Қашқадарёда 3 яшар қизини уриб ўлдирган онадан бошқа фарзанди олиб қўйилди
Боланинг хавфсизлиги, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида у қариндоши қарамоғига берилган. Ҳозирда ижтимоий ҳимоя тизими мутахассислари томонидан унинг ҳаётий ҳолати ва мавжуд хавф омиллари баҳоланмоқда.

Қашқадарёда 3 яшар қизини уриб ўлдирган онадан бошқа фарзанди олиб қўйилгани маълум қилинди.
Қашқадарё вилоятининг Касби туманида ўгай онаси калтаклаши оқибатида 4 ёшли қиз вафот этгани хабар берилганди. Ушбу оиладаги бошқа вояга етмаган бола яқин қариндошининг васийлигига топширилди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, боланинг хавфсизлиги, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида у қариндоши қарамоғига берилган. Ҳозирда ижтимоий ҳимоя тизими мутахассислари томонидан унинг ҳаётий ҳолати ва мавжуд хавф омиллари баҳоланмоқда.
Шунингдек, болага психологик ёрдам кўрсатилмоқда, тиббий кўрик ташкил этилмоқда. Яшаш манзили ўзгаргани сабабли унинг таълимини узлуксиз давом эттириш чоралари ҳам кўрилмоқда. Ижтимоий ходим томонидан индивидуал ижтимоий хизматлар режаси ишлаб чиқилмоқда.
Агентлик боланинг хавфсизлиги ва фаровонлигини, шунингдек, унга кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар ижросини мунтазам назорат қилиб боришини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, 26 сентябрь куни Касби туманида 1994 йилда туғилган И.С. турмуш ўртоғи билан ўзаро низодан сўнг унинг 2022 йилда туғилган қизини калтаклаган. Оқибатда қиз бош қисмидан оғир жароҳат олиб, шу куни вафот этган. Ҳолат юзасидан қотиллик айблови билан жиноят иши қўзғатилиб, аёл гумонланувчи сифатида процессуал тартибда ушланган.




