platina.uz
Таҳлил

Бағдодда ҳаммаёқ тинч...ми?

Америка бошчилигидаги ҳарбий амалиётдан сўнг ўтган йигирма уч йилдан кейин Ироқ яна бир муҳим савол қаршисида турибди: давлат сиёсий гуруҳлар, қуролли тузилмалар ва ташқи таъсир марказларидан кучлироқ бўла оладими деган сўроқ қўйилган. 

Бағдодда ҳаммаёқ тинч...ми?

Замонавий Ироқ сиёсий тарихида янги босқич бошланмоқда. Хавфсизлик соҳасидаги кадрлар алмашинуви, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Қосим ал-Аражийнинг лавозимидан озод қилиниши, Миллий хавфсизлик хизмати раҳбариятининг янгиланиши, Марказий банк раҳбарининг ҳам тез орада алмаштирилиши ҳақидаги хабарлар ва давлат аппаратидаги кенг кўламли ўзгаришлар оддий бюрократик ротация эмас, балки Саддам Ҳусайн режими ағдарилганидан кейин шаклланган бутун бошқарув тизимини қайта қуришга қаратилган чуқур сиёсий жараённинг бир қисми бўлиши мумкин.

Америка бошчилигидаги ҳарбий амалиётдан сўнг ўтган йигирма уч йилдан кейин Ироқ яна бир муҳим савол қаршисида турибди: давлат сиёсий гуруҳлар, қуролли тузилмалар ва ташқи таъсир марказларидан кучлироқ бўла оладими?

Саддамдан кейинги кўп қутбли Ироқ

2003 йилда Саддам Ҳусайн режими ағдарилгач, мамлакат демократик тараққиёт учун имкониятга эга бўлди. Бироқ шу билан бирга, аввалги давлат бошқарув тизими ҳам парчаланиб кетди.

Америка маъмурияти армияни ва давлат аппаратининг катта қисмини тарқатиб юборди. Ҳокимият бўшлиғи юзага келгач, шиалар, суннийлар ва курдлар ўртасида сиёсий кураш бошланди. Кейинги йилларда Ироқ фуқаролик тўқнашувлари, радикал гуруҳлар кучайиши, ИШИД террорчилик ташкилотининг пайдо бўлиши ва Эрон таъсирининг ортишига гувоҳ бўлди.

Натижада мамлакатда ўзига хос икки қатламли ҳокимият тизими шаклланди. Расман давлат институтлари мавжуд ва фаолият юритар эди. Бироқ шу билан бирга, ўз молиявий манбаларига, сиёсий вакилларига ва ташқи алоқаларига эга бўлган турли қуролли гуруҳларнинг таъсири ҳам ортиб борди. Сўнгги йигирма йил давомида айнан шу тизим Бағдоддаги ҳар бир ҳукумат учун асосий чақириқ бўлиб келди.

Нега ал-Аражийнинг истеъфоси муҳим?

Қосим ал-Аражийнинг лавозимдан олиниши сўнгги йиллардаги энг муҳим сиёсий қарорлардан бири бўлди. Ал-Аражий оддий амалдор эмас эди. У кўп йиллар давомида турли хавфсизлик идоралари, сиёсий кучлар ва ташқи шериклар ўртасида воситачи вазифасини бажариб келди. Шунингдек, у минтақавий хавфсизлик масалалари билан шуғулланиб, Ғарб давлатлари ва қўшни мамлакатлар, жумладан Эрон билан ҳам алоқаларни мувофиқлаштириб турган.

Шу боис унинг истеъфоси техник ўзгариш эмас, балки мамлакат раҳбариятининг янги сиёсий устуворликларини кўрсатувчи сигнал сифатида баҳоланмоқда. Айниқса, ўзгаришлар бир вақтнинг ўзида Миллий хавфсизлик хизматига ҳам тегишли бўлгани бош вазир хавфсизлик соҳасида янги бошқарув вертикалини шакллантиришга ҳаракат қилаётганидан дарак бериши мумкин.

Янги бош вазир ва янги стратегия

Узоқ давом этган сиёсий инқироздан кейин парламент Али аз-Заидий бошчилигидаги ҳукуматни тасдиқлади. Янги ҳукумат фаолиятининг илк кунлариданоқ давлатнинг қурол ишлатиш бўйича мутлақ ҳуқуқини тиклашни асосий мақсадлардан бири сифатида белгилади.

Аслида, бу ИШИДга қарши уруш якунланганидан кейин хавфсизлик тизимини ислоҳ қилишга қаратилган энг жиддий уриниш ҳисобланади. Сўнгги ҳафталарда мамлакат раҳбарияти барча қуроллар фақат давлат назорати остида бўлиши лозимлигини бир неча бор таъкидлади. Бу позицияни нафақат сиёсий раҳбарият, балки суд тизими ҳам қўллаб-қувватлади.

Ташқаридан қараганда бундай баёнотлар оддий сиёсий шиорга ўхшаши мумкин. Аммо Ироқ учун бу деярли инқилобий аҳамиятга эга. Чунки мамлакатда узоқ йиллар давомида давлат муассасалари билан бир қаторда таъсири расмий хавфсизлик идоралариникидан кам бўлмаган қуролли тузилмалар ҳам фаолият юритиб келди. Бугун эса Бағдод ана шу мувозанатни ўзгартиришга ҳаракат қилмоқда.

Эрон омили: таъсир камаймоқдами ёки қайта шаклланмоқдами?

Ироқ сиёсати ҳақида Эрон таъсирини ҳисобга олмасдан фикр юритиш деярли мумкин эмас. 2003 йилдан кейин Теҳрон сиёсий партиялар, диний ташкилотлар ва қуролли гуруҳлар орқали қўшни мамлакатдаги таъсирини мунтазам равишда кучайтириб келди.

Бироқ 2026 йилдаги воқеалар минтақавий вазиятни ўзгартирмоқда. Эрон атрофидаги геосиёсий босимнинг кучайиши ва мамлакатнинг ички муаммоларга кўпроқ эътибор қаратаётгани ироқлик элиталарга мустақил қарор қабул қилиш учун кенгроқ имконият яратди.

Айрим таҳлилчилар фикрича, ҳозирги ҳукумат хавфсизлик соҳасида ислоҳотлар ўтказиш учун сўнгги бир неча йилдаги энг қулай шароитга эга бўлиб турибди. Шу билан бирга, Эрон таъсири бутунлай йўқолиб кетди, дейиш ҳам эрта. Парламентдаги кўплаб сиёсий кучлар ҳали ҳам Теҳрон билан яқин алоқаларни сақлаб қолмоқда. Қолаверса, АҚШ ва Эрон ўртасида тузилган тинчлик сулҳидан кейин Эрон яна минтақада ўз сиёсий-иқтисодий таъсирини кучайтириш эҳтимоли жуда юқори. Шунинг учун гап геосиёсий бурилиш ҳақида эмас, балки кучлар мувозанатининг қайта тақсимланиши ҳақида кетмоқда.

АҚШ яна катта сиёсатга қайтмоқда

Ироқдаги жараёнларга таъсир кўрсатаётган яна бир муҳим омил — Америка Қўшма Штатларидир. Вашингтон Бағдоднинг қуролларни давлат назорати остига ўтказиш ва нодавлат қуролли тузилмалар таъсирини чеклаш сиёсатига очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлаш билдирмоқда.

Шу билан бирга, янги ҳукумат АҚШ билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга ҳам катта аҳамият бермоқда. Яқин ойларда бош вазир Али аз-Заидийнинг Вашингтонга ташрифи кутилмоқда. У ерда инвестициялар, инфратузилма лойиҳалари ва иқтисодиётни модернизация қилиш масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Бағдод учун бу Америка ва Эрон ўртасида танлов қилиш эмас, балки мустақил ташқи сиёсат юритишга бўлган интилишдир. Ироқ раҳбарияти мамлакатни минтақавий рақобат майдонидан мустақил сиёсий ўйинчига айлантиришни мақсад қилган.

Иқтисодиёт — ислоҳотларнинг иккинчи фронти

Сиёсий ўзгаришлар иқтисодий муаммолар фонида кечмоқда. Ироқ ҳали ҳам дунёда нефть даромадларига энг кўп боғланган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Давлат бюджети тушумларининг катта қисми нефть экспорти ҳисобига шаклланади.

Минтақадаги охирги беқарорликлар нефть ишлаб чиқариш ҳажмига ва иқтисодий прогнозларга ҳам салбий таъсир кўрсатди. Шу нуқтаи назардан қараганда, Марказий банк раҳбариятида ҳам ўзгариш бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар мантиқий кўринади. Ҳукумат молия тизимини модернизация қилиш, коррупцияга қарши курашиш ва хорижий инвестицияларни жалб қилишга тайёрлигини намойиш этмоқда. Шунинг учун иқтисодий соҳадаги кадрлар сиёсати хавфсизлик соҳасидаги ўзгаришлардан кам аҳамиятга эга эмас.

Парламент сайловлари — олдиндаги асосий синов

Бугун амалга оширилаётган барча ўзгаришларга келажакдаги парламент сайловлари нуқтаи назаридан баҳо берилади.

Ҳукумат учун бир нечта эҳтимолий сценарий мавжуд.

Биринчи сценарий — муваффақиятли сценарий.

Агар Бағдод қуролли гуруҳларни давлат тизимига қисман бўлса ҳам интеграция қилишга, иқтисодий вазиятни барқарорлаштиришга ва инвестицион муҳитни яхшилашга эришса, бош вазир ўзини «янги Ироқ» қурилишини бошлаган сиёсатчи сифатида намоён қила олади.

Иккинчи сценарий — муроса йўли.

Бунда ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилади. Давлат институтлари кучаяди, аммо қарорлар қабул қилишда таъсирли сиёсий ва қуролли гуруҳлар билан ҳисоблашишга тўғри келади.

Учинчи сценарий — инқирозли сценарий.

Айрим куч марказларининг таъсирини кескин чеклашга уриниш янги сиёсий қарама-қаршиликларга ва беқарорликка сабаб бўлиши мумкин.

Ироқ тарихи шундан далолат берадики, ҳаддан ташқари тезкор ислоҳотлар акс таъсирни келтириб чиқариши мумкин.

Давлат тизимга қарши

2026 йилнинг асосий интригаси алоҳида шахслар ёки лавозимлар атрофида эмас. Бу ерда анча катта масала ҳал бўлмоқда. Сўнгги йигирма йил давомида Ироқ давлат институтлари, сиёсий коалициялар, қуролли тузилмалар ва ташқи таъсир марказлари ўртасидаги мураккаб мувозанат шароитида яшаб келди.

Бугун мамлакат раҳбарияти ана шу тизимнинг ўзига ўзгартиш киритишга уринмоқда. Ал-Аражийнинг истеъфоси, махсус хизматлардаги ўзгаришлар, Марказий банк атрофидаги муҳокамалар ва қуролларни давлат назоратига ўтказиш сиёсати — буларнинг барчаси бир-биридан алоҳида воқеалар эмас. Улар ягона сиёсий стратегиянинг таркибий қисмларидир.

Ироқ Саддамдан кейинги давр меросини ортда қолдириб, қарор қабул қилишнинг ягона марказига эга бўлган ҳақиқий суверен давлатга айлана оладими? Бу саволга сиёсатчиларнинг баёнотлари эмас, балки келгуси йиллардаги воқеалар жавоб беради. Бироқ ҳозирнинг ўзида бир нарсани айтиш мумкин: 2026 йил тарихга Бағдод давлат ҳокимиятини қайта тиклаш йўлидаги эҳтимол энг жиддий уринишни бошлаган йил сифатида кириши мумкин.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid