platina.uz
Tashkent Content Market — 4–5 fevral 2027, tcm.uz
Жамият

BioPharma City "Strategic Partnership Award" мукофоти соҳиби

Тақдимотда мамлакатимизда биофармацевтика ва биотехнология саноатини ривожлантиришда илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясининг аҳамияти алоҳида таъкидланди. 

BioPharma City "Strategic Partnership Award" мукофоти соҳиби

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги делегацияси Германиянинг Гёттинген шаҳрида Sartorius компанияси томонидан ташкил этилган “Bridging the Gap Between Academia and Industry Summit-2026” халқаро саммитида иштирок этди. Бу ҳақда Агентлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

Дунёнинг 30 га яқин мамлакатидан етакчи олимлар, профессорлар, университетлар, илмий-тадқиқот институтлари ҳамда фармацевтика ва биотехнология саноати вакилларини бирлаштирган мазкур саммит илм-фан ва саноат ўртасидаги узвий интеграцияни ривожлантириш, илмий тадқиқотлар натижаларини амалиётга татбиқ этиш, инновацион технологияларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш ҳамда академик билимларни саноат эҳтиёжлари билан уйғунлаштириш масалаларига бағишланди.

Тадбир доирасида Агентлик ходими томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган “Biopharma City” лойиҳаси ва биофармацевтика кластерининг концепцияси, стратегик мақсадлари, устувор фаолият йўналишлари ҳамда ривожланиш истиқболларига бағишланган тақдимот ўтказилди.

Тақдимотда мамлакатимизда биофармацевтика ва биотехнология саноатини ривожлантиришда илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясининг аҳамияти алоҳида таъкидланди. Хусусан, илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасаларида яратилаётган илмий ишланмаларни саноат эҳтиёжлари билан боғлаш, фундаментал ва амалий тадқиқотлар натижаларини инновацион маҳсулотларга айлантириш, янги биологик дори воситалари ва вакциналарни ишлаб чиқиш, технологиялар трансфери ҳамда илмий ишланмаларни тижоратлаштириш масалалари ёритилди.

Шунингдек, “Biopharma City” лойиҳаси доирасида Life Sciences (ҳаёт ҳақидаги фанлар), замонавий биотехнологиялар, биофармацевтик маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқариш, илмий-тадқиқот инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда инновацион технологияларни амалиётга татбиқ этиш учун яхлит экотизимни шакллантиришга қаратилган ёндашув намойиш этилди.

Саммит давомида академик тадқиқотларни саноат миқёсида қўллаш, илмий лабораториялар ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш, замонавий биожараён технологияларидан фойдаланиш, илмий натижаларни тижоратлаштириш ҳамда юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш бўйича халқаро тажрибалар билан танишилди. Хорижий университетлар, илмий-тадқиқот марказлари ва саноат вакиллари билан ўтказилган учрашувларда ушбу йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва амалий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

Саммитнинг муҳим воқеаларидан бири Германиянинг Sartorius компанияси томонидан “Biopharma City” лойиҳасига “Strategic Partnership Award” (Стратегик ҳамкорлик) мукофоти топширилиши бўлди.

Ушбу мукофот Ўзбекистоннинг биофармацевтика ва биотехнология соҳасидаги салоҳияти, илм-фан ва саноат интеграциясига асосланган ривожланиш модели ҳамда халқаро миқёсда стратегик ҳамкорликни йўлга қўйиш борасидаги саъй-ҳаракатларининг эътирофи сифатида тақдим этилди.

Мазкур халқаро эътироф мамлакатимизда замонавий биофармацевтика экотизимини шакллантириш, илмий тадқиқотлар ва саноат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инновацион ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш ҳамда Life Sciences йўналишида янги имкониятларни яратиш йўлидаги муҳим натижалардан биридир.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid