Наманганда таълим бўлими масъуллари 1,3 млрд сўмни талон-торож қилди
Улар икки ҳудудда оилавий МТТлар амалда фаолият юритмаса-да, расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар киритиб, субсидия олишга эришганлар.

Наманган вилоятида 1,3 млрд сўмлик бюджет маблағларининг талон-торожи фош этилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Учқўрғон тумани бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилди.
Унда туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъул шахслари ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, "Меҳнатобод" ва "Деҳқонобод" МФЙ ҳудудларидаги хонадонларда мактабгача таълим ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиб, мазкур МТТлар фаолият юритмаса-да, расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар киритиб, 1,3 млрд сўмлик субсидия маблағлари ажратишган ва бюджет маблағларини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.





