҳасида хусусий секторни қўллаб-қувватлашнинг асосий мақсадлари белгилади:

- хусусий секторнинг тиббий хизматлар кўрсатишдаги улушини 2030 йилга қадар 30 фоизга етказиш;

- соғлиқни сақлаш соҳасида инвестиция ва давлат-хусусий шериклик (кейинги ўринларда – ДХШ) асосидаги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда инвесторларга комплекс хизмат кўрсатиш;

- ҳудудларда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ва қулайлигини ошириш;

- нодавлат тиббиёт ташкилотларини қўшимча қўллаб-қувватлаш орқали тиббий хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш.

2026 йил 1 июлдан бошлаб:

- нодавлат тиббиёт ташкилотларига давлат тиббий суғуртаси ҳамда лицензия доирасида барча йўналишларда беморларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий хизматларни кўрсатишга рухсат берилади. Бунда даволаш харажатлари давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари учун ягона базавий нархлар асосида қоплаб берилади;

- миллий аккредитация ёки Соғлиқни сақлашда сифат бўйича халқаро жамияти (ISQua) томонидан аккредитациядан ўтказилган ташкилотларнинг аккредитациясидан (кейинги ўринларда – халқаро аккредитация) ўтган тиббиёт ташкилотлари учун беморларни Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволаш бўйича Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) билан шартнома тузишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги эксперт комиссиясининг хулосасини олиш талаби бекор қилинади;

- Жамғармага ажратилган маблағлар доирасида беморларга тиббиёт ташкилотларида ихтисослаштирилган амбулатор тиббий хизматлар кўрсатиш ва жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун йўлланма бериш тартиби жорий этилади;

- беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағларни тиббиёт ташкилотлари кесимида тақсимлаш амалиёти бекор қилинади ҳамда касалликлар йўналишлари кесимида ойлик маблағлар ҳажмини белгилаш тартиби жорий қилинади;

- тиббиёт ташкилотлари томонидан тиббий фаолият учун лицензия талаблари ва шартлари бузилган тақдирда, лицензиянинг амал қилишини фақат бундай бузилишларга йўл қўйилган тиббий ихтисослик тури қисмида тўхтатиб туриш амалиёти йўлга қўйилади;

-туғуруқни қабул қилиш йўналишида тиббиёт ташкилотларини ташкил этишда бактериологик лаборатория хизматларини аутсорсинг асосида йўлга қўйишга рухсат берилади.

Миллий ёки халқаро аккредитациядан ўтган нодавлат тиббиёт ташкилотларига 2027 йил 1 майдан бошлаб қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартиб асосида трансплантация амалиёти билан шуғулланишга рухсат берилади.

Трансплантация жарроҳлик амалиёти ўтказилгандан сўнг беморларни реабилитация қилиш тартиби ишлаб чиқилади. Бунда нодавлат тиббиёт ташкилотининг реабилитация муддати давомида жавобгарлиги, шунингдек, беморларнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар учун компенсация тўлаб бериш масалалари белгиланади.

Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилади:

(а) нодавлат тиббиёт ташкилотлари тармоғини ривожлантириш, уларнинг соғлиқни сақлаш тизимига интеграциясини таъминлаш, илғор тиббий технологияларни жорий этиш борасида уларни қўллаб-қувватлаш;

(б) тиббиёт ташкилотлари фаолиятини самарали ташкил этиш учун тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестициялар (кейинги ўринларда – инвестиция)ни жалб этиш, ДХШ ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш;

(в) давлат тиббиёт ташкилотларини стратегик ривожланиш дастурлари асосида бошқарувга беришда иштирок этиш;

(г) соғлиқни сақлаш тизимида “ягона дарча” тамойили асосида маҳаллий ва хорижий инвесторларга консалтинг ва бошқа хизматлар кўрсатилишини таъминлаш;

(д) соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг мастер режасини ишлаб чиқишга ва уни такомиллаштириб боришга кўмаклашиш.

2027 йил 1 январдан бошлаб соғлиқни сақлаш соҳасига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишнинг янги тизими жорий этилади.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid