Блогер Сирожиддин Адилов 4 йилга озодликдан маҳрум этилди
Унга уч фуқарога жами 75 млн сўм зарар етказгани айтилди. Мазкур жиноят иши юритуви давомида Сирожиддин Адиловнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолияти юзасидан бирон-бир айблов қўйилмаган.

Блогер Сирожиддин Адилов 4 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Жиззах вилояти судлари хабар берди.
Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман судининг 2026 йил 5 октябрьдаги ҳукми билан фуқаро Адилов Сирожиддин Сайфиддинович (“Сирожиддин медиа” МЧЖ раҳбари) жами 3 нафар фуқарога нисбатан фирибгарлик ва товламачилик жиноятларини содир этганликда айбдор деб топилиб, жазо тайинланди.
Суд муҳокамаси давомида, С. Адиловнинг Д. Шамсиевнинг 12 млн сўм пулини товламачилик, Г. Жуманиёзованинг 30 млн сўм, Р. Худойназарованинг 33 млн сўм пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги тўлиқ исботланган ва С. Адилов томонидан жами 75 млн сўм етказилган зарар қопланган, дейилади хабарда.
Алоҳида таъкидлаш ўринлики, мазкур жиноят иши юритуви давомида Сирожиддин Адиловнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолияти юзасидан бирон-бир айблов қўйилмаган.
Адиловнинг ҳаракатлари юзасидан айблов у томонидан бошқа фуқароларнинг мулки фирибгарлик ва товламачилик йўли билан қўлга киритилганлиги билан боғлиқ, дея таъкидланади расмий маълумотда.




