Марказий Осиёдан илк бор Ўзбекистон GRCнинг Осиё-Тинч океани минтақавий йиғилиши ҳамташкилотчиси сифатида иштирок этади
Мазкур халқаро тадбирни ташкил этишда Марказий Осиёдан илк бор ташкилот ҳамкор сифатида жалб этилди ва Ўзбекистон номидан Инновацион ривожланиш агентлиги иштирок этмоқда. Ушбу ҳамкорлик ташкилотнинг аъзолигига қабул қилинишга кенг имконият яратади. Бу мамлакатимизнинг халқаро илмий ҳамжамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, миллий илмий молиялаштириш тизимини глобал тажриба билан уйғунлаштириш ва ўзбек олимларининг халқаро тадқиқотлар майдонидаги имкониятларини кенгайтириш йўлидаги муҳим қадамдир.

2026 йил 30 ноябрь – 2 декабрь кунлари Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида Global Research Council (GRC) — Глобал тадқиқот кенгашининг Осиё-Тинч океани минтақавий йиғилиши бўлиб ўтади.
Унда Шарқий, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё, шунингдек, Тинч океани минтақасидаги мамлакатларнинг миллий илмий тадқиқот фондлари раҳбарлари, илмий грантлар ажратувчи ташкилотлар вакиллари, илмий сиёсатни шакллантирувчи муассасалар, халқаро тадқиқот дастурлари экспертлари ҳамда GRC ишчи гуруҳлари вакиллари иштирок этади.
Тадбир Корея Республикаси Миллий тадқиқот жамғармаси (National Research Foundation of Korea — NRF Korea) ва Ўзбекистон Инновацион ривожланиш агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Бу ҳақдаги қарор 2026 йил май ойида Таиланднинг Бангкок шаҳрида ўтказилган Глобал тадқиқот кенгашининг 14-йиллик йиғилиши доирасида маъқулланган.
GRC — 2012 йилда Вашингтонда ташкил этиган ва дунёнинг турли мамлакатларида илмий тадқиқотларни молиялаштирувчи миллий ташкилотлар раҳбарларини бирлаштирувчи халқаро ҳамкорлик платформасидир. Унинг асосий мақсади илмий молиялаштириш тизимлари ўртасида тажриба алмашиш, тадқиқотларни қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини ривожлантириш ва қитъалараро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.
Ушбу кенгашнинг аҳамияти шундаки, унда илмий тадқиқотларнинг қайси йўналишларини қўллаб-қувватлаш, лойиҳаларни қандай мезонлар асосида баҳолаш, илмий натижаларнинг жамият ва иқтисодиётга таъсирини қандай ошириш каби стратегик масалалар муҳокама қилинади.
GRC доирасидаги минтақавий йиғилишлар эса ушбу жараённинг муҳим бўғини ҳисобланади. Уларда турли минтақаларнинг илмий ва институционал эҳтиёжлари, устувор вазифалари ҳамда ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилиниб, билдирилган таклиф ва тавсиялар кейинги йилги глобал йиғилиш кун тартиби ва тамойилларини шакллантиришда инобатга олинади.
Шу маънода, Сеулдаги учрашув фақат минтақавий мулоқот эмас, балки келгуси йилларда жаҳон илмий ҳамжамияти фаолиятига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ёндашувларни ишлаб чиқиш жараёнининг ҳам бир қисмидир.
Инновацион ривожланиш агентлигининг ушбу жараёнда ҳамташкилотчи сифатида иштирок этиши мамлакатимиз учун бир нечта муҳим йўналишда янги имкониятларни юзага келтиради.
Аввало, бу Ўзбекистоннинг илмий дипломатиясида янги босқични англатади. Энди мамлакатимиз фақат халқаро илмий тадбирлар иштирокчиси сифатида эмас, балки уларни ташкил этиш ва минтақавий илмий кун тартибини шакллантиришда бевосита иштирок этаётган ҳамкор сифатида ҳам намоён бўлади.
Иккинчидан, жаҳоннинг етакчи илмий молиялаштириш ташкилотлари билан тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш учун янада кенг майдон пайдо бўлади. Бу келгусида қўшма илмий танловлар, халқаро грант дастурлари, тадқиқот консорциумлари ва кўп томонлама молиялаштириш механизмларини йўлга қўйишга хизмат қилиши мумкин.
Айниқса, илмий лойиҳаларни баҳолаш, молиялаштириш самарадорлигини ошириш, халқаро экспертлар иштирокини кенгайтириш ва тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этиш бўйича илғор тажрибаларни ўрганиш Агентлик фаолияти учун муҳим аҳамиятга эга.
Учинчидан, мазкур ҳамкорлик Ўзбекистоннинг минтақавий илмий жараёнлардаги иштирокини кучайтириш имконини беради. Марказий Осиёда шаклланаётган илмий салоҳият, тадқиқот инфратузилмаси ва янги технологик ишланмаларни халқаро ҳамжамиятга кенгроқ танитиш учун қўшимча имкониятлар очилади.
Бу жараённинг энг муҳим жиҳатларидан бири унинг мамлакатимиз олимлари ва илмий жамоалари учун келтирадиган истиқболларидир.
Чунки халқаро илмий ҳамкорлик фақат ташкилотлар ўртасидаги келишувлар билан чекланмайди. Унинг якуний самараси тадқиқотчилар учун янги ҳамкорлар, илмий лойиҳалар, тажриба алмашиш имкониятлари ва замонавий тадқиқот муҳитига йўл очилишида намоён бўлади.
GRC доирасидаги алоқалар орқали ўзбек олимлари хорижий тадқиқот марказлари ва илмий фондлар билан ҳамкорликни ривожлантириши, халқаро тадқиқот консорциумларига қўшилиши, ўз ишланмаларини жаҳон илмий майдонида тақдим этиши учун янги имкониятларга эга бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, илмий натижаларни баҳолашда сифат, илмий таъсир ва амалий аҳамиятга устуворлик бериш, очиқ илм-фан тамойилларини кенгайтириш ҳамда тадқиқотларда халқаро стандартларни қўллаш борасидаги тажрибалар миллий илмий тизим ривожига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Бу, айниқса, халқаро илмий майдонга кириб келаётган ёш олимлар, янги илмий мактаблар ва тадқиқот гуруҳлари учун муҳимдир. Зеро, бугунги илм-фанда тадқиқотчининг салоҳияти билан бир қаторда унинг халқаро илмий тармоқларга интеграциялашуви ҳам катта аҳамият касб этмоқда.
Эътиборли жиҳати, Ўзбекистоннинг GRC доирасидаги иштироки бу йилги минтақавий йиғилиш билан бошлангани йўқ. 2026 йил май ойида Бангкок шаҳрида ўтказилган GRCнинг 14-йиллик йиғилишида Инновацион ривожланиш агентлиги вакили “Research for Sustainable Communities” мавзусидаги муҳокама сессиясига модераторлик қилди. Унда турли мамлакатлар вакиллари илм-фан ва инновацияларнинг ижтимоий, экологик ва технологик муаммоларни ҳал этишдаги ўрни, сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш ва очиқ илм-фан тамойилларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Айнан шу йиғилиш якунида Агентликнинг Сеулдаги минтақавий тадбирни ташкил этишда ҳамкор ташкилот сифатида иштирок этиши маъқулланган эди.
Шунингдек, 2026 йил октябрь ойида Инновацион ривожланиш агентлиги делегациясининг Корея Республикасига хизмат сафари давомида NRF Korea Халқаро алоқаларни мувофиқлаштириш бошқармаси директори Hyesoo Kim билан учрашув ўтказилиб, тадбир дастури, ишчи гуруҳлар сессиялари, маърузачилар ва модераторлар иштироки, ташкилий ҳамда техник масалалар муҳокама қилинди.
Бу эса ҳамкорликнинг фақат декларатив даражада эмас, балки аниқ ташкилий ишлар ва амалий мулоқотлар орқали ривожланаётганини кўрсатади.
Энг муҳими, халқаро майдонда эътироф этилишнинг ўзи якуний мақсад эмас. Асосий вазифа бундай имкониятларни мамлакатимиз илм-фани манфаатларига йўналтириш, олимлар учун янги ҳамкорлик каналларини очиш, илмий тадқиқотларни молиялаштириш сифатини ошириш ва миллий илмий ишланмаларнинг халқаро миқёсдаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлашдир.





