platina.uz
Tashkent Content Market — 4–5 fevral 2027, tcm.uz
Жамият

Ўзбек тилининг мавқеи: тараққиёт, муаммо ва таҳдидлар

Ўзбек халқининг тил ва маданий бирлигини сақлаш йўлидаги жиддий муаммолардан бири — турли мамлакатларда истиқомат қилаётган ўзбеклар учун умумий қабул қилинган ягона ёзув стандартининг мавжуд эмаслигидир. Бугунги кунда Ўзбекистон, Афғонистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия ва бошқа давлатларда яшовчи ўзбеклар умумий тил ва маданий маконга мансуб бўлсалар-да, айни бир тилни ёзма шаклда ифодалаш учун турли алифболардан фойдаланмоқдалар.

Ўзбек тилининг мавқеи: тараққиёт, муаммо ва таҳдидлар

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио шу кунларда Ўзбекистонда учрашув ҳамда музокаралар ўтказмоқда. Унинг сиёсий ва иқтисодий миссияси алоҳида мавзу. Аммо у Самарқандда журналистлар билан мулоқот чоғида суҳбатдошидан ўзбек тилида гаплаша оласизми, деб сўрагани миллат ва тилга эътиборсиз бўлмаган ҳар қандай одамни ўйга толдиради.

Марко Рубио суҳбатдоши фақат рус тилида гапира олишини билгач, “ҳозир бу расмий тил эмас, лекин кўпчилик шу тилда гаплашади, буни тушунаман”, дея муносабат билдирди.

Бу шунчаки бир ҳодиса эмас, бу ўзбек тилининг мақоми ҳатто титул миллат яшовчи Ўзбекистонда ҳам эътибор қаратиш керак бўлган муаммо экани ҳақида хавотирли сигнал.

Миллат омон қолиши ва ўзлигини сақлашининг асосий омили

Ўзбекистонда ўзбеку тили байрами худди 8 март байрамида аёлларга бир кунлик алоҳида эътиборга ўхшайди: бир йилда бир марта эсланиб, тадбирлар ўтказилади, талаба қизлар ҳозир ҳеч ким киймай қўйган (аслида раққосалар учун замонавий дизайнерлар ўйлаб топган) “миллий” кийимларда чиқиб, ўзлари тушунмайдиган Алишер Навоий ғазалларини аруз қоидаларини бузган ҳолда ўқиб беришади. Тантанали нутқлар сўзланади, аждодларга мадҳ айтилади, 1-2 та қарорлар чиқарилади. ОАВда “тилга эътибор – элга эътибор” қабилидаги материаллар эълон қилиш кампанияси бошланади. Ўтган йили чиққан мақола ёки кўрсатувни сал замонга мослаб, саналарини ўзгартириб, қайта бериб юборса ҳам бўлаверади, барибир эртага ҳеч ким кўрмайди ва ўқимайди. Бўлди, шу билан худди ёқимсиз, аммо шарт амални бажариб, худди бир ишни қойил қилгандек, аждодлар олдидаги мажбуриятимизни бажаргандек енгил тин оламиз. Шу тарзда 22 октябрдан бошлаб, бу мавзу яна 1 йилга сандиққа ташлаб қўйилади...

Афсуски, она тилимиз худди оғир касалга чалиниб, узоқ йиллардан бери ўла олмай ётган онага ўхшайди: қудратли ўгай она (айтайлик, рус тили) деярли бир асрдан бери аллақачон уйда хўжайин. Кекса ва касал онанинг ҳаётимизга таъсири деярли йўқ, ортиқча ташвиш холос. Ўзи ўлиб-ўлмайди, ўлдириб юбориш ҳам ноқулай – “одамлар” гапиради. Аммо жонлантириб яшартириш ҳам мушкул, бунга кучи етадиган шахслар бундан манфаатдор эмас! Ўгай она эса туққан онанинг тамомила ўлиши учун ҳамма чораларни кўришда давом этмоқда...

Хўш, нега тилимизга эътибор доим 21 октябрда эсимизга тушиб қолади? Нега зиёлилар доим тил мавзусига қайтаверишади. Хўш, рус ёки хитой тилида гапиришга ўтсак, бирор жойимиз камайиб қоладими? Ана шунча амалдор ва зодагонлар ўзбек тилини яхши билмаса ҳам халқни ортидан эргаштириб юрибдику?

Миллат идентификациясининг асосий белгиси

Дунёда миллатлар ва элатлар кўп. Тиллар ҳам кўп. Уларнинг айримлари жаҳон тиллари мақомида бўлиб. БМТ иш юртиши тиллари ҳисобланади. Айримлари давлат тили мақомида, айримлари эса йўқолиб кетмоқда. Энг қизиғи, бирор миллатнинг миллат сифатида сақланиб қолиши унинг тили ҳолатига боғлиқ. Масалан, АҚШга қул сифатида олиб келинган африкаликлар ўз тилларини йўқотгач, миллат сифатида ҳам ўзлигини йўқотишган. Ҳозир уларнинг авлодлари шунчаки “афроамерикалик” дейилади.

Ёки Россияда деярли 3 асрдан бери руслардан бошқа миллатларнинг тиллари мақсадлари равишда йўқ қилинмоқда. Бир пайтлари юз минглаб бўлган миллатлар ҳозир 5-10 минг атрофида қолган. Халқ қириб юборилмаган, шунчаки уларнинг тили ва дини рус тили ва православ дини билан алмаштирилган.

Натижада кичик миллатлар гўёки улкан қозонда эриб, асосий халқ билан аралашиб кетган.

Татаристонда ҳам 2017 йилда татар тилини мактабларда мажбурий ўқитиш тўхтатилди. Россия прокуратураси татар тилини мактабларда ўқитишини қонунга зид деб топди.

Лекин рус тилини мамлакат ичида ва дунёда тарғибот этишга Москва алоҳида эътибор қаратади. Россия президенти томонидан 2015 йил 3 ноябрда тасдиқланган, (№ Пр-2283)

“Давлат томонидан рус тилини хорижда қўллаб-қувватлаш ва тарғиб қилиш концепцияси”нинг 4-бандида рус тилини тарқатиш Россиянинг ташқи сиёсий манфаатларини амалга ошириш воситаларидан бири сифатида кўрсатилган. 21-бандда эса МДҲ мамлакатларида рус тилининг мавқеини мустаҳкамлаш, уни ўқитиш дастурларини ишлаб чиқиш ва ўқитувчилар малакасини ошириш белгиланган. Россотрудничества айниқа постсовет давлатларида рус тилини ўргатиш учун муттасил лойиҳалар амалга оширади. 2026 йил 6 июнда Россия Таълим вазирлиги рус тили ва Россия таълимини хорижда қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётганини маълум қилган.

Россия бюджетида «Поддержка и продвижение русского языка за рубежом» номли алоҳида давлат дастури кўрсатилган бўлиб, 2025 йил учун мазкур дастурга тахминан 1,78 миллиард рубль ажратиш назарда тутилган.

Постсовет давлатларининг деярли ҳаммасида рус тилида таълим берилувчи мактаблар ва ОЎЮлари мавжуд. Лекин Россиянинг ўзида фақат ва фақат рус тилида таълим берилади. Ҳаттоки Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев Россияда ўзбек диаспораси маблағлари ҳисобидан хусусий мактаб ва боғчалар очишга кўмаклашишни сўраганида Россия Думаси буни қатъиян рад этди.

Ёки бўлмаса Хитойда уйғурларни хитойлаштириш учун аввал тилидан маҳрум қилинди.

Уйғурлар ҳатто кўчада ўзаро ва ўз уйида ҳам фақат хитойча гапириишга мажбурланмоқда.

Нега шундай қилинади? Чунки бола қайси тилни ўз она (!) тилиси деб қабул қилса, ўзини шу халққа мансуб деб ҳисоблайди ва шу халққа хизмат қилади. Россия ва бошқа давлатлар аввало ўз тилини бошқа халқаларга тиқиштириш орқали шу ҳудудларда “юмшоқ куч”га эга бўлади, ўз манфаатларини илгари суриш учун замин тайёрлайди. Масалан, Россия Украинага бостириб кириши учун баҳоналаридан бири – “рус тилида сўзлашувларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” бўлди. Бу ҳам тафаккурга чорловчи мисол. Хуллас, тил - маданий ва миллий идентификациясининг асосий маркери ҳисобланади.

Энди яна Марко Рубио кесатиғига қайтсак. Нега биздаги манқуртлар ҳамон ўзбек тилига эътиборсизлик, ҳаттоки жирканиш ва қашшоқ халқ тили сифатида қарайди? Рус тилида гапиришни маданият ва саводхонлик белгиси деб ҳисоблайди?

Гап шундаки, бирор халқ бошқа халқни босиб олса, аввал мағлуб халқ қаршилик қилади. Аммо пропаганда ва тарбия таъсирида ватқлар ўтиб ўз қуллигига кўникади. Ҳатто уни босиб олган агрессор халққа ҳавас қилади, унга ўхшашга интилади. Бу нафақат босқинчи халқ тилини ўрганиш, балки ташқи кўрнинишда ҳам тақлидга олиб келади. Масалан, Россиядаги озчилик (аслида тубжой) миллатлар ёқут, чукча, саха ва бошқа халқларнинг қизлари орасида қисиқ кўз қовоғини операция қилиб очиш (блефопластика) – ҳамда бурунни “тўғрилаш” (“европалаштириш”) амалиётлари кенг тарқалган. Ёки сочларини сариққа бўяб, кўзига мовий ёки яшил ранг берувчи линза тақиб юришга инитилиш ҳам шундай ҳавас ва тақлид натижасидир.

Шунингдек, Россияда кичик халқ аёллари орасида русларга эрга тегиш ҳам кенг тарқалган. Хусусан, Россия Фанлар академияси тадқиқотларига кўра, Амурнинг қуйи оқими ва Сахалинда яшовчи айрим тубжой халқлар орасида XX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб аралаш никоҳлар устунлик қила бошлаган. Бундай никоҳлар аёллар орасида нисбатан кўпроқ учраган. 2021 йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига асосланган тадқиқотга кўра, Коми Республикасида турмуш қурган коми аёлларининг 29,3 фоизининг эри рус миллатига мансуб бўлган.Тўғри, миллатлараро никоҳлар табиий ижтимоий жараён бўлиб, уларнинг ўзи миллий ўзликнинг йўқолишини англатмайди. Бироқ фарзандлар қайси тилда тарбияланиши, оилада қайси тил устунлик қилиши ва миллий маданий муҳитнинг сақланиши каби омиллар кейинги авлодларнинг тил ва этник ўзлигини шакллантиришга таъсир кўрсатиши мумкин.

Бундан ташқари, ҳар қандай босқинчи халқ пропагандаси ҳам мағлуб халқнинг қаршилик кучини таъминловчи қадриятлар (тил, дин ва маданият) устидан кулиш, уларни зарарли деб эълон қилишга интилади. Натижада мағлуб ҳалқ ўз қадриятларидан уялади. Босқинчи халқ тилида гапиришни маданият ва саводхонлик белгиси деб ҳисоблайди. Худди қул ўз хўжайини уйида ишлатилган тоғорада кир ювса, ўзини олий тоифага сал бўлсада яқинроқ келдим, деб ҳисоблаганидек. Шу боис, гапига русча сўзлар аралаштириб гапирадиганлар ҳам онгостида шунга интилади.

Хуллас, кўпинча Карл Марксга мансуб деб ҳисобланувчи бир ҳикмат бор: “Ўзи яшаётган мамлакатнинг тилини билмаслик фақат меҳмонга, аҳмоққа ёки ўз тилини мажбуран сингдираётган босқинчига хос бўлиши мумкин”.

Давлат тили мақоми: қонун ва амалиёт

1989 йил 21 октябрда қабул қилинган «Давлат тили ҳақида»ги қонун ўзбек тили тараққиётида тарихий бурилиш ясади. 1995 йил 21 декабрда қонун янги таҳрирда қабул қилинди.

2023 йилда янгиланган Конституциянинг 4-моддаси ўзбек тилининг давлат тили эканини белгилаб, бошқа миллатлар тилларини ҳурмат қилишни кафолатлади.

2020 йил 10 апрелдаги қонун билан 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди.

Шунингдек, 2019 йилги Президент фармони ва 2020–2030 йилларга мўлжалланган концепция давлат тилини бошқарув, илм-фан ва рақамли технологияларда ривожлантириш вазифаларини белгилади. Бироқ тилнинг ҳуқуқий мақоми унинг барча соҳаларда устувор қўлланилишини англатмайди. Ҳақиқий мавқе давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизими, иқтисодиёт, олий таълим ва илмий тадқиқотлардаги амалий иштироки билан белгиланади.

Ўзбек тилида қанча киши сўзлашади?

Ўзбек тили туркий тилларнинг қарлуқ тармоғига мансуб. Унинг адабий тараққиётида Маҳмуд Кошғарий, Алишер Навоий, Лутфий ва Бобур мероси муҳим ўрин тутади. Бугун ўзбек тили Ўзбекистондан ташқари Афғонистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон ва бошқа мамлакатларда қўлланилади. Индиана университети ва Франциянинг INALCO институти маълумотларида ўзбек тилида 35 миллиондан ортиқ киши сўзлашиши қайд этилган. Бироқ 2026 йилги демографик маълумотлар унинг тарқалиш кўлами анча кенгроқ эканини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон: 35,7 миллион киши учун она тили

2026 йил 15 январь — 28 февраль кунлари ўтказилган аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки натижаларига кўра, Ўзбекистон аҳолиси 39 047 321 киши бўлиб (2026 йил 1 октябр ҳолатига кўра - 39 миллион 535 минг 225 киши, ўзбек тилини она тили деб кўрсатганлар — 35,7 миллион кишини (91,3 фоизни) ташкил этган. Этник ўзбеклар сони эса 34,9 миллион киши (89,4 фоиз). Демак, ўзбек тилини она тили деб билувчилар этник ўзбеклар сонидан тахминан 800 минг нафарга кўп. Бу тилнинг миллатлараро мулоқотдаги аҳамиятини ҳам кўрсатади.

Марказий Осиёдаги ўзбекзабон аҳоли

Тожикистонда 2020 йилги аҳоли рўйхатига кўра, 1 091 200 нафар этник ўзбек яшаган. Бу аҳолининг 11,3 фоизидир. Бироқ ушбу рақам ўзбек тилини она тили деб билувчиларнинг аниқ сонини билдирмайди. Сўғд (Хўжанд), Хатлон, Душанбе ва бошқа ҳудудларда ўзбеклар кўплиги устига, тожиклар ҳам ўзбек тилида бемалол гаплаша олади.

Қолаверса, 1989 йилги совет даври аҳоли рўйхатида ўзбеклар улуши 23,5 фоиз бўлган. Бу мустақилликдан олдинги кўрсаткич. Кейинги рўйхатларда улуш 2000 йилда 15,3–16,5 фоиз атрофида, 2010 йилда 12,2 фоиз ва 2020 йилда 11,3 фоиз деб берилган. Айрим манбаларда 2000 йил учун рақамлар фарқ қилиши тасниф ва ҳисоблаш усулларига боғлиқ бўлиши мумкин.

Лекин президент Имомали Раҳмон даврида мамлакатда ўзбекча географик номларни ёппасига тожиклаштириш билан бирга, статистик маълумотларда ўзбекларнинг уруғлари (лақай, мусо, қипчоқ ва ҳоказо) ҳам алоҳида миллат сифатида ҳисобланган. Натижада ўзбеклар сони 10 фоиз атрофида камайтириб кўрсатила бошланди.

Шунингдек, ўзбек миллатига мансуб аҳоли давлат вазифаларида ишлаш учун имкониятни ошириш мақсадида ўзбеклигини яшириш ва ҳатто паспортидаги “миллати” графасига тожик деб ёздиришга ҳам мажбур бўлаётгани ҳақида маълумотлар мавжуд.

Масалан, 2024 йилги Minority Rights Group ҳисоботида ёзимлишича, ижтиомий сўровда қатнашган ўзбек респондентлардан бири дўсти давлат лавозимида муваффақият қозониш учун ўз этник мансублигини ўзбекдан тожикка ўзгартирганини айтгани қайд этилган. Ҳисоботда аралаш тожик-ўзбек оиласидан бўлган бир аёл ҳам иш жойидаги салбий муносабатлардан кейин ҳужжатларида ўзини тожик деб кўрсатишга мажбур бўлганини билдирган. Бу ҳолатлар ҳисоботнинг ижтимоий-иқтисодий иштирокка бағишланган ҳужжатнинг 6-бўлимида келтирилган.

IWPR мақоласида ҳам давлат идораларида ишлаш ва лавозимда кўтарилишда ўзбекларга нисбатан тўсиқлар ҳақидаги гувоҳликлар, шунингдек, айрим кишиларнинг ҳужжатлардаги этник мансублигини тожикка ўзгартиришга уринишлари баён қилинган.

Тожикистонда ўзбек тилида таълим нега қисқарган?

Тожикистонда ўзбеклар энг йирик миллий озчилик ҳисобланади. 2020 йилги аҳоли рўйхатига кўра, улар мамлакат аҳолисининг 11 фоизидан ортиғини ташкил этган.

Тожикистон Конституциясининг 2-моддаси барча миллатларнинг она тилидан фойдаланиш ҳуқуқини кафолатлайди. Бироқ давлат тили тожик тили, миллатлараро мулоқот тили эса рус тили ҳисобланади. Муаммо ҳуқуқий кафолатлар билан амалиёт ўртасидаги тафовутда кўринади.

БМТнинг 2024 йилги ҳисоботига кўра, 2011–2021 йиллар давомида

ўзбек тилида таълим олувчилар ва синфлар сони 2 бараварга қисқарган.

Бу ҳолатнинг асосий баҳонаси сифатида тожик тилининг таълим ва меҳнат бозоридаги устунлиги, ўзбекча дарсликлар ҳамда малакали педагоглар етишмаслиги кўрсатилади.

Олий таълимга кириш имтиҳонларининг асосан тожик ва рус тилларида ўтказилиши ҳам ўзбек мактаблари битирувчиларига қўшимча қийинчилик туғдиради.

БМТ махсус маърузачиси ўзбек тилидан давлат хизматлари ва соғлиқни сақлаш соҳаларида фойдаланиш имкониятлари чекланганини ҳам қайд этган.

Бироқ вазиятда ижобий ўзгаришлар ҳам бор. 2026 йил 13 мартда Душанбе шаҳрида Ўзбек тили ва маданияти марказини ташкил этиш бўйича университетлараро келишув имзоланди. 14 августда эса Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Турсунзода шаҳрида ўзбек тилида таълим берадиган муассасалар қуриш ва уларни дарсликлар билан таъминлаш бўйича топшириқ берди.

Бу ташаббусларнинг ҳақиқий самараси ўзбек тилида таълим олувчилар сони, дарсликлар сифати ва она тилидан фойдаланиш имкониятлари кенгайиши билан баҳоланиши керак.

Қирғизистонда 2022 йилги рўйхат маълумотлари асосида ўзбек тилини она тили деб кўрсатганлар сони 884 830 нафар, яъни аҳолининг 12,8 фоизи экани ҳисобланган. Этник ўзбеклар сони эса 999 300 нафар атрофида бўлган.

Қозоғистонда 2026 йил бошида мамлакатда 695 557 нафар этник ўзбек истиқомат қилган. Улар асосан Туркистон вилояти ва Шимкент шаҳрида яшайди. Бу рақамни ўзбек тилида сўзлашувчиларнинг аниқ сони билан тенглаштириб бўлмайди.

Туркманистон. 2022 йилги аҳоли рўйхатига кўра, мамлакатда 642 476 нафар этник ўзбек яшаган, аммо 478 212 киши ўзбек тилини она тили сифатида кўрсатган. Бу миллий мансублик билан тил бир хил тушунча эмаслигини тасдиқлайди.

Афғонистон: бир неча миллион ўзбек

Афғонистон ўзбек тили кенг тарқалган мамлакатлардан биридир. Ўзбекзабон аҳоли асосан Фарёб, Жузжон, Сарипул, Балх, Тахор ва Қундуз вилоятларида яшайди. АҚШнинг World Factbook маълумотлари бўйича, 2020 йилги баҳолашда мамлакат аҳолисининг 11 фоизи ўзбек тилида сўзлашиши қайд этилган. Жаҳон банки маълумотига кўра, Афғонистон аҳолиси 2025 йилда 43,8 миллион кишини ташкил этган.

Аввалги 11 фоизлик улушни шартли қўллаганда, тахминан 4,8 миллион ўзбек тилида сўзлашувчи ҳосил бўлади. Бироқ бу янги аҳоли рўйхати натижаси эмас, балки тахминий ҳисобдир.

Афғонистон: ўзбек тилининг ҳуқуқий мақоми заифлашдими?

Афғонистонда ўзбек тили билан боғлиқ вазият янада мураккаб. 2004 йилги Конституциянинг 16-моддаси ўзбек тилига аҳолининг аксарияти шу тилда сўзлашадиган ҳудудларда учинчи расмий тил мақомини берган эди. 2021 йил 15 августда толиблар ҳокимиятга қайтгач, ушбу ҳуқуқий тизим ўзгарди. Европа Иттифоқининг Бошпана масалалари агентлиги 2026 йил февралида Афғонистонда янги конституция қабул қилинмагани ва мамлакат асосан фармонлар орқали бошқарилаётганини қайд этди.

Шу сабабли ўзбек тилининг аввалги ҳудудий расмий мақомига доир конституциявий кафолатлар амалда ўз кучини йўқотган. 2021 йилда толиблар ўзбек тилини мактаб дастурларидан чиқаргани ҳақида хабарлар тарқалган. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги эса афғон томони билан мулоқотдан сўнг бу хабарларни рад этган.

Бироқ кейинги йилларда чекловлар ҳақидаги шикоятлар давом этди.

БМТ маълумотларига таянган EUAA ҳисоботида ўзбек жамоаси вакиллари она тили расмий ўқув дастурларидан чиқарилгани ҳақида шикоят қилгани қайд этилган. Бу мамлакат бўйлаб тўлиқ тақиқ мавжудлигини исботламаса-да, таълимдаги муаммолардан далолат беради.

2024 йил октябрда Amu TV толиблар ҳукумати ўзбек тили кунига етарли эътибор қаратмагани ва миллий-маданий фаоллар тилнинг қўллаб-қувватланмаётганидан норози эканини хабар қилди.

2025 йил 23 октябрда Human Rights Watch толиблар журналистлардан материалларни асосан пушту тилида тайёрлашни талаб қилаётгани, ўзбек тили каби озчилик тилларидаги оммавий ахборот воситалари эса деярли мавжуд эмаслигини маълум қилди.

Бундан ташқари, қизларнинг олтинчи синфдан кейинги ва аёлларнинг университетдаги таълимига қўйилган тақиқлар ўзбекзабон жамоаларга ҳам таъсир кўрсатмоқда. Бу келажакда ўзбек тилида ишлайдиган педагоглар, журналистлар ва тадқиқотчилар тайёрлаш имкониятларини чеклайди.

Дунё бўйича умумий кўрсаткич

Мавжуд маълумотларни бирлаштирганда, Марказий Осиёнинг беш давлатида тахминан 38,8–39 миллион кишидан иборат демографик кўрсаткич ҳосил бўлади. Афғонистон қўшилганда эса у 43–44 миллионга етади.

Россия, Туркия, Хитой, Европа ва АҚШдаги ўзбекзабон жамоаларни ҳам ҳисобга олганда, дунё бўйича 44–50 миллион атрофида киши ўзбек тилида сўзлашиши мумкин. Бироқ бу ягона халқаро методология асосида тасдиқланган статистика эмас. Ҳисобда турли йиллардаги она тили, этник мансублик ва тахминий сўзлашувчилар ҳақидаги маълумотлар бирлаштирилган. Шунинг учун ўзбек тилининг жаҳондаги мавқеини фақат сўзлашувчилар сони билан баҳолаш етарли эмас.

Ўзбекистондан ташқарида яшовчи ўзбеклар учун ягона ёзув стандартининг мавжуд эмаслиги муаммоси

Ўзбек халқининг тил ва маданий бирлигини сақлаш йўлидаги жиддий муаммолардан бири — турли мамлакатларда истиқомат қилаётган ўзбеклар учун умумий қабул қилинган ягона ёзув стандартининг мавжуд эмаслигидир. Бугунги кунда Ўзбекистон, Афғонистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия ва бошқа давлатларда яшовчи ўзбеклар умумий тил ва маданий маконга мансуб бўлсалар-да, айни бир тилни ёзма шаклда ифодалаш учун турли алифболардан фойдаланмоқдалар.

Тарихан бу ҳолат ёзув тизимининг бир неча бор ўзгартирилиши ҳамда ўзбекзабон аҳолининг давлат чегаралари билан ажралиб қолиши натижасида юзага келган. Асрлар давомида минтақанинг ёзма адабий анъаналари араб графикаси асосида ривожланган.

1929 йилда Совет Ўзбекистонида лотин алифбосига ўтиш бошланган бўлса, 1940 йилда кирилл ёзуви жорий этилди. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, 1993 йилда лотин графикасига асосланган ўзбек алифбосига ўтиш қонун билан белгилаб қўйилди.

Кейинчалик ушбу алифбо бир неча бор ислоҳ қилинди. Бироқ Ўзбекистон ҳудудида амалга оширилган ёзув ислоҳотлари қўшни давлатларда яшовчи ўзбек жамоаларининг ягона стандартга мувофиқ ўтиши билан биргаликда кечмади.

Натижада ўзбек тилида учта асосий ёзув анъанаси шаклланди: Ўзбекистонда — расмий ёзув лотин графикасига асосланган бўлса-да, кирилл ёзувидан ҳам ҳануз кенг фойдаланилади.

Тожикистон ва Қирғизистонда — айниқса, таълим соҳасида ва катта авлод вакиллари орасида ўзбек тилининг кирилл ёзувига асосланган анъанаси сақланиб қолган.

Афғонистонда — ўзбек тили араб-форс графикаси асосида ёзилади. Ушбу ёзув бадиий адабиёт, оммавий ахборот воситалари ва таълим материалларида қўлланилади.

Бошқа мамлакатларда эса қайси алифбодан фойдаланиш маҳаллий анъаналар, авлодлар ўртасидаги фарқ, таълим даражаси ва ахборот манбаларидан фойдаланиш имкониятларига боғлиқ. Шундай қилиб, бугунги кунда ўзбек тили бир вақтнинг ўзида бир неча ёзув тизимида мавжуд бўлиб, улар ўртасида имло қоидалари, ўқув адабиётлари ва рақамли ресурсларни мувофиқлаштирувчи умумэътироф этилган ягона механизм шаклланмаган.

Тил ва маданий бирликка таъсири

Ёзувдаги тафовутлар бир халқнинг турли халқларга айланиб кетганини англатмайди ва ўз-ўзидан миллий ўзликнинг йўқолишига олиб келмайди. Бироқ улар маданий алоқалар ва ўзаро мулоқот учун қўшимча тўсиқлар яратади. Масалан, Афғонистон шимолида яшовчи ва фақат араб графикасида савод чиқарган ўзбек ўқувчиси Ўзбекистонда лотин алифбосида нашр этилган замонавий дарсликлардан махсус тайёргарликсиз фойдалана олмайди. Худди шундай қийинчиликларга Тожикистон ва Қирғизистонда кирилл алифбосида таълим олган ўзбеклар ҳам дуч келиши мумкин.

Натижада ўзбекзабон аҳолининг бир қисми учун яратилган бадиий адабиёт, илмий нашрлар, дарсликлар ва электрон ресурслар бошқа ҳудудларда яшовчи ўзбеклар учун тўлиқ фойдаланишга қулай бўлмай қолади. Бу ҳолат, айниқса, таълим соҳасида жиддий муаммоларни келтириб чиқаради. Ягона мувофиқлаштирилган ёзув стандартларининг мавжуд эмаслиги дарсликлар алмашинувини, қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқишни ва масофавий таълимни ривожлантиришни қийинлаштиради.

Ўқув материалларини нафақат турли мамлакатларнинг таълим дастурларига, балки уларда қўлланиладиган алифболарга ҳам мослаштириш зарурати туғилади. Муаммо рақамли муҳитда ҳам ўз аксини топмоқда. Бир сўзнинг турли алифболарда ҳар хил ёзилиши электрон қидирув тизимлари, умумий тил корпуслари, луғатлар, автоматик таржима воситалари ҳамда ўзбек тилига мослаштирилган сунъий интеллект технологияларини ишлаб чиқишни мураккаблаштиради.

Узоқ муддатли истиқболда бундай тўсиқлар турли давлатларда яшовчи ўзбек жамоаларининг ёзма адабий анъаналари бир-биридан тобора узоқлашиб боришига сабаб бўлиши мумкин.

Тил сиёсати фақат Ўзбекистон билан чекланиб қолмаслиги керак

Ўзбекистон ўзбек ёзувини ислоҳ қилиш сиёсатини, аввало, ўз давлат ҳудуди ва ҳуқуқий ваколатлари доирасида амалга оширади. Бироқ ўзбек тили фақат Ўзбекистон Республикаси фуқароларига эмас, балки мамлакат ташқарисидаги миллионлаб ўзбекларнинг ҳам умумий маданий меросига мансубдир.

2026 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Сенати томонидан маъқулланган ўзбек алифбосига ўзгартиришлар киритиш ташаббуси бунга мисол бўла олади. Унда O‘ ва G‘ ҳарфларини Ö ва Ğ, шунингдек, Sh ва Ch бирикмаларини Ş ва Ç шаклида ифодалаш назарда тутилган.

Бундай ўзгаришлар мамлакат ичидаги ёзма мулоқотни соддалаштириши мумкин. Аммо хориждаги ўзбекзабон жамоалар билан етарлича мувофиқлаштирилмаган ҳолда амалга оширилса, улар мавжуд ёзув анъаналари ўртасидаги тафовутни янада кучайтириши эҳтимолдан холи эмас.

Шу билан бирга, ягона тил маконини шакллантириш тарихан қарор топган барча алифболардан бутунлай воз кечишни англатмаслиги керак.

Араб графикаси Афғонистон ўзбекларининг адабий ва тарихий меросида муҳим ўрин тутади. Кирилл ёзуви эса постсовет давлатларда яшовчи кўплаб ўзбек жамоалари учун ҳамон амалий ва маданий аҳамиятга эга.

Шу боис муаммони ҳал этишнинг мақбулроқ йўли ўзбек ёзувининг турли шаклларини ўзаро мувофиқлаштириш ва ягона стандартлаштириш тамойилларини ишлаб чиқиш бўлиши мумкин.

Бунинг учун қуйидаги йўналишларда ишлар олиб бориш мақсадга мувофиқ:

1. Турли мамлакатлардаги ўзбекзабон мутахассислар иштирокида умумий имло ва атамашунослик тамойилларини мувофиқлаштириш.

2. Лотин, кирилл ва араб графикалари ўртасида аниқ транслитерацияни таъминловчи, барча учун очиқ электрон воситаларни яратиш.

3. Дарсликлар, электрон кутубхоналар ва луғатларни бир неча ёзув шаклида тайёрлаш.

4. Турли давлатларда фаолият юритаётган ўзбекзабон олимлар, ўқитувчилар ва маданий ташкилотлар ўртасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

5. Хориждаги ўзбек жамоалари учун таълим лойиҳаларини улар истиқомат қилаётган давлатларнинг қонунчилигига риоя қилган ҳолда қўллаб-қувватлаш.

Шу маънода ўзбек ёзувини стандартлаштириш масаласига оддий имло муаммоси сифатида эмас, балки ўзбек халқининг маданий узвийлигини сақлаш, умумий ахборот маконини ривожлантириш ва давлат чегараларидан ташқаридаги тил ҳамкорлигини мустаҳкамлашнинг муҳим йўналиши сифатида қараш лозим.

Ўзбек тилининг халқаро нуфузи

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида, 2023 йилда эса 78-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлаши тилнинг халқаро кўринишини кучайтирди. Бироқ ўзбек тили БМТнинг олтита расмий тили қаторига кирмайди. Халқаро мавқенинг яна бир муҳим мезони — хорижий университетларда ўзбек тили ўқитилишидир. 2019 йилда Президент ўзбек тили қарийб 60 та хорижий университет ва 100 дан ортиқ мактабда ўрганилаётганини маълум қилган.

2020 йил 20 октябрдаги ПФ-6084-сонли фармонда хорижий олий таълим муассасаларида ўзбек тилини ўргатувчи 17 та марказ мавжудлиги қайд этилган. Уларнинг сонини 2030 йилгача 60 тага етказиш вазифаси белгиланган. Бироқ ушбу кўрсаткичларни мунтазам тасдиқлаб борадиган ягона очиқ халқаро реестр мавжуд эмас.

Хорижий университетларда ўзбек тили қандай ўқитилмоқда?

Ўзбек тили АҚШ, Европа, Шарқий Осиё ва Туркиянинг бир қатор университетларида ўрганилмоқда. Аммо таълим шакллари турлича: айрим муассасаларда мустақил ихтисослашган дастурлар, бошқаларида танлов фанлари ёки қисқа муддатли курслар мавжуд.

АҚШ

Индиана университети ўзбек тилини ўқитиш бўйича шаклланган академик марказлардан бири. Бу ерда тилни бошланғич, ўрта ва юқори босқичларда ўрганиш мумкин. Таълим фаолияти камида 2005 йилдан буён давом этмоқда. 2026–2027 ўқув йили режаларида ҳам ўзбек тили курслари назарда тутилган. Чикаго университетида 2026–2027 ўқув йили учун қозоқ ва ўзбек тилларини биргаликда ўқитиш курси режалаштирилган.

Висконсин–Мэдисон университетида ўзбек тили турли йилларда ёзги дастурлар орқали ўқитилган, аммо 2026 йилги курслар рўйхатига киритилмаган.

Колумбия университети каталогида ҳам ўзбек тили мавжуд. Вашингтон университетида эса ўзбек тили ва адабиётининг ўқитилиши 1989 йилги манбалардаёқ қайд этилган. Бироқ тарихий маълумотлар мазкур курслар ҳозир ҳам мунтазам фаолият юритаётганини англатмайди.

Европа

Франциянинг INALCO институтида ўзбек тили бўйича иккита танлов курси мавжуд. Улар тил грамматикаси, луғат таркиби ва мулоқот асосларини ўргатишга қаратилган.

Буюк Британиянинг Оксфорд университетида 2025 йил 30 январда ўзбек тилига кириш курси бошланган. Машғулотлар Oxford Birsoz Initiative ташаббуси доирасида ташкил этилган. Бироқ бу мустақил диплом берувчи мутахассислик эмас.

Германиянинг Гумбольдт университетида 2025 йил ёзги семестрида ўзбек тили курслари ўтилган. Австриянинг Вена университети Тиллар маркази каталогига ҳам ўзбек тили киритилган.

Жанубий Кореянинг Хангук хорижий тиллар университетида 2004 йилда Марказий Осиё тиллари кафедраси ташкил этилган, 2008 йилда ўзбек тили ўқув дастури очилган. Бу Жанубий Кореяда ўзбек тили академик жиҳатдан ўрганилаётганини кўрсатади.

Хитой

Хитойда ўзбек тили бўйича ихтисослашган дастурлар ташкил этилган. Пекин хорижий тиллар университетида 2017 йилда рус ва ўзбек тилларини биргаликда ўрганишга асосланган бакалавриат дастурига дастлабки талабалар қабул қилинган. Шанхай хорижий тиллар университетида 2018 йил сентябрда ўзбек тили мутахассислиги очилган. Тўрт йиллик бакалавриат дастурига дастлаб 11 нафар талаба қабул қилиниб, икки нафар ўқитувчи бириктирилган. Пекин университети ва Хитой марказий миллатлар университетида ҳам ўзбек тилига оид таълим фаолияти 2024 йилги маълумотларда қайд этилган.

Япония ва Туркия

Япониянинг Токио хорижий тиллар университетида ўзбек тили ўқитилмоқда. 2025 йил октябрда талабалар иштирокида ўзбек тили ва маданиятига бағишланган машғулот ўтказилган.

Туркияда эса ўзбек тили асосан туркий тиллар ва адабиётларни қиёсий ўрганиш доирасида тадқиқ этилади. Анқара университетининг 1992 йилда ташкил этилган Замонавий туркий тиллар ва адабиётлар бўлимида ўзбек тили, адабиёти ва маданияти ўрганилади.

Халқаро таълимдаги асосий муаммо

Кўриб чиқилган маълумотлар тўққиз мамлакатдаги 15 та олий таълим муассасасида ўзбек тилига оид курслар, дастурлар ёки тарихий таълим фаолияти мавжуд бўлганини кўрсатади. Бироқ уларнинг барчасида 2026 йилда мунтазам таълим олиб борилаётгани бир хил даражада тасдиқланмаган.

Хорижда ўзбек тилини ўқитишнинг асосий муаммолари — малакали педагоглар, стандартлаштирилган дарсликлар, сертификатлаш тизими ва электрон таълим ресурсларининг етарлича ривожланмаганидир. Шу боис асосий мақсад хорижий университетлар сонини кўпайтириш эмас, балки барқарор ва сифатли таълим дастурларини яратиш бўлиши лозим.

Ўзбек тили йўқолиб кетиши хавфи мавжудми?

ЮНЕСКОнинг 2024 йилги маълумотларига кўра, дунёдаги тахминан 8324 тилнинг 40 фоизга яқини йўқолиш хавфига дуч келмоқда. Бироқ ўзбек тилининг демографик кўлами, давлат мақоми, таълим тизимидаги иштироки ва авлодлараро узатилиши уни яқин истиқболда йўқолиш хавфи юқори бўлган тиллар қаторига киритиш учун асос бермайди.

Ўзбек тили учун асосий таҳдид унинг бутунлай йўқолиши эмас, балки айрим нуфузли соҳалардаги мавқеининг заифлашишидир.

Айниқса, илмий нашрлар, юқори технологиялар, халқаро бизнес ва сунъий интеллектда ўзбек тили етарлича ривожланмаса, ундан профессионал фойдаланиш имкониятлари чекланади.

Бугунги муҳим вазифалардан бири ўзбек тили учун катта электрон матн корпуслари, сифатли луғатлар, нутқни таниш, автоматик таржима ва миллий тил моделларини яратишдир.

Ўзбек тилининг келажаги: қандай чоралар зарур?

Келгуси ўн йилликда ўзбек тилининг миллий ва халқаро мавқеини мустаҳкамлаш учун бешта устувор йўналиш муҳим:

1. Имло ва атамашуносликни стандартлаштириш. Ягона, илмий асосланган ва амалда қўллашга қулай ёзув меъёрларини шакллантириш.

2. Илм-фан ва олий таълимни ривожлантириш. Ўзбек тилида замонавий университет дарсликлари, илмий тадқиқотлар ва электрон манбаларни кўпайтириш.

3. Хорижда таълим имкониятларини кенгайтириш. Ўзбек тили курслари, сертификатлаш тизими, ўқитувчилар тайёрлаш ва академик ҳамкорликни кучайтириш.

4. Рақамли инфратузилма яратиш. Сунъий интеллект, автоматик таржима, овозли технологиялар ва миллий электрон луғатларни ривожлантириш.

5. Хориждаги ўзбекзабон жамоалар билан ҳамкорлик қилиш. Тожикистон, Афғонистон ва бошқа мамлакатларда она тилида таълим олиш имкониятларини илмий-маърифий алоқалар орқали қўллаб-қувватлаш.

Бу жараёнда бошқа тиллар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, кўп тиллиликни рағбатлантириш ва тил масаласини миллатлараро зиддиятга айлантирмаслик муҳим.

Тил сиёсатининг натижалари расмий тадбирлар сони билан эмас, таълим сифати, давлат хизматларидан фойдаланиш имконияти, илмий нашрлар ва рақамли ресурслар кўлами билан баҳоланиши керак.

Хулоса: тилнинг келажагини нима белгилайди?

Албатта ўзбек тилининг яқин келажакда бутунлай йўқолиб кетишига ишончли асослар йўқ. Аммо илм-фан, технология, олий таълим ва халқаро мулоқотдаги ўрнини кенгайтириш учун изчил ислоҳотлар зарур.

Ўзбек тилининг келажаги уни қанчалик улуғлашимизга эмас, балки унда қанчалик сифатли таълим беришимиз, илм яратишимиз, технология ишлаб чиқишимиз ва замонавий дунё билан мулоқот қилишимизга боғлиқ. Тилни асраш — уни ўзгаришдан тўхтатиш эмас, балки тараққиёт билан ҳамнафас ривожлантиришдир.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid