АҚШ ҳарбийлари Ироқни тарк этди. Эрон ўз манфаатлари йўлида у ерга борадими?
Йигирма йил давомида Вашингтон ҳимоясига таяниб келган Ироқ Курдистон минтақаси эндиликда бир-бири билан чамбарчас боғлиқ инқирозларга дуч келмоқда. Улар қаторига Бағдоднинг ҳокимиятни марказлаштириш борасидаги кучайиб бораётган босими ҳамда қўшни давлатларнинг, хусусан, Эроннинг кучайиб бораётган ҳарбий таҳдидлари киради.

АҚШ Ироқдаги ҳарбий вазифасини якунлаши бу минтақада Қўшма Штатлар томонидан ёрдам бериб келинган Курдистонни минтақадаги унга қарши кучлар билан юзма-юз қолдирмоқда. АҚШдан қолган бўшлиқдан энди Эрон ўз мақсадлари йўлида фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда Германиянинг “Deutsche Welle” ахборот агентлиги маълум қилди.
Унинг ёзишича, АҚШнинг Ироқдан чиқиб кетиши ярим мухтор ҳисобланган “Курдистон” минтақасидаги хавфсизликка оид бўшлиқни юзага келтирмоқда.
Бағдоддаги сиёсатчилар АҚШ қўшинларининг олиб чиқиб кетилишини олқишлади. Ироқ бош вазири Али Ал-Заиди 1 октябрни “Суверенитет ва мустақиллик” куни деб эълон қилди. Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ҳам бу қарорни олқишлади. Аммо “Курдистон”да вазият анча хавотирли.
Агентликнинг ёзишича, йигирма йил давомида Вашингтон ҳимоясига таяниб келган Ироқ Курдистон минтақаси эндиликда бир-бири билан чамбарчас боғлиқ инқирозларга дуч келмоқда. Улар қаторига Бағдоднинг ҳокимиятни марказлаштириш борасидаги кучайиб бораётган босими ҳамда қўшни давлатларнинг, хусусан, Эроннинг кучайиб бораётган ҳарбий таҳдидлари киради.
Брюсселда фаолият юритувчи Яқин Шарқ таҳлилчиси Ҳесам Дастпишнинг айтишича, Курдистон минтақаси учун бевосита таҳдид кенг кўламли ҳарбий босқин эмас, балки унинг мухториятини секин ва пухта ўйланган тарзда босқичма-босқич қисқартиришдир.
Унинг таъкидлашича, Теҳроннинг Эрбилга нисбатан умумий стратегияси душманона бўлиб, асосан уни жиловлашга қаратилган.
Экспертнинг таъкидлашича, Ислом Республикасининг якуний мақсади КРИнинг сиёсий таъсирини йўққа чиқариб, уни фақат маъмурий тузилмага айлантиришдир.
“Теҳроннинг мақсади — Курдистон минтақасини манёвр қилиш учун мутлақо имконияти қолмайдиган тузилмага айлантириш”, деган Дастпиш DW нашрига. У Эроннинг минтақага такрорий зарбалари, гўёки эронлик курд мухолиф гуруҳлар лагерларини нишонга олганини қайд этди.
Эроннинг курдлар яшайдиган Маҳобод шаҳрида фаолият юритувчи сиёсий таҳлилчи Салаҳуддин Хадивнинг айтишича, қўшни давлатлар ҳар доим ҳам курдларнинг мухториятини бутунлай йўқ қилишни истамайди. Унинг таъкидлашича, бунинг ўрнига Теҳрон “назорат остидаги ва заиф” Курдистонни кўзламоқда.
Унинг фикрича, рақиб куч марказлари — Эpбил ва Сулаймония билан алоҳида-алоҳида муносабат олиб бориш орқали Эрон КРИ бўйлаб ўз таъсирини сақлаб келмоқда ва айни пайтда унинг ғанбий чегарасида ягона курд ҳокимиятининг ҳукмрон кучга айланишига йўл қўймасликка интилмоқда.
Ички парокандалик
Ташқи муаммоларга қарамадан, Ироқ Курдистон минтақасининг энг жиддий заифлиги ичкаридан келиб чиқмоқда.
1990-йиллардаги фуқаролар уруши мероси ҳукмронлик қилувчи икки асосий сиёсий куч — Курдистон Демократик партияси (KDP) ва Курдистон Ватанпарварлар иттифоқи (PUK) ўртасидаги чуқур илдиз отган рақобат орқали ҳанузгача сақланиб қолмоқда.
Яқин Шарқдаги Ироқ ва курд масалалари бўйича таҳлилчи Ҳива Маҳмуд Осмоннинг таъкидлашича, Теҳрон ушбу ички зиддиятга катта даражада таянади.
“Эрон Ироқ ичидаги сиёсий таъсирни бошқаришни ўнлаб йиллар давомида мукаммал ўзлаштирди”, деди у DW нашрига. “Курдларнинг энг катта тўсиғи — уларнинг ўз ичидаги парокандалик. Ягона фронт бўлмаса, хорижий кучларнинг ҳаракат қилиши учун имконият янада кенгаяди”.
Мухолифат муаммоси
Эронлик курд мухолиф гуруҳларининг КРИ ҳудудида бошпана топгани айниқса мураккаб масалалардан биридир. Тарихан Эрон давлат кучлари билан тўқнашиб келган бу гуруҳларга эндиликда қуролларини топшириш ва бошқа ҳудудга кўчиб ўтиш бўйича кучли босим ўтказилмоқда.
Дастпишнинг айтишича, уларнинг мавжудлиги Эронга чегара ортида дрон ва ракета зарбаларини амалга ошириш учун қулай баҳона бермоқда. Бироқ у Эpбил “тўлиқ таслим бўлиши”ни кутмаяпти. Чунки бу гуруҳлар билан мувозанатни сақлаш КРИнинг ички легитимлиги ва ташқи алоқалари учун муҳим.
АҚШда фаолият юритувчи сиёсатшунослик тадқиқотчиси Касра Қаредағи бу гуруҳлар ҳозир ҳар қачонгидан ҳам заифроқ ҳолатда эканини таъкидлайди. Унинг айтишича, АҚШ кучлари ҳали тўлиқ жойлаштирилган пайтда ҳам Эрон уларнинг яширин ҳудудларига зарба бера олган. Бу 2023 йилда Бағдод ва Теҳрон ўртасида чегара хавфсизлиги бўйича келишув имзоланиши билан якунланган.
Эндиликда Эpбилнинг таъсир ўтказиш имкониятлари деярли йўқ ва бу Теҳронга ён беришларни мажбуран қабул қилдириш учун сезиларли даражада катта имконият бермоқда, дея қўшимча қилди у.





