Президент болаларда оғир касалликларни эрта аниқлаш ва даволашда ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф этди
Ислоҳотлар натижасида туғруқ жараёнида оналар ўлими, болаларнинг ўсишдан ортда қолиши икки баробар қисқарди, мактабгача таълим қамрови 27,7 фоиздан 78 фоизга оширилди, олти ёшли болаларнинг қарийб 100 фоизи мактабга тайёрловга жалб этилди.

Президент “Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодларнинг барқарор ва адолатли тараққиёти сари йўл” бутунжаҳон саммити иштирокчиларига табрик йўллади.
Давлат раҳбари ушбу анжуманни ташкил этишда ҳамкорлик қилаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФ, Жаҳон банки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро ижтимоий таъминот уюшмаси ҳамда барча ҳамкорларга миннатдорлик билдирди.
"Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, мактабгача таълим имкониятларини кенгайтириш, ижтимоий хизматларни оилаларга яқинлаштириш бўйича ислоҳотларни давом эттирмоқдамиз. Ногиронлиги бўлган болаларнинг таълимда иштирок этиши, болаларни зўравонлик ва эксплуатациядан ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз", дейилади табрикда.
Кенг қамровли ислоҳотлар натижасида туғруқ жараёнида оналар ўлими, болаларнинг ўсишдан ортда қолиши икки баробар қисқарди, мактабгача таълим қамрови 27,7 фоиздан 78 фоизга оширилди, олти ёшли болаларнинг қарийб 100 фоизи мактабга тайёрловга жалб этилди, олий таълим билан қамров 5 баробар – 9 фоиздан 45 фоизга ошди.
Мамлакатимизда яратилган оила ва бола эҳтиёжини барвақт аниқлаб, ёрдам берадиган ижтимоий ҳимоя тизими орқали сўнгги беш йилда болалар камбағаллиги қарийб 4 бараварга қисқарди.
Шу билан бирга кейинги икки йилдаги ислоҳотлар орқали инклюзив мактаблар сони 5 баробар ортиб, ногиронлиги бўлган болаларнинг 85 фоиздан ортиғи таълим хизматларига жалб этилди.
"Қуролли можаролар, мажбурий кўчиш, иқлим ўзгариши ва иқтисодий қийинчиликлар болалар ҳаётига оғир таъсир кўрсатмоқда. Ҳар бир давлат ўз масъулиятини бажариши, халқаро ҳамкорлик эса миллий имкониятларни тўлдириши зарур.
Самарқанддаги мулоқотимизни қуйидаги амалий йўналишларга қаратишни таклиф этаман.
Аввало, бола ҳаётининг илк давридан узлуксиз кўмакни кучайтиришимиз керак. Она саломатлиги, тўғри овқатланиш, эрта ривожланиш ва мактабгача таълимни ўзаро боғлаш муҳим. Эҳтиёж қанча эрта аниқланса, оилага ёрдам шунча ўз вақтида етиб боради.
Болаларнинг оғир касалликларини эрта аниқлаш ва даволашда ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф қиламиз. Хусусан, болалар онкологияси бўйича мутахассислар тажриба алмашиши, ташхис имкониятлари ва сифатли дорилардан фойдаланишни яхшилаш зарур. Боланинг яшаш жойи унинг ёрдам олиш имкониятини чеклаб қўймаслиги керак.
Шу мақсадда Биринчи хонимларнинг болалар онкологияси бўйича халқаро ҳамкорлик ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз. Унинг жамоатчилик ва хайрия салоҳияти тиббий экспертлар тавсиялари, эҳтиёжга асосланган ёрдам ҳамда маблағларнинг очиқ сарфи билан боғланиши мақсадга мувофиқ. Бу ҳамкорлик миллий соғлиқни сақлаш тизимлари имкониятини мустаҳкамлашга хизмат қилиши лозим.
Яна бир устувор вазифа - болалар учун хавфсиз таълим ва рақамли муҳит яратиш. Кибербуллинг, эксплуатация ва шахсий маълумотлардан суиистеъмол қилишга қарши ҳамкорликни кучайтиришимиз зарур.
Айни пайтда болаларнинг билим олиши, ижод қилиши ва хавфсиз мулоқот имкониятларини кенгайтиришимиз керак. Бунинг учун болаларга ҳам, ота-оналар ва педагогларга ҳам рақамли саводхонлик бўйича амалий кўмак лозим.
Болалар иштирокини қарорларимизнинг ажралмас қисмига айлантиришни ҳам таклиф этамиз. Улар учун яратилаётган хизматлар ҳақида ўзларининг фикрини эшитишимиз керак. Бундай иштирок боланинг ёшига мос, ихтиёрий ва хавфсиз ташкил этилиши лозим.
Ушбу йўналишларда ҳамкорликни давом эттириш учун Самарқанд платформасини амалий мулоқот механизми сифатида шакллантиришдан манфаатдормиз. У мавжуд ташкилотлар билан ҳамкорликда самарали тажрибаларни алмашиш, ихтиёрий қўшма лойиҳаларни тайёрлаш ва натижаларни муҳокама қилишга хизмат қилиши мумкин", дея таъкидлайди президент.





