Худоёрхон ўрдасида кўнгилочар тадбир сабаб музей директори жазога тортилди
Ушбу тадбир Қўқон давлат музей-қўриқхонаси раҳбарияти томонидан Маданий мерос агентлиги билан белгиланган тартибда келишилмаган ҳолда ташкил этилган.

Ижтимоий тармоқларда Қўқон шаҳридаги Худоёрхон ўрдаси ҳовлисида кўнгилочар тадбир ўтказилгани акс этган видеолар тарқалди.
Маданий мерос агентлиги баёнотига кўра, мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилган.
Маълум бўлишича, 3 октябрь куни ўрда ҳудудида A.klub номи остида бир гуруҳ аёллар иштирокида Chopon party ўтказилган. Ушбу тадбир Қўқон давлат музей-қўриқхонаси раҳбарияти томонидан Маданий мерос агентлиги билан белгиланган тартибда келишилмаган ҳолда ташкил этилган.
Агентлик давлат музейлари ва музей-қўриқхоналарида ўтказилиши режалаштирилаётган маданий-маърифий, оммавий ва бошқа тадбирлар белгиланган тартибда агентлик билан келишилиши шартлигини билдирди.
"Давлат музей-қўриқхонаси ҳудуди маданий мерос объекти сифатида алоҳида муҳофаза қилиниши лозим. Шу сабабли, мазкур ҳудудда ҳар қандай тадбирни ташкил этишда объектнинг маданий аҳамияти, унинг тарихий қиёфасини асраш, муҳофаза қилиш ва фойдаланиш талабларига қатъий риоя этилиши шарт", — дейилади хабарда.
Юқоридаги ҳолат юзасидан Қўқон давлат музей-қўриқхонаси директори Муҳаммадрашод Мавлонқуловга хизмат вазифаларини лозим даражада бажармагани сабабли Меҳнат кодексининг 312-моддасига асосан ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланган.





