platina.uz
Жамият

Ўқитувчилар учун Абдулла Авлоний номидаги давлат мукофоти таъсис этилади

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади. Таълим соҳаси жадал ривожланаётгани, ўқитувчилик эса обрў-эътиборли касбга айланаётгани қайд этилди. 

Ўқитувчилар учун Абдулла Авлоний номидаги давлат мукофоти таъсис этилади

Президент Шавкат Мирзиёев байрам муносабати билан Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади.

"Мактаб келажак боғи бўлса, муаллим шу масканда умид ниҳолларини ўстирадиган моҳир боғбондир. Ўқитувчи – меҳр дарёси, эзгулик булоғи, маърифат қуёшидир. Шу боис, бу масъулиятли соҳа ходимларининг меҳнатини улуғлаш ва қадрлашдан ҳеч қачон чарчамаймиз.

Бундан атиги ўн йил олдин ижтимоий ҳаётимизда ғоят оғир, ота-оналарни энг қийнайдиган соҳа – айнан таълим-тарбия соҳаси, энг камситилган касб эгаси эса ўқитувчилар эди. Сизлар билан бирга қаттиқ ишлаб, қанча-қанча муаммоларни ҳал қилдик, олдимизда турган тўсиқ-ғовларни бартараф этдик. Ҳозирги вақтда таълим соҳаси жадал ривожланаётган соҳага, ўқитувчилик эса обрў-эътиборли касбга айланмоқда", дейди давлат раҳбари.

Ҳозирги вақтда мамлакатимиздаги 40 минг ўқитувчи 1 минг доллар, уларнинг 1 минг 500 нафари 2 минг доллардан зиёд миқдорда маош олмоқда. Жорий йил янги форматда ўтказилган “Йил ўқитувчиси” танловининг 208 нафар туман ва шаҳар босқичи ғолибларига илк бор 616 миллион сўмдан мукофот берилди. Бундай рағбатлантириш механизмлари келгуси йилда боғча тарбиячилари ва техникум усталари фаолиятига ҳам жорий этилади.

Сўнгги ўн йилда юртимизда 1 миллион 800 минг ўринли боғча, 1 миллион 500 ўринли мактаблар барпо этганимиз, 10 мингдан зиёд боғча ва мактабни замонавий кўринишга келтирганимиз тарихимизда мисли кўрилмаган натижалардир. Президент, ихтисослашган ва ижод мактаблари каби мутлақо янги намунадаги таълим даргоҳлари пайдо бўлгани, олий ўқув юртлари сони 77 тадан 205 тага ўсиб, улардаги қамров 45 фоизга етгани ҳам албатта катта ижобий ўзгаришдир.

Соҳада хусусий сектор изчил ривожланиб, соғлом рақобат муҳити шаклланмоқда. Энг муҳими, ана шундай шароитда ишлаш, билим ва малакасини ошириш ва намоён этишга қодир бўлган янги педагоглар авлоди майдонга чиқмоқда.

Таълим ислоҳоти йўлидаги бундай улкан ютуқлар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Табиийки, буларнинг барчаси ўқув-тарбия ишларининг сифати ва самарасини оширишга хизмат қилмоқда. Масалан, 2026 йилда юртимиз ўқувчилари халқаро олимпиадаларда 228 та медални қўлга киритгани, жумладан, мамлакатимизда бўлиб ўтган халқаро кимё ва информатика олимпиадаларида ўғил-қизларимиз юқори ўринларни эгаллагани ғоят қувонарлидир.

Илғор педагогларни рағбатлантириш мақсадида Абдулла Авлоний номидаги давлат мукофоти таъсис этилади.

"Янги Ўзбекистон ёшларини “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деб яшайдиган авлод сифатида камол топтиришнинг беқиёс аҳамиятини яхши тушунадиган сиз, ҳурматли устоз ва мураббийлар бой билим ва тажрибангиз, истеъдод ва маҳоратингиз билан бу жараёнларда фаол иштирок этасиз деб ишонаман. Сизларни яна бир бор чин дилдан қутлаб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат тилайман", дейилади президент табригида.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid