Тошкентда автобус пулини тўламай, назоратчиларга қаршилик қилган шахс қамалди
Ундан йўл ҳақи тўловини тасдиқловчи ҳужжатни сўрашганда йўловчи турли важларни келтириб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузган. Суд мажлисида ҳуқуқбузарга нисбатан 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси берилди.

Автобусда йўл кира ҳақини тўламаган ва жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузиб, жанжал қилган йўловчига 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси белгиланди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.
"Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш" давлат муассасаси назоратчилари томонидан автобусларда тўлов маданиятини оширишга қаратилган кучайтирилган назорат рейд тадбирлари олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг 15 август куни Тошкент шаҳри Чилонзор тумани ҳудудида муассаса назоратчилари томонидан фуқаро М.М. автобусдан бекатга тушганида йўл ҳақи тўловини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этишини сўраган вақтда йўловчи турли важларни келтириб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузган ҳолда назоратчи талабини бажармасдан қаршилик қилган.
Фуқаронинг шахсига аниқлик киритиш жараёнида йўловчи жанжал чиқариб, назоратчига куч ишлатишга уринган.
Бу ҳолат назоратчига бириктирилган боди камера орқали ёзиб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан-2026 йил 24 сентябр куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди биносида, очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Суд мажлисида ҳуқуқбузар М.М. га нисбатан 3 (уч) сутка маъмурий қамоқ жазоси берилди.




