platina.uz
Tashkent Content Market — 4–5 fevral 2027, tcm.uz
Жамият

Йўловчи ўзбекча гапиришни талаб қилгани учун Centrum Air’га чиқарилмади

Centrum Air билан боғлиқ навбатдаги муаммо яна тармоқларда тарқалди. Бу гал йўловчи борт кузатувчидан ўзбек тилида гапиришни сўрагани учун йўловчи парвозга қўйилмагани айтилмоқда.

Йўловчи ўзбекча гапиришни талаб қилгани учун Centrum Air’га чиқарилмади

Кеча, 5 октябрь куни Instagram тармоқ фойдаланувчиси kmoil_vlogs Centrum Air’нинг Самара — Тошкент рейсига киришда борт кузатувчисидан ўзбек тилида гапиришни сўраганидан сўнг парвозга қўйилмаганини айтиб Instagram’да видео мурожаат қолдирган эди.

Ҳодисадан сўнг компания ҳолатга расмий муносабат билдирди.

Унга кўра, 5 октябрь куни C6468 Самара – Тошкент рейси йўловчиси борт кузатувчига нисбатан тажовузкор муносабатда бўлган ва ходимани ҳақорат қилган ҳамда йўловчиларнинг бортга чиқиш вақтида унинг ишига халақит берган.

“Бундай хатти-ҳаракат бортдаги хавфсизлик ва тартибга таҳдид туғдириши мумкин эди, шу сабабли ҳаво кемаси командири йўловчини парвозга қўймаслик тўғрисида қарор қабул қилди. Ушбу қарорни тўлиқ асосли деб ҳисоблаймиз”, дейилади компания расмий муносабатида.

“Ҳодисанинг барча тафсилотлари ҳужжатлаштирилган. Авиакомпания мазкур фуқаронинг хатти-ҳаракатлари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда”, — дея қўшимча қилади компания.

Компания муносабатидан сўнг мурожаатчи ҳам унга нисбатан ўз фикрини билдирди. Унга кўра, йўловчи борт кузатувчисига ҳеч қандай ҳақорат ёки бошқа ҳаракатларни содир қилмаган.

“Агар мен тажовузкор ҳаракат қилиб, стюардессани ҳақорат қилганимда эди, мени ички ишлар ходимлари “срази” обориб қамаб қўяр эди, жарима қилар эди, депорт қилар эди. Балким урушга ҳам жўнатиб юборар эди… Агар мен қўпол муомала қилганимда, тажовузкор ҳаракат қилганимда видео қўймас эдим. Нега ўз айбимни ўзим олиб чиқишим керак?”, — дейди Instagram фойдаланувчиси.

Унинг сўзларига кўра, борт кузатувчиси унинг телефонини олиб қўйишга ҳаракат қилган. Тармоқ фойдаланувчиси Centrum Air авиакомпаниясининг расмий муносабатидаги “мазкур фуқаронинг хатти-ҳаракатлари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда” сўзига эътибор бериб, энди нотўғри маълумот бергани учун компания ҳам жавоб беришини таъкидламоқда.

“Қани кўрамиз, Ўзбекистон фуқаросининг қадр-қиммати қанчалик устун Ўзбекистон авиакомпанияси учун. Мен ҳозир меҳмонхонага жойлашдим, ҳозир яна 100 км босиб бошқа аэропортга боришим керак. Биринчидан вақтимни ўғирлаганингиз учун, иккинчидан нотўғри маълумот бериб расмий изоҳ берганингиз учун ҳали сиз ҳам жавоб берасиз”, дейди у.

Охирги ойларда CentrumAir билан боғлиқ муаммолар ижтимоий тармоқларда кенг тарқала бошлади. Мисол учун, самолётларнинг вақтидан анча кеч парвоз қилиши ёки Истанбул-Фарғона йўналиши бўйича 100 га яқин йўловчининг багажи Истанбулда қолиб кетганини айтиш мумкин.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid